Тараққиётнинг «пўлат из»лари
  • 05 Август 2017

Тараққиётнинг «пўлат из»лари

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари кунини нишонлаш тўғрисида”ги Фармони билан август ойининг биринчи якшанбаси “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари куни” деб эълон қилинди.

Ушбу ҳужжатда қайд этилганидек, темир йўл транспорти соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, мураккаб тоғ ва чўл шароитларида янги темир йўлларни барпо этиш, тезюрар поездлар ҳаракатини ташкил қилиш, линияларни электрлаштириш, юк ва йўловчи вагонларини ишлаб чиқариш бўйича амалга оширилаётган йирик лойиҳалар транспорт инфратузилмасини ривожлантириш баробарида, мамлакатимиз тараққиётига хизмат қилмоқда.

Дарҳақиқат, юртимизда истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб мазкур йўналишдаги ишларга, хусусан, темир йўл тармоғини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Бунинг натижасида ташилаётган юк ва йўловчилар ҳажми ортиши билан бирга, ҳудудларимиз янада обод, аҳоли турмуши эса тобора фаровон бўлиб бораяпти. Чунки транспорт кириб борган жойларда бошқа инфратузилма объектлари ҳам юзага келиши, ривожланиши айни ҳақиқат. Бинобарин, ушбу тармоқдаги ҳар бир лойиҳа кенг қамровли ва аниқ мақсадларга қаратилган. Масалан, ўтган вақт мобайнида Навоий — Учқудуқ — Нукус — Султон Увайстоғ, Тошгузар — Бойсун — Қумқўрғон темир йўл линиялари ишга туширилиши, Амударё устидан маҳобатли кўприк қурилиши, Қамчиқ довони орқали пойтахтимиз ва водий вилоятларига поездлар қатнови йўлга қўйилиши билан республикамизда ягона миллий темир йўл тизими вужудга келди. Темирйўлчиларимиз томонидан барпо этилган кўприклар, пойтахтимизда бугунги кунга келиб шиддат билан қурилаётган метро юртимиз аҳлига янада қулайлик яратиши, шубҳасиз. Тизим корхоналарида тайёрланаётган маҳсулотлар эса бу каби юмушларни ўз вақтида сифатли бажаришда қўл келаётир.

Мамлакатимиз темир йўл транспорти ходимлари касб байрамининг тантанали қисми пойтахтимиздаги Темирйўлчилар маданият саройида ўтказилди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, темирйўлчилар, санъат, маданият соҳаси вакиллари, оммавий -ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон темир йўллари” ак-циядорлик жамияти жамоасига йўллаган табригини Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов ўқиб эшиттирди.

Тадбирда қайд этилганидек, ўтган даврда соҳа мураккаб тикланиш ва ривожланиш йўлини босиб ўтди. Бунда темир йўл транспорти коммуникацияларини ҳамда инфратузилмасини янада ривожлантиришга 7,5 миллиард АҚШ долларилик капитал қўйилмалар, шу жумладан, 2,4 миллиард доллар миқдорида хорижий инвестициялар йўналтирилгани муҳим аҳамият касб этди.

Бу борадаги ишлар бугунги кунда ҳам изчил давом эттирилмоқда. Қайсидир йўналиш бўйлаб электр линиялари тортилаётган бўлса, бошқасида тезюрар поездлар қатнови ташкил қилинаётир. Яқин-яқингача ушалмас орзудек туюлган ушбу йирик лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилиб, тизимдаги улкан бунёдкорлик ишлари тезюрар поезд янглиғ жадал суръатларда олдинга илдамламоқда. Темирйўлчиларимиз мазкур жараёнга фидойи меҳнатлари билан муносиб ҳисса қўшишаётир. 2017 йилнинг биринчи ярмида ўтган йилнинг шу давридагидан 152,3 минг нафар кўп, жами 10,9 миллион йўловчилар ўз манзилига етказилди. Юк ташиш ҳажми эса 33,1 миллион тоннани ташкил этди. Тизим корхоналарида таққослама нархларда 218,2 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилгани, Маҳаллийлаштириш дастурига киритилган 46 та лойиҳа бўйича кўплаб тайёр маҳсулот ва бутловчи буюмлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилгани, айниқса, қувонарлидир.

Таъкидлаш керакки, жорий йилда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 806,08 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция ўзлаштирилиши кўзда тутилган бўлса, амалда улар белгиланган муддатларда жалб этилиб, йирик лойиҳалар рўёбга чиқарилмоқда.

Бунга мисол сифатида шу кунларда Бухоро — Мискин, Урганч — Хива янги темир йўл линияларини қуриш борасидаги ишларни келтириш мумкин. Зотан, уларнинг иқтисодиётимиз барқарорлиги ва халқимиз фаровонлигини таъминлашдаги аҳамияти ниҳоятда юқори. 

Худди шундай “Ўзтемирйўлйўловчи” акциядорлик жамияти буюртмаси асосида “Боштранслойиҳа” акциядорлик жамияти ҳамда “Қурилиш Универсал Компакт Сервис” масъулияти чекланган жамияти томонидан Тошкент — Жанубий темир йўл вокзали биноси ва перрони реконструкция қилиниб, вокзал ҳудуди ободонлаштирилмоқда.

Замонавий архитектура ютуқларига асосан тасдиқланган лойиҳа ҳужжатлари доирасида олиб борилаётган ишлар унинг қиёфасини мутлақо ўзгартириб юборади. Янги вокзалда кутиш ҳамда VIP заллари, она ва бола хонаси, тиббиёт пункти, тамаддихона, ҳаттоки, меҳмонхона ҳам ташкил қилинади. Вокзалдан, қолаверса, поездлар келиб-кетиш даврида салқин ичимликлар савдоси билан шуғулланувчи кўчма савдо пунктлари, газета ва журналлар киоскаси, Wi-Fi интернет хизмати, электрон кутубхона ҳамда миллий совғалар шохобчаси ўрин олади. Бундан кўзланган асосий мақсад йўловчиларга кўпроқ қулайлик яратишдир.

Бугун темир йўл тизимида жадал олиб борилаётган бунёдкорлик ишларини кузатиб беҳад қувонасан, киши. Негаки, бунинг ортидан қанчадан-қанча ҳудудлар обод бўлади. Аҳоли бандлиги таъминланиб, саноат тармоқлари кенгаяди. Темир йўлларда ташувчанлик имконияти ошади. Одамлар ҳаёт даражаси янада юксалади. Тармоқдаги лойиҳалар истиқболда ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилиши билан залворлидир.

Тадбирда Президентимиз Фармонига асосан, бу каби эзгу ишлар рўёбида фидокорона хизмат қилаётган бир гуруҳ темир йўл транспорти ходимларига давлатимизнинг юксак мукофотлари топширилди.

— Давлатимиз раҳбари Фармони туфайли темирйўлчилар байрами илк маротаба расман нишонланаётгани барчамизнинг қалбимизда катта ғурур ва ифтихор туйғуларини уйғотган бўлса, давлат мукофоти билан тақдирланганлар орасида борлигим мен учун катта бахт, — дейди “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, “Ўзтемирйўлмаштаъмир” унитар корхонаси бош директори Нусратилло Абдуллаев. — Президентимиз томонидан йўлланган табрик эса биз, темирйўлчиларга катта ишонч билдирилаётганидан далолатдир. Бу ишончни оқлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Тантанали тадбирда иштирокчилар учун концерт дастури намойиш этилди.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ 

олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn