Фарзандлар саломатлигига барча жавобгар
  • 14 Июль 2017

Фарзандлар саломатлигига барча жавобгар

Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги “Машъал” болалар оромгоҳида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси ҳамда бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида “Соғлом турмуш — ҳаётимиз пойдевори” шиори остида спорт мусобақаси ўтказилди.

Мамлакатимизда ёш авлодни маънан ва жисмонан соғлом, ватанпарвар, фидойи этиб тарбиялаш, ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш бўйича барча шарт-шароит яратилган. Олиб борилаётган кўламли саъй-ҳаракатлар келажагимиз ворисларининг ўз иқтидорини рўёбга чиқариши, жамиятда мустаҳкам ўрин эгаллашини кафолатлашга хизмат қилмоқда.

Мусобақада оромгоҳда дам олаётган болалар шашка, сузиш, стол тенниси, югуриш, узунликка сакраш бўйича ўзаро баҳслашди.  “Менинг келажакдаги оилам” мавзуидаги асфальтга расм чизиш беллашуви ҳам барчанинг эътиборини тортди.

— Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, айниқса, қизларнинг ўз саломатлигига бўлган масъулиятини кучайтириш тадбирнинг асосий мақсадидир, — дейди Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси мутахассиси Зумрад Алиева. — Болалар қувончи, шодлиги ва интилишлари мақсадимизга эришганимиздан далолат беради.

Мусобақа ғолиблари ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn