Оқилона турмуш тарзи — саломатлик гарови
  • 01 Декабрь 2017

Оқилона турмуш тарзи — саломатлик гарови

 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Ер юзида ОИВ касаллиги билан яшаётганлар сони 34 миллион нафарни ташкил қилади ёки бир кунда тахминан 7400 нафар одам уни юқтириб олмоқда. Шунинг учун ҳам ушбу хасталикка қарши курашиш глобал аҳамиятга эга.

ОИВ инфекцияси — одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган сурункали юқумли хасталик ҳисобланиб, вирус бемор организмида бутун ҳаёти давомида сақланиб қолади. Инфекция дастлаб яширин тарзда кечиши, бу давр эса бир неча ойдан 5 — 10 йилгача ва ундан ҳам ортиқроқ давом этиши мумкин. Унинг яширин даврида касалликнинг ҳеч қандай белгилари кузатилмайди. Аслида эса ана шу давр анча хавфли ҳисобланиб, беморлар ўзлари билмаган ҳолда, ОИВни бошқаларга ҳам юқтиришлари мумкин.

Хасталик ривожланиши жараёнида сабабсиз узоқ чўзилувчи йўтал, қисқа вақт ичида кескин озиб кетиш, ҳароратнинг тез-тез кўтарилиши, ич кетиши, оғиз бўшлиғи ва турли аъзоларнинг яллиғланиши, хавфли ўсмаларнинг ривожланиши сингари клиник белгилари намоён бўла бошлайди.

Бугунги кунда ОИВ билан касалланган шахсни вирусдан бутунлай холи қилувчи дори воситаси мавжуд эмас. Бунга сабаб вируснинг ўта ўзгарувчанлигидир. Айрим давлатларда ОИВ инфекциясига қарши вакцина ҳамда дори воситасини яратиш бўйича илмий изланишлар олиб борилмоқда. Чунончи, республикамизда мазкур инфекциянинг тарқалишига қарши курашиш чора-тадбирлари ҳукумат миқёсида амалга оширилаётир.

Ҳозирги пайтда ҳомиладор аёллар лаборатория текширувидан ўтказилиб, инфекция аниқланган ҳолатларда, уларга профилактика мақсадида дори воситалари бериб борилмоқда. Бу орқали ижобий натижага эришилаяпти. Республика ОИТСга қарши кураш марказида 60 ўринли клиника ташкил қилинган. Шунингдек, “Чет давлатлардан келаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ОИВ инфекциясига текшириш ва касаллик тарқалишининг олдини олиш бўйича тартиб” лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, унга биноан зарур саъй-ҳаракатлар амалга оширилаётир.

Бундан ташқари, мамлакатимизда ҳар бир фуқаро ўзида шубҳали ҳолатларни сезган тақдирда, ихтиёрий равишда текширувдан ўтиши мумкин. Бунинг учун республикамизнинг ҳар бир вилоятида ОИТСга қарши курашиш марказлари ҳамда туманлараро ОИТСга ташхис қўйиш лабораториялари фаолият юритаяпти. Ўзбекистон Республикасининг “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунига асосан, текширувлар махфийликка риоя этилган ҳолда олиб борилади. Натижа қандай бўлишидан қатъи назар, сир -сақланиши кафолатланади. Беморнинг яшаш, иш ва ўқиш жойига, шунингдек, ҳарбий хизмат ҳамда озодликдан маҳрум қилиш жойи бўйича хабар бериш қатъий тақиқланади.

Даволаш замонавий талаблар даражасида олиб борилаётганига қарамай, соҳада ечимини кутаётган муаммолар ҳам талайгина. ОИТСга қарши курашиш хизмати муассасаларининг моддий-техника базасини янада кучайтириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда, ОИВ инфекциясига чалинган шахслар бўйича ягона электрон базани яратиш, профилактик тадбирлар кўламини кенгайтириш, ушбу касалликка чалинган шахслар ҳаёт сифатини яхшилаш, тиббий-ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини такомиллаштириш каби масалалар шулар жумласидандир.

Аслида, ҳар қандай касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олган маъқул. Соғлом турмуш тарзига риоя қилиш эса ҳар қандай хасталикни бартараф этишнинг ишончли кафолатидир.

Ғулом РАЖАБОВ,

Республика ОИТСга қарши курашиш маркази директори ўринбосари, тиббиёт фанлари номзоди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn