XS.UZ
Ташқи ишлар вазирлигида учрашув ШҲТ: Тинчлик ва ҳамжиҳатлик йўлидаги ҳамкорлик истиқболлари Савдо-иқтисодий алоқалар мустаҳкамланмоқда Ҳаракатлар стратегияси Барқарор ривожланиш мақсадларига уйғундир Соғлом турмуш тарзи тарғиботи «Юқори маошли ва обрўли ишга киришни хоҳлайман» Юртни мадҳ этган шоир Ғолиблар аниқланди Иқлим ўзгаришларига мослашиш экологик муаммоларнинг салбий оқибатларини юмшатишга хизмат қилади Ўзбек саҳнасида жаҳон классик мусиқасидан намуналар янгради Ўзбекистон Президенти Туркия ташқи ишлар вазирини қабул қилди Ўзбекистон Президенти АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондонини қабул қилди Мевлут Чавушўғлу: ҳамкорликнинг янги саҳифалари Очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат Фаластин делегациясининг учрашувлари Оила юртдошларимиз учун олий қадрият ҳисобланади Имтиёз ва енгилликлар истиқболли лойиҳаларга йўл очмоқда Фракцияларда долзарб масалалар кўриб чиқилди Инсон хотираси боқий, қадр-қиммати улуғ Дастлабки чорак таҳлили Унутилмас кун қувончи Инновацион ва ижодий ғоялар намойиши Янги маслаҳатчилар ўз фаолиятларини бошлади «Ёш чегарачилар» беллашдилар «Энг намунали оила» республика танлови Қўшиқларга кўчган қалб туғёни 2017 — 2021 йилларда кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари Миллат ифтихори, фахр ва ғурури Ҳудудий саноат ярмаркалари Фаровон ҳаёт завқи
  • 18 Январь 2017

Аҳоли саломатлиги учун жавобгармиз

Бу биздан касбга садоқат ва фидойилик кўрсатиб ишлашни талаб этади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан учрашувини кўриб, унда жуда кўп ҳаётий муаммолар тилга олинганлигига гувоҳ бўлдик. Тиббиётнинг биринчи бўғинидан тортиб, ихтисослаштирилган марказлар фаолиятини тўғри ташкил этиш борасида аниқ йўналиш ва чора-тадбирлар белгилаб берилгани ҳам тизимда хизмат кўрсатиш механизмини ўзгартиришда муҳим мезондир.

Кексаларимиз дуога қўл очганида: “Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, тани-жонимиз соғ бўлсин”, дейди. Бинобарин, энг муҳими, аҳолининг тинчлиги ва соғлиғи экан, тиббиёт ходимлари олдига қўйилаётган талаблар ниҳоятда долзарб масала.

Бугун халқимизнинг тиббий маданияти юксалиб, энг илғор тиббий хизмат кўрсатилишини истайди. Шу боис биз замонавий ютуқларни, даволаш усулларини ўзлаштирмоғимиз зарур. 2017 йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинганида ҳам катта маъно мужассам. Зеро, инсон манфаатлари деганда, аввало, унинг саломатлиги, замонавий тиббий хизматдан тўлақонли фойдаланиши кўз олдимизда гавдаланади.

Лекин таъкидланганидек, соҳада камчиликлар жуда кўп, бугун мавжуд муаммоларнинг ечимини топмасак, эртага кеч бўлади. Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, вилоятимиз аҳолисига 10 та оилавий, 14 та кўп тармоқли марказий поликлиника, 256 та қишлоқ врачлик пункти бирламчи тиббий хизматни кўрсатмоқда. Айни пайтда уйма-уй кириб, қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини хатловдан ўтказишни бошладик. Дастлабки натижаларни таҳлил қилиб, аҳолининг дардини, эҳтиёжларини ўрганиб, жуда кўп маълумотларга эга бўлаяпмиз. Президентимиз айтганларидек, ҳар бир раҳбар пастки бўғингача тушиб, муаммони ўз кўзи билан кўриб, ўрганса, ишда унум бўларкан. Шу маънода, бугун вилоятдаги барча оилавий поликлиника бошлиқлари, туман тиббиёт бирлашмасининг раҳбарлари чақириқларга тез тиббий ёрдам бригадаси билан бирга боришаяпти. Натижада тез тиббий ёрдам бўлими ва оилавий поликлиникалар ўртасида узвий боғлиқлик пайдо бўлаяпти, тез тиббий ёрдамга мурожаат қилган фуқаро шохобча шифокори ва ҳамшираси томонидан назоратга олинаяпти.

Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари фаолиятини вилоятлар аҳолисига яқинлаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ҳақиқатан ҳам, вилоятимизда ихтисослаштирилган марказларга бориб даволаниш илинжида навбатда турган фуқароларимиз кўп. Агар ана шу марказлар мутахассислари ҳар бир туманга келиб, тиббий хизматга муҳтож аҳолига шу ернинг ўзида кўмаклашса, узоқ қишлоқларда истиқомат қилувчи кишилар учун улкан мадад бўларди. Яқинда вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига бир бемор жигар циррози туфайли қизилўнгачдан қон кетиб қолганлиги учун реанимация бўлимига қабул қилинди. Беморга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш учун Тошкент шаҳридан мутахассис етиб келиб, вилоят шифокорлари билан биргаликда оғир операцияни амалга оширишди. Бу ҳолат бемор учун иқтисодий -томондан енгиллик яратган бўлса, шифокорларимиз учун ҳақиқий маҳорат дарси бўлди.

Вилоят аҳолисига ихтисослаштирилган тиббий хизматни яқинлаштириш мақсадида туман тиббиёт бирлашмаларидаги марказий шифохоналарда туманлараро ихтисослаштирилган нейрохирургия, травматология, неврология, кардиология, эндокринология бўлимларини очиш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлигига таклифлар тайёрлаяпмиз.

Ҳар бир туманда тор доирадаги мутахассисларни тайёрлаш масаласига давлатимиз раҳбари алоҳида эътибор қаратдилар. Бу борада вилоят тиббиёт марказлари, туман тиббиёт бирлашмаларидан мутахассисларни тайёрлаш манзилли дастури устида ишлаяпмиз.

Президентимиз тиббиёт соҳасида бажарилиши лозим бўлган ишлар, ечимини кутаётган муаммолар ҳақида тўхталар экан, хотин-қизлар учун алоҳида поликлиникалар қуриш хусусида таклиф берди. Бу таклиф, айтиш жоизки, кўнглимиздаги гап бўлди. Негаки, халқимизга хос ибо-ҳаё, уят, тортиниш ҳисси кўп ҳолларда хотин-қизларимизнинг дардларини яширишларига сабаб бўлади. Агар улар учун махсус даволаш муассасалари ташкил этилса, бу нафақат бўлғуси оналар дардига дармон бўлади, шу билан бирга, навқирон авлоднинг соғ-саломат туғилиши ҳамда улғайишини кафолатлайди.

Мажлисда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш соҳасини янада ривожлантириш, кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини халқаро стандартлар даражасига кўтариш, ёш мутахассисларни тарбиялаш жараёнига илғор таълим технологияларини кенг жорий этиш, дунёнинг етакчи тиббиёт марказлари ва ўқув муассасалари, таниқли олимлар ҳамда мутахассислар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва бошқа долзарб масалалар юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.

Тадбирда билдирилган ҳар бир фикр ва мулоҳаза биз, шифокорлар зиммасидаги масъулиятни ошириш билан бирга, барчамизни янада фидойилик кўрсатиб ишлашга чорлайди. Зеро, халқнинг розилигини олиш, уларга хизмат қилиш, Президентимиз таъбири билан айтганда, ўзимизга ишонтириш — энг олий саодат.

 

Умида ҒОЗИЕВА,

Қашқадарё вилояти

соғлиқни сақлаш

бошқармаси бошлиғининг

биринчи ўринбосари.

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+

Кўп ўқилган