XS.UZ
Ўзбекистон халқ артисти Комилжон Отаниёзов таваллудининг 100 йиллик байрами қатнашчиларига Атоқли санъаткор хотирасига эҳтиром Пойтахтимизнинг «жанубий дарвозаси» янада қулай, шинам ва кўркам бўлади Академия профессионал кадрлар тайёрлаш маскани бўлмоғи лозим Дори-дармон таъминотида сунъий тақчиллик юзага келмайди Сув келтирган элда азиз Ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги даражага олиб чиқиш йўлида Академик Борис Бондаренко Изланиш ва янгича ишлаш самараси аҳоли бандлигини таъминлашда ўз ифодасини топмоқда Жиноятга жазо муқаррар, аммо... Ривожланиш истиқболлари муҳокамаси Ҳамюртимиздан ўтадигани топилмади Нодир асарлар хазинаси «Ягонасан, муқаддас Ватан!» Сиёсий партиялар: Амалий ишлар билан халқ ишончини қозониш мумкин Солиққа оид ўзгаришлар тадбиркорлар манфаатларига хизмат қилади Ишбилармон хотин-қизлар ташаббуси қўллаб-қувватланмоқда Хорижий инвестор: яратиб берилаётган имкониятлардан мамнунмиз Осуда ва хотиржам ҳаёт «Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она» «Нексия» музейдан жой олди Мурожаатлар адолатли ечим топмоқда Асосий мақсад — одил судловни таъминлаш Ҳавзалар баракаси 40 минг тоннага кўпаяди «Муҳаббат оламининг булбули» Юракдан куйланган қўшиқлар «Замонамиз қаҳрамонлари» Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида «Маҳалла ифтихори» — ҳам рағбат, ҳам шараф Депутат «юқори»дан топшириқ кутмаслиги керак
  • 18 Апрель 2017

Юксак масъулият ва ижро интизоми

аҳоли саломатлигини таъминлашда мутасадди идораларнинг асосий вазифаси ҳисобланади

Халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, санитария-эпидемиологик барқарорликни сақлаш тизимли ва қатъий чора-тадбирларни кўришни талаб қилади. Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда мазкур соҳада қабул қилинган қонунлар, Фармон ва қарорлар билан давлат идораларининг, мансабдор шахсларнинг масъулияти оширилди, жамоат ташкилотлари ҳамда фуқароларнинг фаол иштироки рағбатлантирилмоқда. Атроф-муҳит мусаффолиги, ичимлик сувининг яроқлилиги, турли юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш, тўғри ва сифатли овқатланишни тарғиб этиш, оилаларда тиббий маданиятни юксалтириш саъй-ҳаракатларига алоҳида аҳамият қаратилаётир. 2015 йилда қабул қилинган “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Бинобарин, Қонунда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги, давлат санитария назорати, инсоннинг яшаш муҳити, санитария-эпидемиологик вазият, юқумли ва паразитар касалликлар каби тушунчалар моҳияти очиб берилган. 

Бугунги кунда Олий Мажлис Сенати томонидан ушбу ҳужжат нормаларининг сўзсиз ижро этилишини таъминлашда парламент назоратининг таъсирчан механизмларидан фойдаланилмоқда.

Хусусан, яқинда Сенатнинг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ишчи гуруҳи “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонуннинг Сурхондарё вилоятида бажарилишини атрофлича ўрганди. Бу назорат-таҳлил тадбирида асосий эътибор маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва соғлиқни сақлаш идоралари томонидан амалга оширилаётган ишларга қаратилди.

Таҳлиллар кўрсатадики, вилоят, шаҳар ва туманлар давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари томонидан ўта хавфли юқумли касалликларнинг вилоят ҳудудига четдан кириб келиши ва аҳоли ўртасида тарқалишига йўл қўймаслик учун зарур чоралар кўриб борилган.

Ичимлик сувининг сифати устидан мониторинг юритиш, бозорлар, овқатланиш шохобчалари, жамоат жойларида санитария ҳолатини яхшилаш, чиқиндиларнинг инсон саломатлигига салбий таъсирининг олдини олиш, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш масалалари ҳам  доимий эътиборда бўлган. 

Бу йўналишдаги изчил ишлар натижасида вилоятда санитария-эпидемиологик барқарорликни таъминлашга эришилмоқда. Охирги беш йилда ҳудудда хавфли юқумли касалликлардан ҳисобланган шол, қоқшол, қизамиқ, дифтерия умуман қайд этилмаган.

Шу билан бирга, вилоятда қонун ижросини таъминлаш борасида қатор камчиликларга йўл қўйилган, ҳал этилиши лозим бўлган долзарб масалалар юзага келган. Жумладан, халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгаши, унинг тегишли доимий комиссияларининг Қонун ижросини, фуқароларнинг қулай атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини таъминлаш, шунингдек, ҳудудларни ободонлаштириш, озодаликни сақлаш борасида фаоллиги сезилмаяпти. 

Айни пайтда аҳоли тиббий маданиятини юксалтириш, фуқароларга соғлом турмуш қоидаларини, бу борадаги қонун ҳужжатлари моҳиятини етказиш ишларини ҳам талаб даражасида дейиш мушкул. Давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари томонидан профилактика ишлари етарли олиб борилмаётгани оқибатида хўжалик юритувчи субъектларда қонун ҳужжатлари талабларига ва санитария нормаларига риоя этмаслик ҳоллари кузатилади. Буни вилоятда ўтган йил давомида 2 562 та объектда ўтказилган текширув натижасида 1 880 та шахсга нисбатан 872 млн. 355 минг сўмлик жарималар қўлланилгани, 20 та объектни қуриш ва реконструкция қилишда санитария қоидаларига риоя қилинмагани ҳам тасдиқлаб турибди.

Қолаверса, айрим тоифа ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш ишлари ҳам қониқарли эмас. Вилоят бўйича умумий -овқатланиш шохобчаларидаги 61,2 фоиз, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарда ишловчи 48,5 фоиз, даволаш-профилактика муассасаларидаги 10,3 фоиз ходимлар тиббий кўрикдан ўтказилмагани бунинг далилидир.

Табиийки, эпидемиологик осойишталик иммунопрофилактика билан бир қаторда, санитария-гигиена тадбирларининг нечоғли самарали ўтказилишига бевосита боғлиқдир. Тоза ҳаво, сифатли ичимлик суви, хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари — буларнинг барчаси инсонларнинг хотиржам ва фаровон ҳаёт кечиришида ҳал қилувчи ўрин тутади.

Жумладан, Сурхон воҳасида қарийб икки ярим миллион киши истиқомат қилади. Афсуски, тоза ичимлик суви таъминоти нафақат олис қишлоқларда, балки қатор туманлар марказларида ҳам долзарблигича қолмоқда. Вилоят аҳолисининг 43,6 фоизи тоза ичимлик суви билан таъминланмаган. Шу туфайли аҳолига сув махсус техникалар орқали етказиб берилаяпти, муқобил (булоқ, қудуқ) сув манбаларидан фойдаланилмоқда.

Вилоятнинг қатор туманларида сув қувурлари тармоқларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш масаласи эътибордан мутлақо четда қолганлиги, бу соҳага охирги йилларда етарли даражада маблағ ажратилмаганлиги сабабли мавжуд қувурлар яроқсиз ҳолатга келган. Ичимлик суви тармоқларининг ишдан чиқиши оқибатида одамлар санитария талабларига жавоб бермайдиган ариқ ва қудуқ сувларидан ичишга мажбур бўлмоқда. Аксарият туманлар тиббиёт бирлашмаларига қарашли кўплаб қишлоқ врачлик пунктлари ичимлик суви билан таъминланмагани, айниқса, ташвишланарлидир.

Маълумки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан шаҳарларимиз ва қишлоқ аҳоли пунктларининг тозалиги ҳамда озодалигини сақлаш, атроф-муҳитни заҳарлайдиган, аҳоли саломатлиги учун хавф туғдирадиган, ноқонуний чиқиндилар -ташланаётган жойларни йўқ қилиш мақсадида зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. 

Сурхондарё вилоятидаги шаҳар ва туманлар ҳудудларида чиқинди йиғиш майдончалари сони 1129 тани ташкил этади. Ҳозирги кунда ҳудудларда ноқонуний ҳосил бўлган чиқинди жойларининг умумий сони олтмишга яқин. Айрим туманлардан маиший чиқиндилар ўз вақтида олиб чиқилмаяпти. Бу борада тегишли йўналишлар жадваллари махсус техника кесимида ишлаб чиқилганлигига қарамасдан, амалда мазкур жадвалга риоя қилинмаётир. Техникалар етарли эмаслиги туфайли фақатгина туман марказларидаги маҳаллаларга хизмат кўрсатилмоқда, холос. Масалан, Қизириқ тумани аҳолисининг 81,1 фоизи, мавжуд корхона ва ташкилотларнинг 

65 фоизи билан чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича шартномалар тузилмаган. Чиқинди йиғиш майдончаларини зарарсизлантириш (дезинфекция) ишлари эса ўз ҳолига ташлаб қўйилган.

Туманлардаги бозорлар, савдо ва умумий овқатланиш шохобчаларида санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинишига оид ишларни ҳам намунали, деб бўлмайди. 

Вилоятда коммунал хизматларни  кўрсатувчи корхоналар, давлат санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа идора ҳамда ташкилотлар раҳбарлари аҳоли яшаш жойларининг санитария ҳолатига юксак даражада эътибор қаратиши айни зарурат ҳисобланади. Маҳаллий ҳокимликлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари бу ишлардан четда турмаслиги, санитария-эпидемиология хизматлари мутасаддилари қонуний ваколатларидан тўлиқ фойдаланиб, самарали назоратни таъминлаши мақсадга мувофиқ, албатта.

Олий Мажлис Сенати аъзолари мазкур муаммоларни вилоят фаоллари, туманлар ва шаҳарлар мутасаддилари билан атрофлича муҳокама қилиб, уларнинг ечими юзасидан ўзаро фикр алмашишди, тегишли тавсиялар берилди. Бинобарин, санитария-эпидемиология хизматини замон талаблари асосида такомиллаштириш аҳолининг саломатлиги ва осойишта -турмушини таъминлашда муҳим омил бўлиб, бунинг замирида инсон манфаатлари устуворлиги мужассамдир.

Гавҳар АЛИМОВА,

Ўзбекистон Республикаси 

Олий Мажлиси Сенати Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари.

 

 

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+

Кўп ўқилган