Шифобахш неъмат, бебаҳо хазина
  • 25 Ноябрь 2017

Шифобахш неъмат, бебаҳо хазина

Асал таркибида инсон организми учун фойдали микроэлементларнинг 70 фоиздан кўпроғи мавжуд. Халқимиз боларини етти хазинанинг бири сифатида эъзозлаб, оила табибига қиёслашининг боиси ҳам шунда. Қолаверса, соҳа вакиллари орасида “Бор бўлса асалари, дардлар кетади нари” деган нақл ҳам юради.

Шу маънода, асаларичилик ривожи иқтисодий юксалишни таъминлаш баробарида, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.

Хоразм вилоятида мазкур тармоқни равнақ топтириш учун имкониятлар етарли. Ундан оқилона фойдаланиш мақсадида жорий йилда 639 та асаларичилик субъекти ташкил этилди. Натижада улар сони 1505 тага етказилиб, 983 тонна бол йиғиб олинди. Президентимизнинг 2017 йил 16 октябрдаги “Республикамизда асаларичилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, айниқса, тармоққа замонавий технологияларни жорий этишда қўл келаяпти. 

— Ушбу ҳужжат асосида  “Ўзбекистон асаларичилари” уюшмаси ташкил этилгани айни дилимиздаги гап бўлди, — дейди “Хонқа асали” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Маъруфжон Сафоев.— Бинобарин, соҳа ривожида бундай тузилма  жуда зарур эди. Энг муҳими, уюшмага аъзо хўжаликлар томонидан четдан олиб келинадиган ускуналар, асалари уяларини ташиш учун махсус транспорт воситалари, ветеринария дори воситалари, препаратлар, мумпарда ва мум маҳсулотлари 2023 йилгача божхона тўловларидан  озод этиладиган бўлди. 

Асалари бир килограмм асал тўплаш учун уясидан 120 — 150 минг марта чиқиб, тахминан тўрт юз минг чақирим масофани учиб ўтар экан. Ана шундай машаққат билан олинган болнинг қадри эса ҳар доим юқори бўлган. Мутахассисларнинг фикрича, Хоразм воҳаси табиий иқлим шароитида етиштириладиган гул ва чўл асалига хорижда талаб юқори.

— Яқинда Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган “Апимондия” халқаро асаларичилик уюшмалари федерациясининг 45-конгресси ва кўргазмасида қатнашиб келдик, — дейди “Khorezm honey” агрофирмаси раҳбари Орифжон Юнусов. — Тадбирда майиз ва ёнғоқ қўшилган асалимиз таъмини татиб кўрган иштирокчилар ҳайратда қолишди. Бу бизни маҳсулотларимизни экспорт қилишга ундади. Шу боис Польшадан замонавий қадоқлаш ускуналарини олиб келдик. 

Асаларининг қишлоқ хўжалиги ривожидаги ҳиссаси ҳам катта. Гап шундаки, ушбу ҳашаротлар ёрдамида чанглатилган боғ ва экин майдонларида ҳосилдорлик 30 фоизгача ошиши илмий жиҳатдан исботланган. Бунинг учун ҳар гектар боғ ҳамда экин пайкали бошига 2 — 4 асалари оиласи олиб бориб қўйилса, кифоя. Бу усул АҚШ, Канада, Испания ва Франция каби мамлакатларда кенг йўлга қўйилган бўлиб, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини оширишда муҳим омил ҳисобланади.

Жорий йилда вилоятда  шахсий томорқа хўжаликларида асалари боқиш билан шуғулланувчи хонадонлар сони ҳам ортди. Бунда вилоятдаги тижорат банклари томонидан жорий йилнинг 9 ойида 411 асаларичилик субъектига 4 миллиард 980 миллион сўм миқдорида кредит ажратилгани айни муддао бўлди. 

—  Турмуш ўртоғим билан умумтаълим мактабида ўқитувчи бўлиб ишлаймиз, — дейди янгиариқлик Анвар Бекматов. — Мўъжазгина ҳовлимизда 30 — 40 та товуқ, сигир-бузоқ парваришлаймиз. Атрофимизда дала, боғ ва экин майдонлари кўп.  Шу боис бу йил 10 та асалари оиласини сотиб олдик. Ҳар 5 — 10 кунда уяларнинг жойини ўзгартириб турдик.  Ҳисоблаб қарасак, ҳар оиладан 18 килограммдан асал олибмиз. Истеъмолдан ортганини бозорга чиқардик. Даромад чакки эмас. Тармоқнинг нозик жиҳатларидан эринмаган, қийинчиликларидан чўчимаган киши бир оила асаларидан йилига 40 килограммгача асал олиши мумкин экан. 

Урганчлик Отабек Ҳайитбоев ўттиз тўрт йилдирки, асаларичилик билан шуғулланади. Бугунги кунда у тармоқ сир-асрорларини фарзандлари, шогирдларига ўргатиб келмоқда.

— Илгари ҳашаротларни озиқлантириш муаммоси кўндаланг турар, озуқага бой майдонларни излаб уларни Қорақалпоғистон Республикасининг чекка  ҳудудларигача олиб борардик, — дейди у. — Эндиликда бунга ҳожат қолмаяпти. Чунки уюшмага аъзо хўжаликларга мавсумда ўрмон фонди ерларидан, табиий пичанзор ва яйловлардан бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилди.

Умуман олганда, бугун воҳада асаларичилик тармоғи ривожланиш сари юз тутмоқда. Яратилаётган шарт-шароитлар илгари тансиқ бўлган ушбу шифобахш неъматни бозорларимизда кўпайтириш, эл дастурхонига арзон нархларда етказиб бериш учун мустаҳкам пойдевор бўлаяпти. 

Одилбек ОДАМБОЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn