Холис сўз, таъсирчан фикр, юксак масъулият
  • 14 Июль 2017

Холис сўз, таъсирчан фикр, юксак масъулият

“Эл-юртимизнинг эзгу орзу-истакларини рўёбга чиқариш, бу йўлда ғов бўлиб турган турли тўсиқларни, бюрократизм, лоқайдлик, тамагирлик, коррупция каби салбий иллатларни дадиллик билан кўтариб чиқиб, уларга қарши муросасиз жамоатчилик фикрини шакллантиришни ўз касби, ўз ҳаётининг маъно-мазмуни деб биладиган журналистларни мен ҳақиқий журналист деб ҳисоблайман”. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган байрам табригидаги ушбу сўзлар биз, соҳа вакилларини чуқур мушоҳадага чорлайди. Ҳақиқий журналист деган номга лойиқ иш, ижод қилаяпманми, фаолият юритаяпманми, деган саволларни ўзига беришга ундайди.

Дарҳақиқат, бугун Ўзбекистон тараққиётнинг янги босқичига қадам қўймоқда. Юртимизда жадал ўзгаришлар, беқиёс янгиланишлар, туб ислоҳотлар амалга оширилаяпти. Кун-кунора турли соҳаларга доир камида 2-3 та Фармон ёки қарор қабул қилинмоқда. Оммавий ахборот воситалари ушбу ҳужжатлар мазмун-моҳиятини тўлиқ ёритишга, қамраб олишга улгурмаяпти, десак, хато бўлмайди. Албатта, буларнинг барчаси, Президентимиз таъбири билан айтганда, яхши ҳаётдан бўлаётгани йўқ, аксинча, кундалик турмушда муаммолар кўплиги ва уларни ҳал қилиш зарурати шуни тақозо этмоқда.

Лекин, афсуски, бундай паллада биз, оммавий ахборот воситалари кўнгилдагидек фаолият юрита олаётганимиз йўқ. Буни чуқур ҳис этиб, ижод жараёнида кўриб, билиб турибмиз. Чунки жамиятимизда кечаётган туб ўзгаришлар оммавий ахборот воситалари зиммасига мамлакатимизда тинчлик-осойишталик, ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, -халқимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини, унинг ўз кучига, эртанги кунга бўлган ишончини ошириш, ҳаётимизда қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш, давлат идоралари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, қисқача айтганда, халқ манфаатининг чинакам ҳимоячиси бўлишдек долзарб вазифаларни қўймоқда. Ваҳолонки, Конституциямизда сўз эркинлиги ҳуқуқи кафолатланган. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга. Мазкур соҳада “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг  очиқлиги тўғрисида”ги 10 дан ортиқ қонунлар қабул қилинган. Бундан ташқари, ОАВ учун солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялари берилган. Ана шундай шароитда биздан талаб қилинадигани — холислик, ҳозиржавоблик, фаоллик! 

Қолаверса, бугун, айниқса, интернет журналистикаси жадал ривожланаётган, электрон оммавий ахборот воситалари фаолият кўлами тубдан ўзгараётган бир шароитда матбуот, аниқроқ айтадиган бўлсак, газеталар иш услубини такомиллаштириш, танқидий ва таҳлилий материаллар салмоғини ошириш, одамларимизни ўйлантираётган муаммо ва нуқсонларни дадил кўтариб чиқиш, уларни, том маънода, тўртинчи ҳокимият, эркин фикр минбарига айлантиришнинг вақти келди. Акс ҳолда, сўзимизнинг таъсирчанлиги пасаяди, давр билан ҳамқадам бўла олмаймиз. 

Шундай экан, биз, журналистлар бунинг учун ўз устимизда кўпроқ ишлашимиз, билим ҳамда малакамизни замон талабига мос равишда ошириб боришимиз, юксак фуқаролик позициясига, маънавий жасоратга эга бўлишимиз зарур.

Адиба УМИРОВА,

«Йилнинг энг фаол журналисти» танлови совриндори.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn