Қандли диабет касаллиги келиб чиқишининг асосий омили айтилди
  • 14 Ноябрь 2017

Қандли диабет касаллиги келиб чиқишининг асосий омили айтилди

Тўғри овқатланиш, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш, жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиш касалликларнинг олдини олишда энг асосий омил ҳисобланади. Хусусан, асримизнинг глобал муаммоларидан бири — қандли диабет хасталиги профилактикасида ҳам айни шу жиҳатлар муҳим ўрин тутади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, айни пайтда дунёда 415 миллион нафардан ортиқ одамлар қандли диабетдан азият чекмоқда. Агар унга қарши ўз вақтида самарали чоралар кўрилмаса, муаммо кенг тус олиши мумкин.

Хабарингиз бор, бутун дунёда “14 ноябрь — Халқаро диабетга қарши курашиш куни” сифатида белгиланган. Бизда эса ноябрь ойи диабетга қарши кураш ойлиги, деб қабул қилинган. Шунга асосан, Соғлиқни сақлаш вазирлигига карашли Республика ихтисослаштирилган Эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳар йили ушбу сана муносабати билан аҳоли ўртасида қатор хайрия тадбирларини уюштиради. Яъни мамлакатимизнинг барча ҳудудида учрашувлар, давра суҳбатлари, семинар-тренинглар ҳамда очиқ мулоқотлар ташкил этилади. Аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож қатлами марказимизда чуқурлаштирилган текширувдан ўтказилиб, керакли маслаҳатлар берилади.

Қандли диабет келиб чиқишининг асосий омили, бу — генетик мойилликдан таш-қари, нотўғри овқатланиш ва кам ҳаракат қилишдир. Кундалик овқатланиш тартибининг бузилиши, жумладан, таомлар таркибида оқсил, ёғ ҳамда углеводларнинг меъёридан ошиб кетиши вазн ортишига сабаб бўлади. Бу, ўз-ўзидан, жисмоний фаолликнинг сусайишига олиб келади. Натижада меъда ости бези фаолияти издан чиқиб, инсулин етишмовчилиги юзага келиши мумкин. Маълумки, инсулин ёрдамида инсон организмидаги ҳар бир ҳужайрага глюкоза етказиб берилади. Глюкозанинг ҳужайралар таркибига сингиш ўрнига қон ва пешоб билан ажралиб чиқиши, табиийки, уларнинг аста-секин емирилишига олиб келади. Беморда қувватсизлик, оғиз қуриши, вазн камайиши, кўз хиралашиши, баданга игна санчилаётгандек бўлиши каби аломатлар пайдо бўла бошлайди. Ана шундай белгилар сезилиши билан дарҳол шифокорга мурожаат этиб, қондаги қанд миқдорини текширтириш лозим. Зеро, бемор ўз саломатлигини доимий назорат қилиб борса, шифокор тавсиясига риоя этган ҳолда, соғлом турмуш тарзи қоидаларига амал қилса, соғлом кишилар сингари узоқ умр кўриши мумкин.

Йилига бир маротаба тиббий кўрикдан ўтиб туриш хасталикнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга. Марказий Осиёда ягона саналган шифо масканимизда эндокрин хирургия, диабетология, болалар эндокрин хасталиклари, оёқ тўпиғи диабети, репродуктив эндокринология, диабет нефропатияси йўналишларида, шунингдек, нейроэндокрин касалликларни даволаш ҳамда ташхислашда ижобий натижаларга эришилаётир. Марказнинг маслаҳат ташхис поликлиникасига мурожаат этганлар нафақат эндокринолог, балки бошқа бир қатор етакчи мутахассислар кўригидан ўтиб, тиббий маслаҳатлар олишлари мумкин. Бунинг учун шифо масканимизда барча замонавий -техник имконият мавжуд. Яъни гормонал, биокимёвий, иммунологик, гистологик лаборатория таҳлиллари, УТТ, ЭКГ, РЭГ, рентген, сцинтиграфия сингари энг сўнгги русумдаги тиббий ускуналарга эгамиз. Энг муҳими, марказ мутахассислари АҚШ, Россия, Корея Республикаси, Ҳиндистон сингари давлатларнинг етакчи клиникаларида -малака ошириб, хорижлик ҳамкасблари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини -мустаҳкамлаб боришаяпти.

Республика ихтисослаштирилган Эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази қандли диабет билан касалланган беморлар ва ногиронларнинг “Умид” хайрия жамоат бирлашмаси билан ҳамкорликда Халқаро диабетга қарши курашиш кунига бағишлаб Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Қарши ҳамда Урганч шаҳарларида қандли диабетга чалинган 600 нафар беморни бепул тиббий кўрикдан ўтказишни режалаштирган.

Феруза ҲАЙДАРОВА,

Республика ихтисослаштирилган

Эндокринология 

илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn