Тиббий патронаж хизмати янгича ёндашув, изчил фаолият ва фидойи меҳнатни талаб этади
  • 19 Сентябрь 2017

Тиббий патронаж хизмати янгича ёндашув, изчил фаолият ва фидойи меҳнатни талаб этади

Миллий матбуот марказида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Тиббий патронаж: аниқ ҳудуд, аниқ муддат ва аниқ шахсга қаратилган хизмат” мавзуида анжуман ўтказилди.

Вазирлик мутасаддилари, ихтисослаштирилган ва илмий-амалий тиббиёт марказлари вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этган тадбирда таъкидланганидек, юртимизда -соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатлар аҳоли саломатлигини таъминлашда муҳим омил бўлаяпти.

— Бирламчи тиббий-санитария хизмати ишини халқимиз хоҳиш-истак ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда ташкил этиш бугунги кун талабидир, — дейди вазирлик бошқарма бошлиғи Фаррух Шарипов. — Шу мақсадда аҳолини мақсадли патронаж ва профилактик кўриклар билан қамраб олишни мониторинг қилишнинг уч -босқичли тизими жорий этилди. Унга кўра, ҳар ойнинг ўн бешинчи санасида ҳудудлардаги мавжуд аҳвол республика штабида таҳлил қилинади, камчиликлар ўрганилади ва келгуси ойда бажариладиган ишлар бўйича аниқ вазифалар белгиланади.

Президентимизнинг шу йил 29 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги вазифаларни амалга оширишда дастуриламал вазифасини ўтаётгани қайд этилди. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 13 сентябрдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида тиббий хизматлар сифатини яхшилашга, ўтказилаётган профилактика тадбирларининг самарадорлиги учун масъулиятни оширишга доир  қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори тизим ривожида яна бир муҳим қадам бўлди. Унга кўра, ўзига бириктирилган ҳудудда оилаларни тўлиқ патронаж билан қамраб олаётган, касалликка чалиниш пасайиши, гўдаклар ва оналар ўлими бўлмаслигига эришган тиббиёт ҳамширалари ҳамда умумий амалиёт шифокорларига ҳар ойда тариф ставкасининг 5 фоизидан 20 фоизигача миқдорда шахсий устама белгиланади.

Тадбирда ушбу йўналишда олиб борилаётган бошқа янгиликлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди. 

Азизбек РАМАЗОНОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn