«Электрон поликлиника»
  • 24 Ноябрь 2017

«Электрон поликлиника»

Шифокорларнинг айтишича, ҳар қандай касалликнинг илдизи асаб бузилишига бориб тақалади. Бироқ шундай нохуш ҳолат айнан тиббиёт муассасаларининг ўзида юзага келса-чи? Ахир мутахассислар қабулида узундан-узоқ навбат кутишлару ортиқча оворагарчиликлар кимга ҳам хуш ёқарди, дейсиз...

Наманган вилоятидаги бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида автоматлаштирилган ахборот тизими жорий этилиши билан бундай ноқулайликларга барҳам берилди.

— Оилавий поликлиникаларда фуқароларнинг электрон рўйхати шакллантирилиши орқали масаланинг ечими топилди, — дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассиси Акмалжон Ҳамиджонов. — Энди интернет орқали исталган шифокорнинг қабул вақти, беморлар сонини аниқ билган ҳолда рўйхатга ёзилиш мумкин. Муҳими, бу қулайлик туфайли аҳоли вақтини беҳуда йўқотмайди.

“Электрон поликлиника” тизимида фойдаланилаётган махсус дастурга мувофиқ, тиббий муассаса хизмат кўрсатадиган ҳудуд аҳолисига очилган шахсий карталарнинг барчаси касалликларнинг халқаро таснифи шаклида Соғлиқни сақлаш вазирлиги корпоратив тармоғидаги электрон базага киритилган. Бунинг афзаллиги шундаки, бемор зарур ҳолларда нафақат ўзи яшайдиган жойдаги поликлиника, балки республиканинг исталган манзилидаги тиббий-санитария ёрдами муассасасига мурожаат қилиши мумкин. Бундай пайтда унинг компьютерга киритилган картасидаги маълумот ва ёзувлар қўл келади.

Вилоят туманларидаги кўп тармоқли поликлиникаларни ҳам яқин вақт ичида янги тизимга ўтказиш режалаштирилган. Навбатдаги босқичда эса қишлоқ оилавий поликлиникалари қамраб олинади.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn