Азиз манзилнинг улуғ қадри
XS.UZ
Президент қарори:“Мард ўғлон” давлат мукофоти таъсис этилди Меҳнат вазирлиги ҳамда Кичик ва ўрта бизнес конвергент ассоциациялари Уюшмаси (Корея) ўртасида меморандум имзоланди Тошкент – Сеул: Кореялик ишбилармонлардан интервью (Видео) Ўзбекистонда “Hyundai” автомобиллари ишлаб чиқарилади Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида қиймати 12,3 миллиард АҚШ долларидан зиёд бўлган 75 та ҳужжат “Evergreen Holdings” (Корея) Ўзбекистонда цемент заводи қурилиши учун 300 миллион доллар сармоя киритади “Ўзбекенгилсаноат” Корея билан 30 миллион долларлик 7 инвестицион лойиҳа имзоламоқчи Конституциямиз ҳақида қўшиқ куйланди Ўзбекистонда 12 та университет, 28 та мактаб ва лицейда корейс тили фан сифатида ўқитилади Ўзбекистон – Корея: мустаҳкам дўстликка асосланган, стратегик ҳамкорлик (инфографика) Кореянинг “Chung Hospital” шифохонаси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда тиббий муассаса қурилади Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик  Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасидаги сиёсий ҳамкорлик нималарда ўз ифодасини топган? “Тонг бокиралиги ўлкаси” ҳақида биз билган ва билмаган маълумотлар Олий Мажлис Сенати АҚШ Конгресси делегацияси билан учрашди Мирзиёевнинг Кореяга ташрифини ёритиш учун Сеулда матбуот маркази ташкил этилди Абдулазиз Комилов АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси аъзолари гуруҳи билан учрашди "ТС-АПТEКА" автоматлашган ахборот тизими яратилди Бош прокуратуранинг Олий ўқув курслари ҳамда Корея қонунчилик тадқиқоти институти ўртасида меморандум имзоланди Тижорат банклари томонидан кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлашга имтиёзли кредитлар ажратилмоқда Ўзбекистон — Германия: савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик ривожланмоқда Депутатликка  номзодлар  рўйхатга олинди «Ўзбекистон фуқаросиман!» Қурилиш материаллари саноати ва манфаатли алоқалар Коммунал соҳа: хизмат сифати яхшиланмоқда Фермерлик ҳаракати: истиқболи амалиёт, муаммо ва ечимлар. Халқ қабулхонаси: ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири бор Юридик ёрдам кафолатланган Эзгу ғоялар, ёрқин таассуротлар Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда  маҳалла фаолларининг ролини ошириш — давр талаби
  • 02 Август 2017

Азиз манзилнинг улуғ қадри

Қайси даврада Паркентнинг мусаффо об-ҳавоси, гўзал табиати, қўлигул боғбонлари, ширин-шакар узумлари, ёқутранг гилослари ҳақида сўз борса, қувончдан ўзимга сиғмай кетаман. Чунки мен ҳам шу ерликман. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент вилояти сайловчилари билан бўлган учрашувда Паркент истиқболи хусусида билдирган эътирофи, фикр-мулоҳазалари жонажон манзилнинг давлатимизга, халқимизга нақадар азизлиги яна бир бор исботини топди.

“Тошент вилояти қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам катта салоҳият ва кенг имкониятларга эга. Лекин ҳозирги кунда ана шу имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Шунинг учун вилоятда мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини кескин кўпайтириш ва уларни экспорт қилишни янада ошириш, чорвачиликни ривожлантириш борасида ҳар бир туман бўйича алоҳида дастурлар ишлаб чиқилади. Бу йўналишдаги лойиҳаларни молиялаштириш учун туманларга тижорат банклари бириктирилади. Хусусан, Паркент туманида 7 минг гектар лалми майдонлар фермер хўжаликлари ва аҳолига бўлиб берилиб, бу майдонларда янги узумзорлар ташкил этилади. Натижада 15 мингдан ортиқ иш ўринлари яратилади.

Ушбу туманни узумчилик соҳасида намунавий туманга айлантириш бўйича ҳукумат қарорини қабул қилиш кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, туманда Маҳмуд Мирзаев  номидаги боғдорчилик ва узумчилик институти бўлими, “Ўзвиносаноатхолдинг” компаниясининг филиали ташкил этилади”.

Дарҳақиқат, Президентимиз таъкидлаганидек, қисқа муддатда Паркентни узумчилик соҳасида намунавий туманга айлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилди. Шу ўринда мавжуд имкониятлар ҳақида ҳам гапирсак. Ҳудудда 9320 гектар узумзор бўлиб, шундан 8250 гектари (88,6 фоизи) фермер хўжаликларига, 1059 гектари (11,4 фоизи) аҳоли ва деҳқон хўжаликлари ҳиссасига тўғри келади. Умуман, туманда 5296 гектар ҳосилдор, 4024 гектар ёш токзорлар, шу билан бирга, 5230 гектар ерда мевали боғлар бор. Жорий йилнинг баҳор ойида 600 та лойиҳа бўйича тендер танловлари ўтказилиб, янги фермер хўжаликлари ташкил этилди. 250 гектар ерда (24 фоиз) хўраки, 565 гектарда (54 фоиз) кишмишбоп, 235 гектар майдонда (23 фоиз) саноатбоп навли янги токзорлар барпо этилди. Куз ойларида уларнинг майдони яна 1500 гектарга кенгайтирилиши режалаштирилган.

Бинобарин, узумчиликни ривожлантириш мақсадида “Паркент консалтинг техник сервис” масъулияти чекланган жамияти агрофирмаси ташкил этилди. Бу жамият томонидан фермер хўжаликлари фаолияти билан боғлиқ масалалар ҳал этилиб, уларга кўчат, техника, моддий ресурслар етказиб бериш ва хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилди. 

Ҳозирг вақтда Паркентда 26 минг 500 тонна узумни қайта ишлаш қувватига эга 27 та музлаткичли камера мавжуд. 2017 — 2018 йиллар давомида эса 10 минг тонна сиғимга эга ана шундай замонавий омборхоналар қурилади. Жорий йилнинг ўзида 5300 тонна маҳсулот сақлаш қувватига эга махсус камералар ишга туширилади.

Яна бир муҳим масала: давлатимиз раҳбари Паркент туманига ташрифидан сўнг ҳудудда 2 та сув омбори қуришга қарор қилинди. Бу туфайли 5 минг 800 гектар ерни мунтазам обиҳаёт билан таъминлаш имконияти юзага келади. 3 минг 900 гектар лалми ерга сув чиқарилади, 1 минг 900 гектар ерда сув таъминоти яхшиланади. Энг муҳими, 100 миллион доллар инвестиция ҳисобига “Паркент” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилади. 

 

Эзгуликка аталган ҳаёт

Оддий, оқил ва ҳамиятли, ўқимишли, маданиятли инсонларга рўбарў келсак, “палаги тоза одам экан”, деймиз. Фидойи тадбиркор, ташаббускор инсон, ҳамиша эзгу интилишлар билан яшашни хуш кўрадиган Баҳодир Тошпўлатов билан суҳбат қилиб, рости, роса яйрадим. У кишининг падари бузруквори ўз вақтида юртимизда физика-математика фанлари бўйича энг ёш академик бўлган Юнус Тошпўлатовдир. Бобоси Тошпўлат Арслонқулов эса Ўзбекистон халқ рассоми сифатида эъзоз топган. Онаси — Муҳаббат Иноятова Тошкент шаҳрида тиббиёт соҳасида кўп йиллар самарали ишлаб, ҳурмат-эътиборга сазовор бўлган. Бу маърифатли оила икки ўғил, уч қизни олий маълумотли, ўз касбининг устаси қилиб камолга етказган.

Баҳодир эндигина олий маълумот олиб, ота касбини эъзозлаб, илм билан шуғулланиш иштиёқида иш бошлаганида, қарангки, бошқа муҳим соҳага таклиф этилади. Қўшимча маълумот олади. Кейин қарийб 15 йилдан зиёд юртимиз тинчлиги йўлида хизмат қилади. Мустақиллик берган имкониятлар боис тадбиркорликка қўл урди. 1998 йили Самарқанд вилоятида қишлоқ хўжалиги зараркунандаларига қарши кимёвий дорилар ишлаб чиқарадиган завод қурди. Бу корхона пахтакор-фермерлар, боғбон ва деҳқонларимизга арзон маҳсулотлар етказиб бериб, муносиб хизмат кўрсатмоқда. Жумладан, “Отилла”, “Отилла супер”, “Багила”, “Дублет” деган номлар билан ишлаб чиқарилаётган кимёвий дорилар ғалла занги, чигиртка, шира, олма қурти каби кўплаб зараркунандаларга қарши ишлатилади. “П-4” деган дори билан эса чигит экишдан олдин унга ишлов берилади.

Баҳодир Тошпўлатовни Паркентда яхши танишади, ҳурмат қилишади. “Ўзимизнинг одам” деб алоҳида алқашади. Сабаби, Баҳодир ака — ҳақиқий боғбон, узумчиликда донғи кетган миришкор. 2012 йили у яхши ният билан туман ҳокимлигига мурожаат қилади. “Паркент яхши ният” номи билан масъулияти чекланган жамиятни ташкил этади. Тадбиркорнинг истиқболли режаси ҳисобга олиниб, Заркент агрофирмаси балансидаги лалми ерлардан, қирлар бағридан 36 гектар жой ажратилади. Ўз маблағи ҳисобидан дастлаб учта, кейин иккита қудуқ кавлатиб, сув чиқаради. 10 гектарга кишмиш, 16 гектарга Ризамат навли ток кўчатлари экади. Яна 6 гектарга олма, 1 гектарга гилос кўчатларини ўтқазади. Қарангки, бугун “Яхши ният” боғларининг таърифи Ўзбекистонимиздан ўтиб, узоқ ўлкаларгача таралган.

 Баҳодир ака ўз боғига таклиф этганида, рости, кўрдим-у, ҳайратдан тилим, дилим лол бўлиб қолди. Тупроқ йўлларнинг ўнг тарафида водий услубида сўрига кўтарилган узумзорга кўзим тушди. Йўл ёқасига наъматак экилиб, яшил девор ҳосил қилинган. “Булар уч ёшли токзоримиз”, дейди Баҳодир ака. Уч яшар токнинг шунча ҳосил қилганини кўриб, ажабландим. Чунки бизда соҳибкорлар токдан бешинчи йил ҳосил кутишади. Қияликка кўтарилиб, ўнгга бурилдик. Энди икки тарафимизда водий усулида сўриларга 1,8 метр баландликда кўтарилган, ҳам улуғворлиги, ҳам гўзаллиги кишини мафтун этадиган токзор оралаб дала шийпонига бордик. “Бу токзоримиз энди беш ёшга тўлди”, дейди Баҳодир ака. Балки бу сизга — ёлғон, менга — чин: баргидан меваси кўп ранг олган Ризамат узуми кўзни қамаштиради.

Бешта қудуқдан тортиб олинаётган сувлар атрофи мустаҳкам ўралган қўрғондаги катта ҳовузда жамланиб, шу ердан тарқалиб кетади. Замонавий дала шийпонида эса боғбонлар учун сўнгги русумдаги телевизор дейсизми, музлаткич дейсизми, хуллас, ҳамма нарса муҳайё.

Ҳамроҳимдан “Бунга қандай эришдингиз?” дея сўрадим.

— Ўзига эътиборсиз юрган инсон турли касалликларга чалингани каби, ерга қадалган ҳар бир ниҳол қаровга муҳтож, — дедилар Баҳодир ака. — Аввало, биз ток ёки боғ парваришида Маҳмуд Мирзаев каби соҳанинг етук усталари яратиб кетган мактаб сабоқларига, бугунги олимларимиз, кекса боғбон ва соҳибкорларимиз тавсияларига амал қиламиз. Илмий асосланган, тажрибада синалган усулларга таянамиз.

Кўчатни экишдан олдин ҳар бир туп ниҳол тагига 1,5 килограмм биогумус солинади. Кейин 100 грамм темир қириндиси, яна ҳар уч йилда бир марта ток илдизидан ярим метр узоқликда, ярим метр чуқур қазилиб, 15 килограммдан чириган гўнг солинади. Кузда аммофос, кейин калий, карбомит билан ҳам озиқлантирамиз. Буларнинг ҳаммаси, албатта, меъёрида берилади. Ниҳолларнинг ривожига қараб, зарур усулларда парваришлаймиз. Аслида ҳар бир кўчатга тирик мавжудотдек қараш, унинг тилини билиш зарур. Қанча кўп меҳр берсангиз, шунча кўп ҳосил оласиз. Лалми ерда бундай узумзор ва боғ бунёд қилиш учун 3 миллиард сўм сарфладик. 33 гектар токзор ва боғимизда 23 нафар боғбон меҳнат қилади. Ҳар ойда улар ўртача бир миллион сўмгача маош олади. Узумни узиб, ҳосилини сотганимиздан кейин мукофот пули ҳам берамиз.

Баҳодир ака бунёд этган икки минг тонна сиғимга эга музлаткичли камерани кўриб яна бир бор тасанно, дедик. Бу Паркент туманидаги энг йирик ана шундай иншоотлардан. 

— 800 минг АҚШ доллари миқдоридаги кредит ҳисобига Германиядан музлаткич камерасининг ички тузилиши учун зарур ашёларни олдик, — дейди Баҳодир ака. — Ташқи деворлари эса ўз маблағимиз ҳисобидан Туркиядан келтирилган. Ҳозир бу ерда 44 киши иш билан банд. 23 нафар боғбонимиз шу жойда меҳнат қилиб, ёрдам бераяпти. Энди ўз маҳсулотларимизни ҳам, бошқаларникини ҳам музлаткичда сақлаб, ўрни билан экспорт қиламиз.

Мазкур сўзлардан сўнг, албатта, хотиржам тортасиз. Президентимиз таърифлаган, ишонган, ҳамиша қалби уйғоқ, миллатимиз шарафи, иқтисодиётимиз тараққиёти учун фидойилик билан меҳнат қилаётган бундай тадбиркорлар, соҳибкорлар сафи янада кенгайишига ишонч ҳосил қиласиз.

 

Гўзаллик бунёдкори

Гўзаллик кимни мафтун этмайди, дейсиз? Аслида, оламнинг ўзи гўзал. Аммо унга янада чирой бахш этадиган, яратувчи, яшнатувчи инсонлар амалга оширган ишларни кўриб, дил-дилдан яйрайсиз. 

Ана шундай юртдошларимиздан бири — Аминжон ота Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманидаги ҳовлисида 10 метрга 1,5 метр ҳажмда учта иссиқхона қурган. Қаламчадан кўчат етиштиради. “Бир кунда етти бор буғлатиб суғораман, — дейди отахон. — Бир йил қараб, илдиз олдириб, кейин ҳовлимдаги 4 сотих жойда ниҳолларни 2 йил парваришлайман ва ҳозир сиз кўриб турган масканга олиб келиб экаман”.

Биз таъриф бермоқчи бўлган жой — Паркент туманининг дарвозаси ҳисобланмиш Қорақалпоқ қишлоғининг бошланишида. 2003 йилда отахон ўғли Дилшод билан қишлоқ аҳли чиқиндихона қилиб қўйган 2,8 гектар ерни ободонлаштириб, иссиқхона қуриш учун туман ҳокимлигига ариза беради. Айнан шу йили ҳокимлик қарор чиқаради. Лекин иссиқхонани табиий газ билан иситиш учун рухсат бўлмайди. Ота-бола 200 машина чиқинди олиб чиқишади бу ташландиқ жойдан. Кейин чор-атрофини ўрашади. “Шу ерда ҳам бир иш қилиб бўларканми?” деб кулганлар ҳам бўлганди ўшанда. Аминжон ота момосининг исми — “Зуҳра она” номи билан хусусий корхона ташкил этди. Ҳозир бу масканни кўрган одам ҳайратдан лол қолади. Дарвоза очилиб, йўлак бўйлаб кириб бораркансиз, райҳону гулларнинг муаттар бўйи димоғингизга урилади. Дарвозадан ўн беш қадам наридаги иссиқхоналарда  800 туп пальма кўчати барқ уриб ўсаяпти.

Аминжон ота ўғли Дилшод билан бунёд этган бу гўзал масканда Ўзбекистонимиздаги энг улуғвор, кўркам, сарбаланд бинолар, иншоотлар олдида ям-яшил бўлиб турадиган, жуда қиммат баҳоланадиган арчаларнинг барча туридан экилган. Айримларининг бўйи икки метрдан баланд. Баъзиларига шундай гўзал шакллар берилганки, санъатингга қойил, дейсиз. Қисқача айтганда, 2,8 гектар майдонда 20 турдаги 16 минг туп субтропик иқлимда ўсадиган манзарали дарахтлар гуркураб ўсмоқда.

Аминжон  ота камтарлик билан: “Мен бу ерда иш юритувчиман. Ўғлим Дилшоджон корхона раҳбари”, дейди. Нима бўлганда ҳам, қарийб 10 йилдан зиёд бу оила аъзолари давлатдан маблағ олмасдан, сабр-тоқат билан қаламчани ерга қадаб, уни уч йил шаҳардаги ҳовлисида илдиз олдириб, Паркент тупроғида шундай ҳайрат ва ҳавасга арзийдиган манзарали боғ яратиб қўйгани фақат таҳсинга лойиқ.

“Отам мени болалигимда ҳеч тинчитмасдилар, — дейди отахон. — Эрталаб бирон нарсани ҳовлимизнинг бир четидан бошқа жойига ўтказиб қўйишни топширсалар, тушдан кейин яна жойига олиб бориб қўйишимни айтардилар. Бир куни чидай олмай онам раҳматлига шикоят қилдим.

— Ўғлим, отанг айтган ишни қилсанг, нафақат ўзинг тинч юрасан, менинг ҳам қулоғим тинч бўлади, болам. Шу боис гапини икки қилма, — дедилар.

— Ўйлаб кўрсам, отам болаликдан бекорчи юришимизни истамаган. Жуда кўп нохушликлар дайдиб юришдан келиб чиқишини яхши билган эканлар, дейди мамнуният ила Аминжон ота. — Бугун болаликдаги тарбия учун отамдан қанчалар миннатдор эканимни билсангиз эди. Ўзим ҳам фарзандларимни шундай улғайтирганман. Барчаси олий маълумотли. Аммо бир қўлидан кетмон, токқайчи тушмайди. Худо хоҳласа, меҳнатимиз маҳсулини бозорга олиб чиқамиз. Ҳали экспорт ҳам қиламиз. Субтропик дарахт Ўзбекистонда қандай бунёд бўлишини кўриб қўйишсин.

“Яна бир нарсага шукр қиламан, — дейди Аминжон ота, — фарзандларим меҳр-оқибатли, кўзимга тик боқишмайди. Ота-онанинг мол-мулки аслида фарзанд учун хамиртуруш. Ўзлари топганига барака киритади, холос. Энг муҳими, гап — ҳалолликда. Пешона тери билан нимаики бунёд этсангиз, ёруғ юз билан истеъмол қиласиз, ортганини бозорга олиб чиқасиз”.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади”, деган сўзлари мағзини чақиб, уқиб олиш керак. Аввало, эл-юртимиздаги тинчлигимиз учун беҳисоб шукр. Энди ишлайман, насибамни ўзим топаман, деган одамга шароит яратиб бериш шунчалик бўлади-да. Ахир юртда бирон-бир соҳани, элда бирон одамни эътиборсиз қолдираётганлари йўқ-ку! Давлат раҳбари бундан ортиқ нима қилиб берсин?!. Бу — улуғ ҳикмат.

Яқинда Аминжон отанинг боғига Юртбошимиз ҳорманг, деб келиб қолди. Боғни айланиб чин дилдан қувонди. Шундай ажойиб боғ яратгани учун Аминжон отага миннатдорлик билдириб, шундай деди: 

— Одамнинг қўли гул дегани — мана шу. Бу боғ Ватанни севишнинг, меҳнатсеварликнинг яққол намунаси. Отахоннинг тажрибасини ўрганиш, бошқаларга ибрат қилиб кўрсатиш керак. Бу киши қишлоқ хўжалиги соҳасидаги таълим муассасаларида дарс берсин, одамлар келиб бу ишларни ўргансин!

 

Маҳмуд ТОИР, 

Ўзбекистон халқ шоири.

 

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР