Аҳоли саломатлигини таъминлашга хизмат қилади
  • 16 Ноябрь 2017

Аҳоли саломатлигини таъминлашга хизмат қилади

Бойсун тумани аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш мақсадида бунёд этилган марказий поликлиниканинг фойдаланишга топширилиши кенг жамоатчилик иштирокидаги катта тантанага айланди.

Тадбирда сўзга чиққанлар соғлиқни сақлаш тизимида изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш, оналик ва болаликни ҳимоялаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини таъкидлашди.

— Инвестиция дастурига биноан барпо этилган марказий поликлиника 200 қатновга мўлжалланган бўлиб, иншоот қурилишига 2 миллиард 596 миллион сўм сарфланди, — дейди Бойсун тумани тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Бобохон Тўраев. — Ушбу муассаса замонавий ускуна ҳамда жиҳозлар билан таъминланди. Амбулатор қабуллар электрон бошқарув тизимига ўтказилгани ҳудуд аҳолисига катта қулайликлар яратди.

Қайд этиш ўринлики, босқичма-босқич амалга оширилган қурилиш ва реконструкция ишлари натижасида Бойсун туманидаги тиббиёт муассасалари нафақат замонавий қиёфага эга бўлаяпти, балки уларда тиббий хизмат кўрсатиш даражаси ҳам сифат жиҳатидан янада яхшиланиб бораётир. Жумладан, ҳозирги пайтгача туман тиббиёт бирлашмасига қарашли туғуруқ, болалар, хирургия, диагностика, шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатиш бўлимларида реконструкция ишларини амалга оширишга қарийб 5 миллиард сўм, юқумли касалликлар бўлими биносини янгидан бунёд қилишга эса 2,5 миллиард сўмлик маблағ сарфланди. Тиббий муассасаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида 265 турдаги тиббий асбоб-ускуна ҳамда аппаратлар олиб келинди. Соҳадаги янгиланиш жараёни марказдан олис ҳудудларда ҳам ўз ифодасини топиб, Сайроб, Қорабўйин, Работ ва Бойсун қишлоқ врачлик пунктлари негизида оилавий поликлиникалар, шунингдек, жойларда 6 та тез тиббий ёрдам шохобчаси ташкил этилди. Ҳудуд аҳолисига 5 та “Дамас”, битта “Ниссан” русумли санитар автотранспорт воситаси хизмат кўрсатаётир.

— Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан тиббиёт соҳасини замон талаблари асосида ислоҳ қилиш ҳамда мавжуд камчиликларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани боис тизим фаолияти тобора яхшиланиб бормоқда, — дейди меҳнат фахрийси Собир Тошбоев. — Туманимиздаги тиббиёт масканларида яратилаётган бундай қулай шарт-шароитлар касалликларни эрта аниқлаш ва уни самарали даволаш имконини бераётир.

Президентимизнинг 2017 йил 1 апрелдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан, туманда хусусий тиббиёт муассасалари кўпаймоқда. Жумладан, “Доктор Нусрат” хусусий клиникаси аҳолига ўз эшикларини очгач, ҳудудда фаолият олиб бораётган ана шундай клиникалар сони олтитага етди.

— Аҳоли саломатлигини асраш — устувор мақсад, — дейди Нусрат Худойқулов. — Туман тиббиёт бирлашмасида кўп йиллар меҳнат қилиб, нафақага чиққач, кўнглимдаги хайрли мақсадни амалга оширишга киришдим. Оила аъзоларимиз билан ҳамжиҳатликда хусусий клиника биносини қуриб, уни ташхис қўйиш ва даволаш учун зарур бўлган замонавий ускуна ҳамда аппаратлар билан жиҳозладик. Ҳозирги пайтда бу ерда амбулатор шароитда терапия, физиотерапия, маслаҳат ва консерватив даволаш ишлари қаторида, клиник, биохимик ҳамда гематологик анализаторлар ёрдамида диагностика хизматини  кўрсатиш имкониятига ҳам эгамиз.

Кўп тармоқли марказий поликлиника ва хусусий клиника биноси очилишига бағишланган тадбирларда Сурхондарё вилояти ҳокими Э. Турдимов иштирок этди.

Илҳом РАҲМАТОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn