Нега Пахтаобод туман тиббиёт бирлашмаси тизимидаги 8 нафар раҳбар ходим вазифасидан озод этилди?
  • 08 Февраль 2018

Нега Пахтаобод туман тиббиёт бирлашмаси тизимидаги 8 нафар раҳбар ходим вазифасидан озод этилди?

Соғлиқни сақлаш соҳасида бирламчи тиббиёт тизими ривожисиз юқори натижага эришиш мушкул. Шу боис давлатимиз раҳбари бирламчи бўғинни такомиллаштириш, фаолияти самарадорлигини ошириш, бунда ҳар бир раҳбарни қатъий тартиб-интизом билан, шахсий жавобгарликни ҳис қилиб ишлашга ундамоқда. 

Бу талабга жавоб бера олмаган, халқимиз олдидаги масъулиятни ҳис қилмаган раҳбар эса, албатта, ўз вазифасига номуносиб деб топилади. Андижон вилояти Пахтаобод тумани тиббиёт бирлашмаси фаолияти юзасидан олиб борилган ўрганишлар натижасида туман тиббиёт бирлашмаси тизимида фаолият юритиб келаётган айрим раҳбар ходимлар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш, профилактика тадбирларини олиб бориш, шифохона ичи инфекциясининг олдини олиш каби долзарб вазифаларни қониқарсиз бажариб келаётгани аниқланди.

Шу муносабат билан, Пахтаобод тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Қ. Сайидумаров, туман тиббиёт бирлашмасининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Қ. Мамадалиев, туман тиббиёт бирлашмаси ҚВП координатори А. Мискинова, кўп тармоқли марказий поликлиника мудири Д. Деҳқонова, шошилинч тиббий ёрдам бўлими мудири Т. Тожибоев, жарроҳлик бўлими мудири М. Юнусов, тез тиббий ёрдам мудири Н. Мамадалиева, терапия бўлими мудири М.Тешабоевалар ўз лавозимидан озод этилди. Вилоятдаги ҳар бир даволаш муассасаси раҳбарига халқ розилиги ва аҳоли манфаатлари йўлида шахсий жавобгарликни ҳис қилиб ишлаш, бирламчи тиббий хизматга бўлган эҳтиёжни сифатли ва самарали қондириш каби муҳим вазифалар тушунтирилди, дейилади Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати томонидан “Халқ сўзи online”га тақдим этилган хабарда.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn