Дори-дармон таъминотида сунъий тақчиллик юзага келмайди
  • 21 Июль 2017

Дори-дармон таъминотида сунъий тақчиллик юзага келмайди

 

Инсон саломатлиги ўзи учун ҳам, жамият учун ҳам ғоят муҳим. Уни йўқотганида эса, малакали тиббий хизматдан фойдаланиш қонун билан кафолатлаб қўйилган. Шунга қарамай, муолажалар учун керакли дори-дармонлардан, тиббиёт буюмларидан фойдаланишда қатор муаммолар юзага келаяптики, уларни бартараф этишни ҳаётнинг ўзи тақозо қилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 17 июлдаги “Аҳолини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш  тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим аҳамиятга эга ҳужжат бўлди. Бинобарин, фуқароларга арзон нархларда зарур дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари етказиб берилиши соғлиқни сақлаш ҳамда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсати самарали амалга оширилишининг ягона шартидир. Мазкур қарор мана шу долзарб вазифанинг изчил ва тўкис бажарилишида дастуриламал бўлиб хизмат қилади. 

Дарҳақиқат, ушбу йўналишда ислоҳотлар ижросига тўғаноқ бўлаётган жиддий хато-камчиликлар амалда яққол кўриниб турибди. Аввало, ҳозирги пайтдаги ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларини импорт қилишда ортиқча тартиб-таомиллар амал қилади. Бу эса уларни етказиб бериш муддатларини сунъий кечиктираяпти. Оқибатда ички бозоримизда тақчиллик юз бермоқда.

Бундан ташқари, дори ва буюмларга бўлган эҳтиёжни белгилаш бўйича аниқ механизмлар мавжуд эмас. Бу импорт ва маҳаллий ишлаб чиқариш мувозанатини таъминлашда қийинчиликлар туғдираётир. Маҳаллий корхоналар томонидан фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни прогноз қилиш имконини мутлоқо бермаяпти. Ижтимоий аҳамиятга эга импорт ва маҳаллий дори ҳамда тиббиёт буюмларига чекланган нархларни белгилаш номукаммал ҳолатда эканлиги тобора аёнлашяпти.

Фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг етарли даражада  маҳаллийлаштирилмаганлиги корхоналаримизни четдан олиб келтириладиган хом ашё ва материалларга юқори даражада қарам қилиб қўйган. Бу ўз-ўзидан нархларнинг кескин кўтарилишига сабаб бўлмоқда.

Шунингдек, дори воситалари ва тиббиёт буюмларини чакана сотиш учун лицензия бериш бўйича ҳудудий комиссияларининг фаолияти тўғри ташкил этилмагани назоратни изчил ва самарали олиб боришга тўсқинлик қилмоқда. Президентимизнинг мазкур қарори юқоридаги хато-камчиликларни тугатишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Унга мувофиқ, 2017 йилнинг 1 августидан бошлаб ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларини четдан харид қилиш фақатгина “Ўзмедэкспорт” республика ташқи иқтисодий давлат корхонаси томонидан амалга ошириладиган бўлди. Тиббий маҳсулотлар сифатини янада яхшилаш мақсадида ушбу фаолиятни фақатгина давлат  сертификатлаштириш органлари олиб бориши зарурлиги назарда тутилаётгани ҳам бу борадаги ишни тартибга солади, албатта.

Дорихоналар фаолиятини ташкил этишда янгидан жорий этилган талабларга асосан уларнинг дори воситалари ва тиббиёт буюмларини чакана сотиш бўйича амалдаги лицензиялари 2018 йилнинг 1 январига қадар қайта расмийлаштирилиши шарт қилиб белгиланди.

Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини тўла таъминлаш учун ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари тузилмасида назорат шуъбалари ташкил этилиши кўрсатиб ўтилган. Айни пайтда  ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларига эҳтиёжни аниқлаш тартиби тўғрисида низом ишлаб чиқиш, улгуржи ва чакана нархларни ўрнатиш тартибини такомиллаштиришга таклифлар киритиш белгиланди.

Дорихоналар ва уларнинг  филиалларини  товар чекларини бериш бўйича асбоб-ускуна ва дастурий комплекслар билан жиҳозлаш талаб этилмоқда. Шунингдек, жиҳозлар мавжуд бўлмаган ёки носоз бўлган ёхуд электр энергияси вақтинча ўчирилган ҳолларда чакана сотишда  фойдаланиладиган товар чеклари китобининг шаклини тасдиқлаш вазифаси Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳамда манфаатдор вазирлик ва идораларга юклатилди.

Аҳолини ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш даражасини ошириш мақсадида Соғлиқни  сақлаш вазирлигининг ижтимоий дорихона тармоқлари ташкил этилиб, уларнинг зиммасига дори ва буюмларни белгиланган нархларда сотиш асосий вазифа сифатида белгиланди.

Давлатимиз раҳбарининг янги қарори халқ саломатлигини таъминлаш учун биринчи даражада зарур ҳисобланган дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг арзон нархларда етказиб берилишига эришишдек кечиктириб бўлмас чора-тадбирларни амалга оширишда ғоят катта аҳамиятга эгадир. Биз, сенаторлар ушбу ҳужжатда белгиланган чора-тадбирларни тўлиқ қўллаб-қувватлаган ҳолда, уни кенг тарғиб қилиш, ижроси устидан парламент назоратини ўрнатишга алоҳида эътибор қаратамиз. 

Солижон МЎМИНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Сенати аъзоси.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn