Новқаликларнинг дардини ким эшитади?
  • 17 Январь 2018

Новқаликларнинг дардини ким эшитади?

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат!

Мамлакатимизда Президентимиз раҳномолигида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар оддий одамларнинг энг муҳим ҳаётий муаммоларини ҳал этаётгани, дардларини аритиб, ҳаётга, бунёдкорликка иштиёқини ошираётгани билан аҳамиятлидир.

Бундай эзгу ишларда Юртбошимизга камарбаста бўлаётганингизни, шубҳасиз, кенг жамоатчилик кўриб-билиб турибди. Ушбу жараёнда оддий юртдошларимиз билан суҳбатлашиш, уларнинг ташвишларини ҳал этишда олиму мутахассислар, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан яқин ҳамкорлик қилиш иш фаолиятингиз асосига айланганидан беҳад қувонамиз. Шу билан бирга, биз, Жиззах вилояти Бахмал туманидаги Новқа қишлоғи аҳли яна бир масалани ҳал этишда амалий ёрдам беришингизни сўраймиз.

Масала шуки, қишлоғимиздаги қишлоқ врачлик пункти аҳолининг истак-хоҳишлари, шарт-шароитларини инобатга олмаган ҳолда ёпилди. Шу сабаб одамлар оддий тиббий ёрдам учун ҳам 13 километрдан ошиқ йўл босиб туман марказига қатнашига тўғри келмоқда. Қишлоқ шароитини тўғри тушунасиз: бунинг учун автоулов бирда топилади, бирда йўқ. Оғриб турган жонга эса ҳар лаҳза ғанимат. Қишлоғимизда 10 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Айни пайтда туғриқ ёшидаги аёллар уч мингга яқин, 60 ёшдан ошганлар 534 нафар, ногиронлиги бўлган шахслар 40 дан ортиқ. Кунда-кунора улар тиббий хизматга эҳтиёж сезади.

Қишлоқ аҳли бир неча бор ҚВПни тиклаш масаласи билан Бахмал туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилишган. Президентимиз бот-бот йиғилиш ўтказиб, соғлиқни сақлаш соҳасида кўр-кўрона ва юзаки ёндашувларга асло йўл қўйиб бўлмаслигини такрорлаётган, мутасаддиларни одамларнинг талабларидан келиб чиққан ҳолда ишни ташкил этишга ундаётган, ўзи ўрнак бўлиб шифохоналарда беморлар ҳолидан хабар олаётган бир пайтда новқаликларнинг бу борадаги муаммоаси етти-саккиз ойдирки ўз ечимини топмаётганини қандай тушуниш мумкин?!

Соғломлик — бахтли ва фаровон ҳаёт дегани. Агар шароит яратилса, ҳамма унга интилади. Халқимизнинг саломатлигини асраш йўлида олиб борилаётган беқиёс ишлар жараёнида новқаликларнинг ҳам орзу-умидлари ушалишига ёрдам беринг!

Жиззах вилояти Бахмал туманидаги

Новқа қишлоғи фуқаролари

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn