Тиббиётдаги илғор тажрибалар аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда алоҳида ўрин тутади
  • 31 Октябрь 2017

Тиббиётдаги илғор тажрибалар аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда алоҳида ўрин тутади

Наманган шаҳрида Ўзбекистон онкологларининг аёлларда хавфли ўсмалар профилактикаси, касалликларни эрта аниқлаш ҳамда уларни даволаш масалаларига бағишланган илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.

Анжуманда юртимиз олимлари билан бирга, Россия, Ҳиндистон, Туркия, Жанубий Корея ва Япония давлатларидан ҳам мутахассислар қатнашди. Тадбирнинг очилиш маросимида таъкидланганидек, бугунги кунда дунёда онкологик хасталикка чалиниш кўрсаткичлари тобора ўсиб бормоқда. Шу боис унинг олдини олишда фаолликни ошириш, ўзаро тажриба алмашишни кучайтириш ҳамда соҳага илғор янгиликларни татбиқ қилиш долзарб ҳисобланади.

Мамлакатимизда тиббиётнинг ушбу йўналишига алоҳида эътибор қаратилаяпти. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 4 апрелдаги “2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ихтисослаштирилган онкологик ёрдамни тубдан такомиллаштириш йўлида муҳим қадам бўлди. Ушбу ҳужжат асосида Республика онкология илмий маркази Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказига, ҳудудий онкология диспансерлари унинг филиалларига айлантирилди.

Онкология муассасаларини энг замонавий тиббиёт ускуналари билан таъминлаш режалаштирилган бўлиб, бу борада амалий ишлар бошлаб юборилди. Халқаро ташкилотлар ҳамда етакчи хорижий тиббиёт илмий марказлари билан ҳамкорлик кенгайтирилмоқда. Жумладан, ҳозирги кунгача дунёнинг саккизта нуфузли клиникаси билан ўзаро келишув меморандумлари имзоланди.

Конференциянинг дастлабки иш кунида бир қатор хорижий давлатларнинг етакчи олимлари маъруза қилдилар.

— Хавфли ўсмалар профилактикаси ва уларни даволаш ишларини муваффақиятли ўтказишда илмий салоҳият ҳамда тажрибаларни умумлаштириш алоҳида аҳамиятга эга, — дейди ҳиндистонлик мутахассис Панкаж Кумар Панде. — Бу борада юртингиз шифокорлари билан ўзаро тажриба алмашинаётгани кутилган самараларни бермоқда. Бу галги анжуман эса соҳада инновацион технологияларни фаол қўллаш жараёнига туртки бўлиши, шубҳасиз.

Икки кун давом этган анжуман кун тартибига амалий тадбирлар ҳам киритилган бўлиб, марказнинг Наманган вилояти филиалида хавфли ўсмалар устида жарроҳликнинг янги усулини қўллаш бўйича маҳорат дарслари ташкил қилинди. Бундан ташқари, филиалда ўрнатилган замонавий хорижий технологик ускуналар тақдимоти ҳамда Ибн Сино ҳайкалининг тантанали очилиш маросимлари ҳам бўлиб ўтди. Соҳанинг ёш мутахассислари иштирокида “Ёш онкологлар” анжумани ўтказилди.

Конференциянинг очилиш маросимида Наманган вилояти ҳокими Х. Бозоров сўзга чиқди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn