XS.UZ
Ўзбекистон — Қозоғистон: азалий дўстлик ва стратегик шерикликка асосланган ҳамкорликнинг янги босқичи Спортчи қизларга — Президент совғалари Қозоғистонда Ўзбекистон саноатининг салоҳияти намойиш этилди Маҳаллийлаштириш: Имконият ва истиқбол Асосий мақсад — таълим сифати ва самарадорлигини ошириш Битирувчиларга имтиёзли кредитлар Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олди олинмоқда Сен борсан — мен борман, биз бормиз, Ватан... Меҳр-оқибат ва эзгулик айёми Буюк алломага эҳтиром Замонавий корпоратив бошқарув усуллари бизнесни самарали ташкил этиш гаровидир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига Фаровон ҳаёт, шоду хуррамлик ва укроналик Хорижлик дипломатлар Ўзбекистон халқини Наврўз байрами билан қутладилар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси тўғрисида ахборот Ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва эзгулик ифодаси Журналистлик фаолияти истиқболи ва қонунчилик Ҳамкорлик учун қулай марказ «Қучоқ очиб халқ ичига борайлик...» Ўзбекистон халқига Наврўз табриги Бахтли-саодатли халқимизнинг энг қадимий ва файзли байрами Ўзбекистон ва Россия Президентлари бир-бирларини қутладилар Ўзбекистон ва Ҳиндистон Президентлари бир-бирларини қутладилар Ерик Утембаев: тинчлик, бирдамлик ва эзгулик айёми МДҲда энг бахтли мамлакат «Бу дамки эсиб насими наврўз...» Меҳр-мурувват ва ҳамжиҳатлик тимсоли Янги корхона иш бошлади Таъсис конференциялари ўтказилмоқда Қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолияти депутатлар диққат марказида
  • 08 Ноябрь 2016

Инсон саломатлиги ва атроф-муҳит мусаффолиги

аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг пировард мақсадидир

Аввал хабар қилганимиздек, бугун Тошкентда I Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси бўлиб ўтади.
Айни пайтда ривожланган давлатлар органик қишлоқ хўжалигини тараққий топтириш жараёнига жиддий эътибор қаратишмоқда. Чунки деҳқончиликнинг бу усули озиқ-овқат маҳсулотларининг табиийлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, айниқса, тобора кенг тарқалаётган ген-модификацияланган истеъмол товарларидан ҳимояланишнинг мақбул йўлидир. Зеро, органик қишлоқ хўжалиги атроф-муҳитга зарар етказадиган кимёвий воситалардан фойдаланмасдан биологик хилмахилликни сақлайди, агроэкотизимнинг санитария ҳолатини яхшилайди, инсон саломатлигини муҳофаза қилади.
Бинобарин, Ўзбекистонда шаклланган кўп асрлик анъанавий деҳқончилик маданияти маҳаллий ўғитлардан фойдаланишни кўзда тутадиган органик қишлоқ хўжалиги тамойилларига асосланганлиги билан ажралиб туради. Шу боис заминимизда етиштирилган мева-сабзавот, узум, картошка ва полиз маҳсулотлари ўзига хос таъми, юқори сифатига кўра устунликка эга.
— Пишиқчилик мавсумида пайкал оралаган киши мева-сабзавотларнинг хуш бўйидан роҳатланади, — дейди Андижон вилоятидаги “Армуғон Олтинкўл” боғдорчилик фермер хўжалиги раҳбари Икромали Ҳамроқулов. — Юртимизда озиқ-овқат экинлари ва мевали дарахтларнинг асл навлари анъанавий технологиялар асосида парваришланади. Ҳосилдорликни ошириш мақсадида кимёвий ўғитлардан фойдаланилмайди, ўсишни тезлаштирадиган воситалар ҳам қўлланилмайди. Шундоқ ҳам заминимиз саховатли, тупроғимиз унумдор. Масалан, бизнинг фермер хўжалигимизда бу йил 20 гектар майдондаги олмазорнинг ҳар гектаридан 20 тоннадан мева териб олдик. 10 гектар майдондаги гилос ҳамда токзорнинг ҳосили ҳам кўнгилдагидек бўлди. Бу ноз-неъматларни буюртмачиларга сархил ҳолда етказиб бериш мақсадида сиғими 1,5 минг тонналик замонавий омборхонани ишга туширганмиз.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Сабзавот-полизчиликни, боғдорчиликни, узумчиликни ривожлантириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бошқармаси бошлиғи Фахриддин Қирғизбоевнинг айтишича, мамлакатимизда органик қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш мақсадида БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) билан ҳамкорликда истиқболли лойиҳалар амалга ошириб келинаётгани халқаро доирада ҳам юқори баҳоланмоқда. Сабаби, нафақат озиқ-овқат экинлари, балки пахтачилик тармоғида ҳам кимёвий воситалар, пестицидлар, гормональ препаратлардан деярли фойдаланилмайди.
Дарҳақиқат, селекционер олимларимиз томонидан сабзавот, полиз экинлари ва картошканинг 170, мева ва резавор экинлар ҳамда узумнинг 175 дан зиёд навлари яратилган бўлиб, улар ҳосилдорлиги, касаллик ҳамда зараркунандаларга чидамлилиги, энг асосийси, генларни модификация қилиш технологияларидан бутунлай холи эканлиги билан ажралиб туради. Натижада етиштирилаётган мева-сабзавот маҳсулотларимизга хорижда ҳам талаб йил сайин ортмоқда. 
— Ўтган йили фермер хўжалигимиз тасарруфидаги 140 гектар майдонга олма, олхўри, нок, ўрик, шафтоли, гилос каби мевали дарахтларнинг пакана навларини экиб, интенсив боғ яратган эдик, — дейди Юқори Чирчиқ туманидаги “Eco Agro Product” фермер хўжалиги иш юритувчиси Шаҳзод Эргашев. — Агротехника тадбирлари обитобида олиб борилиб, ҳар бир кўчат алоҳида меҳр билан парваришлангани туфайли иккинчи йилдаёқ мўл ҳосил берди. Бунда томчилатиб суғориш тизимини йўлга қўйганимиз, органик ва маҳаллий ўғитни “шарбат” усулда берганимиз қўл келди. Жорий йилнинг ўзида гектаридан 10 тоннадан мева териб олиб, МДҲ ва Европа мамлакатларидаги буюртмачиларга жўнатаяпмиз.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, қишлоқ хўжалиги экинлари парваришида маҳаллий ўғитдан фойдаланишнинг афзал жиҳатлари кўп. Аввало, у арзон, самарали, атроф-муҳит учун безарардир. Қолаверса, сув ресурсларини тежаш имконини беради. Негаки, “шарбат” оқизилган қатор ораларида намлик узоқ сақланиб, кейинги суғоришгача бўлган муддат бир неча кунга узаяди. Ҳосилдорлик эса ортади. 
Юртимизда ҳосил кушандаларига қарши курашишда ҳам, асосан, биологик усул қўлланилаётгани органик қишлоқ хўжалиги талаблари тўлиқ бажарилаётганидан далолатдир. Бироқ бундай усулда етиштирилган маҳсулотларимизнинг экологик тоза эканлигини тасдиқловчи меъёрлар ва стандартлар ҳали тайёрланмагани нарх белгилаш, экспорт амалиётларини бажаришга муайян даражада ўз таъсирини кўрсатмай қолмаяпти. Ахир органик маҳсулотнинг баҳоси нисбатан юқори бўлса-да, унга талаб дунё бозорларида йилига ўртача 10 фоиз ўсмоқда. Бундан, айниқса, органик ишлаб чиқариш стандартларига эга дунёнинг 55 мамлакати яхши наф кўраяпти.
Шу боис ҳозирги пайтда республикамизда органик тоза маҳсулот стандартлари, уларни тартибга соладиган ва маркировка қиладиган ҳуқуқий асослар яратилмоқда. “Органик қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари. Атамалар ва таърифлар” давлат стандарти ишлаб чиқилгани бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг дастлабки натижасидир.
— Корхонамиз томонидан 25 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмолчиларга қадоқланган ҳолда етказиб берилаяпти, — дейди  “Ливадия-Бухара” хусусий корхонаси раҳбари Илҳом Сайфиев. — Улар экологик тоза, сифати юқорилиги боис ташқи бозорда рақобатдош. Мисол учун, бу йил хорижга 300 минг АҚШ долларилик истеъмол товарларини сотиш юзасидан шартнома тузганмиз. Агар маҳсулотларимизни “органик” деган мақом остида тақдим қилсак, экспорт кўрсаткичларимиз бир неча баробар ортиши, шубҳасиз.
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли озиқ-овқат экин майдонлари кенгайтирилиб, уларнинг парваришида органик, биологик ва маҳаллий ўғитлардан фойдаланилмоқда. Ҳатто қайта ишлаш, сақлаш жараёнида ҳам сунъий қўшимчалар қўшилишига йўл қўйилмаяпти. Бундан кўзланган асосий мақсад эса битта: табиий ва экологик тоза маҳсулотлар етказиб беришни кўпайтириш, тармоқнинг экспорт салоҳиятини юксалтириш.


Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+