Бир умрга ёрқин табассум
  • 04 Декабрь 2017

Бир умрга ёрқин табассум

 

Тошкент давлат стоматология институти ҳамда Ўзбекистон стоматологлар уюшмаси томонидан Тошкент шаҳрида жойлашган мактаб ўқувчилари учун “Бир умрга ёрқин табассум” стоматологик касалликлар профилактикасини тарғиб этиш дастури иш бошлади.

У болаларда оғиз бўшлиғини тўғри парваришлаш борасида мустаҳкам кўникма ҳосил қилишга қаратилган.

Пойтахтимизнинг Миробод туманидаги 110-мактабда мазкур дастур доирасида ўтказилган тадбирда 1542 та болага профилактик тушунтириш дарслари олиб борилди.

Аслида ўғил-қизларимиз саломатлигини асраб-авайлаш оддий қоидалар, амалларимиздан бошланади. Масалан, фарзандимиздан ҳеч бўлмаса ойда бир маротаба: “Оғзингни очгин-чи, тишларинг қай ҳолатда?”, “Тишларингни қачон ва қандай юваяпсан?” дея сўраб кўрамизми? Афсуски, аксариятимиз бу билан қизиқмаймиз. Дилбандимиз тишларидаги ўзгаришлар, дейлик, оқ доғларнинг пайдо бўлишига ёки аҳамият бермаймиз ёхуд стоматологик билимга эга бўлмаганимиз боис бундай нуқталар касалликнинг дастлабки аломатлари эканини фарқлай олмаймиз. Қачонки уларнинг тишлари қорайиб емирила бошласа ёки оғриқ безовта қилсагина шифокор ҳузурига шошиламиз.

Оқ доғлар тишларга ёпишиб олган овқат қолдиқлари таркибидаги бактерияларнинг кислота ишлаб чиқариши, кислота таъсирида эса кальций, фосфор ҳамда фторнинг ювилиб кетиши — касалликнинг бошланғич даври саналиб, махсус ашёлар билан тўйинтириш орқали уларни асл ҳолатига қайтариш мумкин. Ваҳолонки, оддийгина ҳаракат — тишларнинг ўз вақтида ва тўғри ювилмаслиги туфайли хасталик келиб чиқади.

Айтиш мумкинки, кўпчилик тишини эрталаб, нонушта олдидан бир марта ювади, холос. Аслида эса нонушта ҳамда кечки овқатдан кейин бу ишни эътибор билан адо этиш керак. Чунки паста таркибидаги фтор тушликкача ва тундан тонггача (сўлак ажралмагани, ювилиб кетмагани боис) тишга сингиб, эмал қатламини мустаҳкамлайди.

“Бир умрга ёрқин табассум” дастури орқали стоматологлар ҳамда ўқитувчилар учун боғча, мактаб болаларига оғиз бўшлиғини парваришлаш қоидаларини ўргатиш жараёнини ташкиллаштириш анча осонлашади. Ўқув методикаси стоматология, таълим ва халқаро маданият соҳасидаги экспертларнинг консультатив кенгаши ёрдамида ишлаб чиқилган. Дидактик материаллар болалар психологияси хусусиятларини ҳисобга олган бўлиб, улар болаларни оғиз бўшлиғи гигиенасига эътиборли бўлишга ундайди. Қўлланилиши осон бўлган дидактик материаллар ўғил-қизлардаги ўқув жараёнига қизиқишни мунтазам ушлаб туришга ёрдам беради. Ўқув жараёни ҳамда оғиз бўшлиғини парваришлаш борасидаги билимларни кучайтиришга боланинг оила аъзоларини жалб этиш муҳимлигини ҳам унутмаслик зарур.

Э. ТАНГИРОВ,

Тошкент давлат стоматология институти бўлим бошлиғи.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn