«Энди хорижга бориб даволанишга зарурат қолмайди»
  • 18 Январь 2018

«Энди хорижга бориб даволанишга зарурат қолмайди»

Рустам Ярбеков — 12 йил давомида Россиянинг А. Н. Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги марказида ишлаган таниқли кардиожарроҳ. У Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг тиббиёт тизимидаги ислоҳотларидан руҳланиб, юртимизга қайтиб келди.

Янги йил арафасида бир синфдошим билан кўришиб қолдим. Ҳол-аҳвол сўрашиб, бир оз суҳбатлашдик. Деҳқончилик этагидан тутган бу йигит оиласида ёлғиз фарзанд. Юз-кўзидан тушкун кайфиятда эканлиги шундоқ билиниб турарди. Сўрасам, ёрилди:

— Дўстим, биласан, икки йил олдин отам инфаркт бўлиб вафот этди. Касаллик хуружи пайтида қўлимиздан келганча югурдик, фойдаси бўлмади. Ҳамма нарсамни сотиб бўлсаям, Ҳиндистонга олиб бормаганимдан ҳали ҳам пушаймонман. Наилож, тақдир экан, Яратганнинг иродаси, кўнишга мажбурмиз. Лекин онам бу жудоликни кўтара олмаяпти. Кўрсанг, ранги синиқиб кетган, кундан-кунга кўз ўнгимда сўлиб бораяпти. Юзларини ажин босди. Сочлари оқарди. Яқиндан бошлаб юрагидан шикоят қила бошлади. Отамни даволай олмадик. Энди мунис онамни асрашим шарт. Шунинг учун яхши юрак дўхтири қидираяпман. Майли, бор-будим кетсин, чет элда бўлсаям даволатаман. 

Шунда унга Рустам Ярбековнинг телефон рақамини бердим.

...Кеча ана шу дўстим сим қоқди. Онаси операциядан соғ-омон чиққани, анча тетик, бардам экани ҳақида сўзлаб берди. У жуда хурсанд эди. Миннатдорлик изҳор қиларкан, “Ҳамма кўргиликларимиз ортда қолгани рост бўлсин”, дея эзгу тилак билдирди. 

...Бугун Рустам Ярбеков қўлидан шифо топганлар унга раҳматлар айтишмоқда. Дилларию тилларида эзгу дуолар айланади. Бу бежиз эмас. Сабаби ўтган йилнинг ўзида Рустам Ярбеков жамоаси билан биргаликда 400 дан зиёд мураккаб жарроҳлик операцияларини муваффақиятли ўтказиб, одамларга қувонч ва шодлик улашди. Аорта коронар шунтлаш, юрак клапанларини алмаштириш, юрак туғма ва орттирилган пороги, миокард инфаркти сабабли ҳосил бўлган юрак чап қоринчаси аневризмасини пластика қилиш, қўшма юрак тож ва бўйин томирлари атеросклероз билан зарарланишида бир пайтда қон айланишни тиклаш, юрак ўсмаларини олиб ташлаш, кўтарилувчи аорта ва аорта равоғи патологияларидаги жарроҳлик амалиётлари шулар жумласидандир. Асосийси, 90 фоиздан зиёд операциялар, масалан, инфарктдан кейин юрак аневризмасини пластика қилиб олиб ташлаш амалиёти ҳам эндиликда юракни тўхтатмасдан ўтказилаяпти. Мазкур усул самараси ўлароқ, беморлар реанимациядан чиқиб тезда тикланади, соғлом турмуш тарзига қайтади. Ҳар томонлама мақбул ва фойдали мазкур метод Марказий Осиё минтақасида фақат Ўзбекистонда бажарилаяпти. Яна бир томони, одамларнинг даво истаб чет элларда сарсон-саргардонликда юришининг олди олинмоқда, миллионлаб маблағ тежаб қолинаётир.

Рустам Ярбеков:

— Илгари Ўзбекистонда тузалиб кетишига кўзи етмай, Россия ёки Ҳиндистонга -отланган юртдошларимиз сони кўп эди. Улар энг арзон юрак операцияси учун йўлкира ва бошқа харажатларни қўшиб ҳисоблаганда 10 мингдан 30 минг АҚШ долларигача, баъзан эса ундан ҳам кўп маблағ сарфлашига тўғри келарди. Ҳозир ўзбек кардиохирургиясига ишонмайдиганлар сони кескин камайди. Боиси, бундай жарроҳлик амалиётларини ўзимиз энг замонавий усул ва ускуналар ёрдамида ўн баробар арзон нархлар (1000 — 3000 АҚШ долларигача)да сифатли, хорижникидан асло қолишмайдиган даражада амалга ошираяпмиз. Чунки юқори технологиялар, асосий дори-дармонлар, тиббий буюмлар давлат ҳисобидан қопланса, беморлар фақат даволаниш кунлари, лаборатор-инструментал текширувлар учун пул тўлайди. Тузалиб, оёққа туриб кетиш даражаси ҳам жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб беради. Қарийб 100 фоиз! 

Очиқ айтиш керак, агар ўзбекистонлик бемор Россия ёки Ҳиндистонга борса, энг аввало, унга оддий мижоз сифатида муносабатда бўлинади ва чўнтагига қаралади. -Ўзимизда эса инсонга муносабат умуман бошқача... Буни юртимизга келгунга қадар 12 йил давомида Россиянинг А. Н. Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги марказида ишлаган мутахассис сифатида яхши биламан.

— Хорижга кетишингизга нима сабаб бўлган?

— Шифокорлик болаликдаги орзуим эди. Шунинг учун Сирдарё вилояти, Оқолтин туманидаги ўрта мактабни битиргач, 1996 йилда Биринчи Тошкент давлат тиббиёт институтининг даволаш иши факультетига ўқишга кирдим. 2003 йил уни тамомлагандан сўнг академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик марказида магистратура йўналишида таҳсил олдим. Тўғриси, ўша пайтлари юртимизда кардиожарроҳлик ҳали у қадар ривожланмаган, юрак операциялари кам ўтказиларди. Шунда Европа мамлакатлари тиббиёти билан яқиндан танишишга қарор қилдим. Чунки дунё миқёсида кардиожарроҳлик соҳаси жадал ривожланаётганидан интернет орқали яхши хабардор эдим. Ўз ишимнинг ҳақиқий устаси бўлиш учун ана шу янгиликларни нафақат  эшитиш, балки ўрганиш шарт эди. Очиқ юракда ўтказилаётган операциялар дейсизми, туғма ва орттирилган мураккаб юрак хасталикларини даволашдаги замонавий усулларми, ҳамма-ҳаммасини ўзлаштириш учун энг тўғри йўл ўқишни хорижда давом эттириш эди. Бу мени Москва шаҳридаги А. Н. Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги марказига етаклади. 2004 йили шу масканнинг юрак-қон томир хирургияси бўйича ординатурасига кирдим. Уни муваффақиятли битириб, икки йилдан сўнг танлов асосида аспирантурага қабул қилиндим. Илмий иш устида ҳам чуқур изланиб, 2009 йили “Юрак ишемик касаллиги ва бош мия томирлари зарарланган беморларда даволашдаги замонавий ёндашув” мавзуида номзодлик диссертациясини ёқладим. 2012 йилдан докторантурада таҳсил олиш баробарида, мазкур марказда кардиожарроҳ лавозимида иш бошладим. Икки йил олдин марказ директори, академик Лео Бокерия раҳбарлигида “Қандли диабет билан оғриган беморларда миокард реваскуляризацияси услубларини оптималлаштириш” мавзуидаги докторлик ишимни ҳимоя қилдим.

— Ўзбекистонга қайтишингизга нима туртки бўлди?

— 2016 йилдан бошлаб Ўзбекистонда турли соҳалар қатори тиббиётда ҳам туб ислоҳотлар бошланди. Бир жойда туриб қолган, муаммолар оғирлигидан тошдек қотган соҳа аста-секин ҳаракатга келди. Мавжуд ўта оғриқли ҳолат ҳақида рўйирост айтилди, бунинг аниқ ечимлари кўрсатиб ўтилди. Мазкур ўзгаришлар тезда Россияда ҳам тилга тушди. Айниқса, давлатимиз раҳбари тиббиёт ходимлари билан бўлган учрашувларда ҳар йили қанчадан-қанча юртдошларимиз шифо истаб, хорижга йўл олиши, бу катта маблағ талаб қилиши, қолаверса, оворагарчилик эканлиги ҳақида очиқ-ойдин гапирди. Ана шу ҳолатни бартараф этиш учун хорижда юрган ўзбекистонлик шифокорларнинг ўз юртига қайтиб бемалол ишлашига барча шарт-шароит яратиб берилиши таъкидланди. Бундай қатъий фикр, янги сўз бизга ҳам маънан, ҳам руҳан куч берди, ўзбек тиббиёти келажаги Ўзбекистонда эканлигига ҳар томонлама ишонтирди. Қолаверса, Россиядаги марказда ишлаб юрган пайтларимда бир йилда минглаб ўзбекистонликлар келиб, операция қилдириб, даволаниб кетарди. Ҳиндистонга борганлар  эса бундан ҳам кўп эди, адашмасам. Шундан хулоса чиқариб, ўзим билан ишлаган бир гуруҳ ўзбекистонлик шифокорлар — кардиохирурглар, реаниматолог ва анестезиологлар билан биргаликда бир жамоа бўлиб Тошкентга келдик.

Машҳур шифокор, академик Равшан Қурбонов раҳбарлигидаги Республика ихтисослаштирилган кардиология марказида фаолиятимизни бошлаб юбордик. Ҳозир мен қатори чет элда ишлаган яна ўн бир нафар иқтидорли ҳамюртимиз енг шимариб фаолият юритаяпти. 

— Мамлакатимиз кардиохирургиясидаги ҳозирги ҳолат, истиқболдаги вазифалар ҳақида мутахассис сифатида нима дея оласиз?

— Дастлаб келганимизда, зиммамизга замонавий техника қурилмалари ёрдамида мураккаб юрак операцияларини бажариш вазифаси юклатилди. Бунинг учун энг илғор моддий-техника базаси тақдим этилди. Тан олиш керак, ўрнатилган сўнгги русумдаги ускуналарнинг айримлари Москванинг энг олди клиникаларида ҳам йўқ. Бундай шароитда биз ишламай, ким ишласин?!

Тўхтаб қолганимиз йўқ. Айни пайтда иккинчи операция хонасини очиш устида ишлар бошлаб юборилган. Натижада шу йилда операциялар сони 500 тага етказилади. Ўз навбатида, Андижон, Сурхондарё, Хоразм, қисқаси, барча вилоятда бугунги кун талабларига мос ташхис қўйиш, хусусан, ангиография ускуналарини ўрнатиш, кардиологик жарроҳлик амалиётларини ўтказиш имкониятларини яратиш, мавжудларини кенгайтириш устида чора-тадбирлар олиб борилаяпти. Масалан, ҳозир қўл остимизда бир гуруҳ ёш жарроҳлар ва анестезиологлар тажриба оширмоқда. Улар шу йили Қашқадарё вилоятида очилиши режалаштирилаётган кардиология бўлимида иш бошлайди. Буларнинг барчаси, беморларга аниқ ташхис қўйиш, ҳудудларда жарроҳлик амалиётларини ўтказиш самарадорлигига эришиш, операция учун навбат кутишлар сонини кескин камайтиришга хизмат қилади. Жорий йилда бу борадаги ишлар янада кенг кўлам касб этишига ишонаман.

Умуман олганда, Ўзбекистонда юрак операцияларининг барча турини амалга ошириш имконияти бор. Марказимиздаги мутахассисларнинг кўпчилиги хорижий давлатларда ўқиб, малака оширган. 

Янги Давлат дастури лойиҳасида илғор хорижий тажриба асосида тиббий суғурта механизмларини босқичма-босқич жорий этиш бўйича концепция ишлаб чиқилиши назарда тутилгани айни муддао бўлибди. Боиси, бу фуқароларнинг нафақат тиббий ва профилактика хизматларига бўлган ҳуқуқлари тенглигини, суғурта полисларига асосан, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш кафолатини таъминлайди, балки аҳоли ўртасида тиббий маданият юксалишига олиб келувчи муҳим омиллардан бири ҳисобланади. 

Шулардан келиб чиқиб алоҳида таъкидлаш жоизки, энг асосий мақсадимиз халқимизнинг ишончини оқлашдир. Камтарона меҳнатимиз туфайли юраклар малҳам топиб, шу юрт учун соғлом уриб тураверса, биз шунча бахтлимиз, саодатлимиз.

Саиджон МАХСУМОВ суҳбатлашди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn