Тиббий-илмий янгиликлар ва истиқбол
  • 22 Сентябрь 2017

Тиббий-илмий янгиликлар ва истиқбол

“Ўзэкспомарказ” Миллий кўргазма мажмуасида ўнинчи халқаро ихтисослаштирилган “UzMedExpo — 2017” тиббиёт кўргазмаси давом этмоқда.

Ушбу анжуман Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Ўзфармсаноат” давлат акциядорлик концерни, “Дори-дармон” акциядорлик компанияси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, шунингдек, Ўзбекистон Республикасидаги Чет эл фармацевтик компаниялари ваколатхоналари ва ишлаб чиқарувчилари уюшмалари кўмагида “IEG Uzbekistan” халқаро кўргазма компанияси томонидан ўтказилмоқда.

Таъкидлаш керакки, “UzMedExpo” олимлар ҳамда мутахассислар, тиббий муассасалар раҳбарлари ва амалиётчи шифокорларнинг тажриба алмашиш майдонига айланиб бормоқда. У соҳа мутахассисларини тиббий-илмий янгиликлар ҳамда ишланмалар, инновацион лойиҳалар билан таништириш, янги тиббий истиқболларни белгилаш имконини бераётгани билан ҳам алоҳида эътиборга моликдир.

Ташкилотчиларнинг маълум қилишича, “UzMedExpo — 2017” иштирокчиларининг ўттиз фоизи хориж компаниялари бўлиб, уларнинг аксарияти кўргазмада илк бор қатнашмоқда. Юртимиз вакиллари билан бир қаторда, Италия, Хитой, Россия, Чехия, Швейцария, Қозоғистон, Украинанинг кўплаб компания ва фирмалари хизмат ҳамда маҳсулотларини таклиф қилмоқда.

— Компаниямиз тиббий туризмни тарғиб этиш, шифохоналар учун жиҳозлар етказиб беришга ихтисослаштирилган, — дейди Жанубий Кореянинг “LKSH Co.LTD” компанияси вакили Жоунг Эунсил. — Маҳсулотларимиз сифати халқаро андозаларга тўлиқ мос келиши баробарида арзон. Шу боис ташриф буюрувчилар эътиборини тортаяпти.

Кўргазма стендларидан дори-дармон, тиббий диагностика, лаборатория ва даволаш ускуналари, табиий фармацевтика ҳамда косметика маҳсулотлари, рентгенология, стоматология, физиотерапия, жарроҳлик, кардиология, тиббий реабилитация ва бошқа соҳаларда қўлланиладиган янги препаратлар, минерал қўшимчалар ҳамда витаминлар, замонавий техника ва технологиялар, санитария ҳамда гигиена воситалари, тиббиёт соҳаси учун махсус мебеллар ўрин олган.

Тадбирнинг “Гўзаллик ва саломатлик” йўналиши ҳам кўпчиликни жалб қилаяпти. Унда гўзаллик, эстетик тиббиёт ҳамда пластик жарроҳлик саноати соҳасида жаҳоннинг етакчи ишлаб чиқарувчилари вакиллари ўз маҳсулотларини тақдим этмоқда.

Бугун ниҳоясига етадиган “UzMedExpo — 2017” кўргазмаси доирасида турли мавзуларда семинарлар ўтказиш режа-лаштирилган.

Мавжуда ХОЛМАТОВА,

«Халқ сўзи» мухбири.

Бахтиёр АКРАМОВ ва

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn