Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди!
  • 12 Август 2014

Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди!

Мамлакатимизда навбатдаги саломатлик ҳафталиги бошланди.

Бу галги ижтимоий акция Мустақиллигимизнинг 23 йиллигига бағишлаб ҳамда Президентимизнинг шу йил 19 февралдаги “Соғлом бола йили” Давлат дастури тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган ҳафталик давомида ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, илмий текшириш институтлари ва тиббиёт йўналишидаги олий таълим муассасаларининг 300 нафардан зиёд фан докторлари, профессорлари, доцентлари ҳамда малакали шифокорлари юртимизнинг барча ҳудудида бўлиб, аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишади.

Ҳар бир инсон бу дунёга бахтли яшаш учун келади. Бундай юксак орзуга эришишнинг омиллари кўп. Аммо улардан энг муҳимлари тинч ва осойишта, сиҳат-саломатликда ҳаёт кечиришдир. Истиқлол бизга ана шундай бебаҳо неъматлардан баҳраманд бўлиш имконини берди. Хусусан, соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида аҳолининг малакали тиббий хизматдан фойдаланиши учун зарур шарт-шароитлар яратилди. Оналик ва болаликни муҳофаза қилишнинг ўзига хос миллий модели шакллантирилди. Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 28 ноябрдаги “Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этаётир.

2014 йилнинг мамлакатимизда “Соғлом  бола  йили” деб номлангани ва шу асосда Давлат дастури қабул қилингани замирида ҳам ҳар томонлама соғлом авлодни вояга етказишга қаратилган ишларни изчил давом эттириш ва юксак босқичга кўтаришдек эзгу мақсад мужассам.

Қайд этиш жоиз, юртимиз тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар боис барча вилоятлардаги соғлиқни сақлаш муассасалари, чекка туманлар шифохоналари ҳам замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланаётгани тиббий кўрикларни самарали ўтказишда қўл келмоқда. Юксак малакали шифокорлар ҳар бир туман тиббиёт бирлашмаси, кўп тармоқли ва оилавий поликлиникалар ҳамда қишлоқ врачлик пунктларининг ўзидаги замонавий тиббий технологиялар ёрдамида беморларга аниқ ташхис қўйишмоқда. Қишлоқлар аҳолиси, диспансер ҳисобида турадиган беморлар, ногиронлар, ёшлар ва хотин-қизларга зарур кўмак ҳамда тавсиялар берилаётир.

Саломатлик ҳафталиги шарофати билан кўпчиликнинг узоғи яқин бўлмоқда. Табиийки, мамлакатимиз пойтахтидан малакали шифокорларнинг чекка ҳудудларга бориб, у ерда истиқомат қилувчи каттаю кичикнинг аҳволидан хабар олиши, саломатлиги билан қизиқиши ҳеч кимни бефарқ қолдирмаяпти. Шунинг учун бўлса керак, бу галги ҳафталикнинг қамрови янада кенгайди: жарроҳ, акушер-гинеколог, терапевт, педиатр, невропатолог, кардиолог, эндокринолог, офтальмолог, оториноларинголог, уролог, ортопед-травматолог, стоматолог,  дерматовенеролог каби ўнлаб мутахассислар турли ёшдаги аҳолини малакали тиббий текширувдан ўтказади.

— Истиқлолнинг илк йиллариданоқ Президентимиз инсон ва унинг манфаатлари ҳамма нарсадан устун эканлигини таъкидлаб, соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш масаласига энг муҳим устувор вазифалардан бири сифатида эътибор қаратганлари ўзининг юксак натижаларини бермоқда, — дейди Республика ихтисослаштирилган хирургия маркази директори Феруз Назиров. — Ўзбекистон тиббиётида эришилаётган ютуқлар бугун халқаро миқёсда ҳам алоҳида эътироф этилаяпти. Бу бежиз эмас. Чунки ўтган йиллар давомида соҳада илғор шакл ва услублар амалиётга жорий этилди. Жойларда бирламчи бўғиннинг янги, ихчам ва замонавий тизими — қишлоқ врачлик пунктлари, шунингдек, туман тиббиёт бирлашмалари фаолияти йўлга қўйилди. Ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг ташкил этилгани эса тизимга замонавий технологияларни татбиқ қилиш, тиббий хизмат кўламини янада кенгайтириш, кадрлар салоҳиятини ошириш имконини бермоқда.

Юртимизда яратилган миллий моделнинг алоҳида ажралиб турадиган тарафларидан бири шундаки, бизда энг чекка аҳоли пунктларида яшовчи фуқароларга ҳам худди шаҳарлардаги каби малакали тиббий ёрдам кўрсатилади. Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган саломатлик ҳафталиклари ҳам бунга бир мисолдир. Ушбу ижтимоий акцияда марказимизнинг энг тажрибали мутахассислари билан иштирок этаяпмиз. Аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиб, уларга зарур тавсиялар бермоқдамиз.

Шу ўринда айтиш жоиз, ўтган йили Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил этилган шундай тадбирлар натижасида туғуруқ ёшидаги 7 миллион аёл ҳамда 7 миллион 300 минг нафар бола тиббий кўрикдан ўтказилди, 195 минг нафар ёлғиз қариялар, ногирон ва пенсионерларга тиббий ёрдам кўрсатилди.

Қолаверса, 2013 йилда тиббиёт-санитария соҳасида биринчи ёрдам кўрсатиш оилавий тиббиёт тамойили асосида ишлаш шаклига ўтказилди. Бу эса юртимиз соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш бўйича жорий этилаётган чора-тадбирларда муҳим қадам сифатида қайд этилаяпти. Бундай ўзгариш қишлоқ жойларда, айниқса, чекка туманларда яшаётган 14 миллион 600 минг нафар аҳолига малакали тиббий ёрдамдан фойдаланиш имконини берди.

Туғиш ёшидаги аёллар, шунингдек, болалар ва ўсмирларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўлиқ таъминланди. 2011 — 2013 йилларда 535 минг нафар  ҳомиладор аёл ирсий ва туғма касалликлар бўйича текширувдан ўтказилди. Бу 2013 йилда қарийб 2,7 минг боланинг туғма хасталиклар ва ривожланишдаги нуқсонлар билан туғилишининг олдини олиш имконини берди. Қисқача айтганда, “Она ва бола скрининги” дастури амалга оширилиши натижасида туғма нуқсонли болалар туғилиши 2000 йилдан буён 1,8 марта камайди. Бугунги кунда мамлакатимиз болаларининг 92 фоизи ривожланиш кўрсаткичлари бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келади.

Аҳолининг репродуктив саломатлигини асраш борасида қабул қилинган дастурларда белгиланган вазифалар босқичма-босқич бажарилиши натижасида фертиль ёшидаги аёлларни мукаммал тиббий  кўрикдан ўтказиш йўлга қўйилди.

Мустақиллик йилларида юртимизда оналар ўлими 3,1 баробар, гўдаклар ўлими 3,2 баробар камайгани, одамларимизнинг ўртача умр кўриш даражаси 66 ёшдан 73,5 ёшга узайгани аҳоли саломатлиги мустаҳкамланиб, турмуш даражаси ошиб бораётганидан далолат беради.

Мамлакатимизда замонавий шифо масканларини бунёд этиш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилган дастлабки босқичдаги чора-тадбирлар туфайли аҳоли саломатлигини янада яхшилашга эришилган бўлса, энди асосий эътибор касалликларнинг олдини олиш, аҳолининг тиббий маданиятини янада юксалтиришга қаратилмоқда. Мамлакатимиз бўйлаб “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остида бошланган навбатдаги ҳафталикдан кўзланган мақсад ҳам ана шундан иборат. Тадбир давомида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ёшларда соғлом оила қуришга интилишни кучайтириш, юқумли касалликларнинг олдини олиш бўйича тушунтириш-тарғибот ишлари ҳам олиб борилади. Шунингдек, “Соғлом бола йили” Давлат дастурининг мақсад ва вазифалари, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасидаги ишлар, қариндошлар ўртасидаги ҳамда эрта никоҳнинг салбий оқибатлари каби мавзуларда мулоқотлар ўтказиш кўзда тутилган.

Кеча мазкур ҳафталик доирасида Тошкент вилоятининг Зангиота тумани кўп тармоқли поликлиникасида ҳам ёш болали аёллар, хотин-қизлар, онахонлар, отахонлар тиббий кўрикдан ўтказилди.

— Туманимизда 359 минг 888 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шундан 91795 нафари туғиш ёшидаги аёллар бўлса, 123 минг 36 нафари болалардир, — дейди Зангиота тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Равшан Сайдарипов. — Уларнинг ҳар бири шифокорларимизнинг эътиборида, назоратида. Шунингдек, оилаларга мутахассисларнинг бириктирилганлиги ҳам аҳоли саломатлигидан мунтазам хабардор бўлиб туришимизга имкон бермоқда. Саломатлик ҳафталиги доирасида ўтказилаётган тадбирлардан аҳоли жудаям мамнун. Буни шифокорлар кўригига келаётган турли ёшдаги фуқароларнинг самимий дил изҳорларидан ҳам англаш мумкин.

— 76 ёшдаман, — дейди мазкур туманнинг Эшонгузар маҳалласида яшовчи Наима Бадалова. — Соғлиғимга доим эътибор билан қарайман. Шифокорларнинг маслаҳатларини олиб тураман. Мана, бугун пойтахтдан келган мутахассислар қабулида бўлдим. Кардиолог, невропатолог, терапевт каби мутахассислар энг замонавий технологиялар ёрдамида тиббий кўрикдан ўтказишди. Жиддий касаллигим йўқлигини эшитиб, жудаям хурсанд бўлдим. Шифокорлар саломатлигимни янада мустаҳкамлашим учун нималарга эътибор қаратишим кераклиги хусусида ҳам ўз тавсияларини беришди. Уларга қатъий амал қиламан. Бизга кўрсатилаётган бундай юксак эътибор ва ғамхўрлик учун Президентимиздан миннатдормиз.

— Ҳар бир киши, ҳеч бўлмаса, йилига бир марта чуқур тиббий кўрикдан ўтиб тургани маъқул, — дейди Эркин маҳалласида истиқомат қилувчи Марҳабо Шокирова. — Биз шунга амал қиламиз. Бугун қизим Дилрабони шифокорлар чуқур тиббий кўрикдан ўтказиб, саломатлиги жойида эканлигини айтишди. Она учун фарзандининг соғлиғидан ҳам ортиқроқ қувонч борми дунёда?! Уйга яхши кайфиятда қайтаяпмиз.

Яна бир гап. Бундай кенг қамровли тадбирларда вилоят ва туман соғлиқни сақлаш бошқармалари ходимлари пойтахтдан ташриф буюрган малакали шифокорлар билан ёнма-ён иштирок этаётгани уларнинг тажриба орттириши, соҳадаги янгиликлардан хабардор бўлиши, ўзаро фикр алмашиши учун ҳам яхши имкониятдир.

“Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остидаги саломатлик ҳафталиги 16 августга қадар давом этади.

 

Фурқат САНАЕВ,

Шавкат ОРТИҚОВ.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn