XS.UZ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига Фаровон ҳаёт, шоду хуррамлик ва укроналик Хорижлик дипломатлар Ўзбекистон халқини Наврўз байрами билан қутладилар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси тўғрисида ахборот Ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва эзгулик ифодаси Журналистлик фаолияти истиқболи ва қонунчилик Ҳамкорлик учун қулай марказ «Қучоқ очиб халқ ичига борайлик...» Ўзбекистон халқига Наврўз табриги Бахтли-саодатли халқимизнинг энг қадимий ва файзли байрами Ўзбекистон ва Россия Президентлари бир-бирларини қутладилар Ўзбекистон ва Ҳиндистон Президентлари бир-бирларини қутладилар Ерик Утембаев: тинчлик, бирдамлик ва эзгулик айёми МДҲда энг бахтли мамлакат «Бу дамки эсиб насими наврўз...» Меҳр-мурувват ва ҳамжиҳатлик тимсоли Янги корхона иш бошлади Таъсис конференциялари ўтказилмоқда Қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолияти депутатлар диққат марказида Шири Шириев: Наврўз халқларни тинчлик ва дўстликка чорлайдиган халқаро байрамдир Марказий сайлов комиссиясида учрашув Таълим сифати ва самарадорлигини ошириш — давр талаби Шошилинч тиббий ёрдам хизмати такомиллаштирилмоқда Янгиланиш фаслининг файзу баракаси Акт мутахассислари учун чинакам рағбат Маънавий баркамоллик мезони Баҳорий таомлар — қувват манбаи Ўзбекистон Президенти Европа тикланиш ва тараққиёт банки президентини қабул қилди 2017 йил 18 март шанба дам олиш кунини 2017 йил 20 март душанба кунига кўчириш тўғрисида Владимир ТЮРДЕНЕВ: Наврўз — инсониятнинг асраб-авайлаб келинаётган маънавий бойлиги
  • 20 Декабрь 2016

Юксак марраларнинг мустаҳкам пойдевори

Юртимиз спортчилари нуфузли халқаро мусобақаларда бири-биридан ажойиб ютуқларни қўлга киритиб, Ватанимиз обрў-эътиборининг жаҳон миқёсида янада юксалишига муносиб ҳисса қўшишмоқда. Ана шундай қувончли хабарларни деярли ҳар куни эшитамиз ва албатта, ҳар гал қалбимизда алоҳида фахр ҳамда ифтихор ҳисси жўш уради.

Айниқса, жорий йилги спорт мавсуми вакилларимиз учун жуда сермаҳсул кечмоқда, дейишга асослар етарли. Масалан, Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган XXXI ёзги Олимпиада ўйинларида атлетларимизнинг 4 олтин, 2 кумуш ва
7 бронза, XV Паралимпия ўйинларида эса 8 олтин, 6 кумуш ва 17 бронза медалига сазовор бўлгани, кўплаб рекордларни янгилашга эришилгани диққатга моликдир. Нафақат тўрт йилликнинг энг йирик беллашувларида, балки бокс, дзюдо, оғир ҳамда енгил атлетика, сузиш, шахмат, теннис каби қатор оммавий спорт турлари бўйича қитъа ва жаҳон чемпионатлари, анъанавий халқаро турнирларда Ўзбекистон фарзандлари қайд этаётган натижалар бугун таниқли мутахассислар, йирик ташкилотлар, федерациялар, телеканаллар томонидан алоҳида эътироф қилинаётир.
Буларнинг барчаси мамлакатимизда баркамол авлодни тарбиялаш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани, болалар спортини ривожлантириш, ҳудудларимизда мазкур соҳа инфратузилмасини такомиллаштириш йўлида амалга оширилаётган кенг қамровли чора-тадбирлар самарасидир.
Пойтахтимизда жойлашган Республика олимпия захиралари теннис мактаби ҳам истиқлолнинг навқирон авлодга аталган туҳфаларидан саналади. Биринчи -Президентимизнинг 2008 йил
29 апрелдаги қарори асосида ташкил этилган мазкур таълим даргоҳи юқори малакали теннисчиларни тайёрлаш, улар маҳоратини юксалтириш, теннис бўйича мамлакат терма жамоаси сафини ёш спортчилар билан бойитишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу ердаги шароитлар ҳавас қилишга арзигулик даражада. Хусусан, мактабда 17 та очиқ ва учта ёпиқ корт мавжуд.
Таълим маскани, шунингдек, иккита ҳаво таянч ускунасига эга бўлиб, мазкур илғор технология куз-қиш мавсумида қўшимча сифатида очиқ кортлардан иккитасининг устини ёпиб, машғулотларни жами бешта майдонда ўтказиш имконини беради. Ўз навбатида, тренажёр заллари, сузиш ҳавзаси ҳам ўқувчилар ихтиёрида.
— Мактабимизга 4-синфни тамомлаган, яъни 11-12 ёшдаги, теннис билан мунтазам шуғулланаётган ўғил-қизлар танлов асосида қабул қилинади, — дейди таълим маскани директори Самук Абидов. — Синов имтиҳонларида ўқувчининг билими, жисмоний ҳолати ва кортда қандай ҳаракат қилишига аҳамият қаратилади. Бу ердаги таҳсил жараёни беш йилга мўлжалланган бўлиб, ушбу давр мобайнида ёшлар юқори тоифали теннисчиларни тайёрлаш махсус дастури бўйича, халқаро тажриба асосида ўқитилади. Ҳозирги пайтда муассасамизда 57 нафар навқирон спортчи 15 нафар мураббийдан сабоқ олаяпти.
Теннис мактабимиздаги ёшлар уйида юртимизнинг турли ҳудудларидан келган ўқувчилар тураржой, спорт анжомлари, теннис формалари билан таъминланган.
Биз ёшларнинг машғулотлардаги иштирокини яқиндан кузатдик. Айримлари билан дилдан суҳбатлашдик. Шунга амин бўлдикки, уларнинг барчаси қалбига улкан орзу-мақсадларни жойлаган. Мисол учун, бири Денис Истомин, бошқаси Фаррух Дўстов, Санжар Файзиев, яна бирови Оқгул Омонмуродова, Сабина Шарипова, Нигина Абдураимова каби таниқли теннисчиларимизга ҳавас қилишини, улар каби халқаро мусобақаларда қатнашиб, ўз иқтидорини намойиш этиш ниятида эканини билдирди. Дарвоқе, Сабина Шарипова, Гўзал Юсупова, Санжар Файзиев, Темур Исмоилов сингари мамлакатимиз терма жамоасининг тажрибали аъзолари айнан Республика олимпия захиралари теннис мактаби битирувчилари ҳисобланади. Улар сафига ҳадемай яна янги истеъдодлар қўшилади.
— Теннисга кичкиналигимдан қизиқаман, — дейди мактаб ўқувчиси Ситора Нормуродова. — Шу боис дадам мени мазкур таълим даргоҳига олиб келганлар. Бу ерда тўрт йилдан буён ўқияпман. Республика ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда қатнашиб, маҳоратимни оширмоқдаман. Жорий йил мен учун омадли кечди. Чунки мамлакатимизда ташкил қилинган қатор турнирларнинг жуфтлик ҳамда яккалик баҳсларида тўрт бор ғолибликка эришдим. Қозоғистонда уюштирилган халқаро мусобақада чорак финалгача етиб бордим. Келгусида теннис оламининг энг нуфузли мусобақаларидан бўлган “Ролан Гаррос”, “Катта дубулға” туркумидаги турнирларда иштирок этиб, Ўзбекистон номини янада улуғлашга ўз ҳиссамни қўшмоқчиман.
— Мен Бухороданман, ушбу мактабда бир йилдан бери таҳсил оламан, — дейди ўзини Исмоил Хайриддинов деб таништирган ўқувчи. — Бу ерда нафақат жисмоний имкониятим ошди, балки характерим ҳам тобланди. Бунинг учун мураббийларимизга раҳмат. Нега характерим ҳақида сўз очганимни айтайми? Буни бир воқеа билан тушунтириб берсам. Мусобақа ўз номи билан мусобақаки, кимдир ютса, албатта, бошқаси мағлубиятга учрайди. Лекин мен табиатан енгилишни сира қабул қила олмасдим. Вилоятимиз миқёсидаги турнирда илк бор иштирок этганимда тенгқурларимдан бирига имкониятни бой бериб қўйдим. Ўшанда қаттиқ таъсирландим. Ўзимдан хафа бўлиб кетдим. Теннис билан астойдил шуғулланаман, бундан кейин ҳеч қачон мағлубиятга учрамайман, дея аҳд қилдим. Ушбу даргоҳда эса мураббийларимиз спортчи ўрни келганда, вазмин, босиқ бўлиши, ютиш учун жаҳл билан эмас, ақл билан иш тутиши кераклиги, машқларни яхши ўзлаштириши лозимлигини уқтиришди. Енгилганда, қаерда хатога йўл қўйилганини ўрганиб чиқиб, ана шу камчиликларни йўқотиш зарурлигини тушунтиришди. Бу ўгитлар мен учун айни муддао бўлди. Қарангки, Ўзбекистон чемпионатида биринчи ўринни олишга эришдим. Республика олимпия захиралари теннис мактабида ўқиётганимдан хурсандман.
Маълумки, теннис бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ўз машғулотларини айнан шу таълим муассасаси спорт базасида ўтказишади. Қолаверса, ҳар йили бу ердаги кортларда Хотин-қизлар теннис уюшмаси (WTA) тақвимига кирувчи “Tashkent Open” ҳамда эркаклар ўртасидаги “Tashkent Challenger” халқаро турнирлари ташкил этилади. Ёшлар учун бу ҳам қўшимча имконият бўлиб, улар етук ракетка усталарининг тайёргарлик жараёни ҳамда мусобақалардаги иштирокини бевосита яқиндан кузатиш орқали ўз тажрибаларини оширмоқдалар.
Теннис мактабида номдор теннисчилар томонидан ёш ўқувчиларга маҳорат сабоқлари ҳам уюштирилади. Бу уларнинг теннис сирларини пухта эгаллашида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Қисқаси, мазкур таълим даргоҳида маҳоратли спортчиларни тайёрлаш учун барча имкониятлар яратилган.


Муҳаббат МИРЗАЛИЕВА,
Маҳфуза РЎЙИДДИНОВА.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+

Кўп ўқилган