XS.UZ
Асосий мақсадимиз – мамлакатимизни янада тараққий эттириш ва халқимиз фаровонлигини юксалтиришдир Ташқи ишлар вазирлигида учрашув ШҲТ: Тинчлик ва ҳамжиҳатлик йўлидаги ҳамкорлик истиқболлари Савдо-иқтисодий алоқалар мустаҳкамланмоқда Ҳаракатлар стратегияси Барқарор ривожланиш мақсадларига уйғундир Соғлом турмуш тарзи тарғиботи «Юқори маошли ва обрўли ишга киришни хоҳлайман» Юртни мадҳ этган шоир Ғолиблар аниқланди Иқлим ўзгаришларига мослашиш экологик муаммоларнинг салбий оқибатларини юмшатишга хизмат қилади Ўзбек саҳнасида жаҳон классик мусиқасидан намуналар янгради Ўзбекистон Президенти Туркия ташқи ишлар вазирини қабул қилди Ўзбекистон Президенти АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондонини қабул қилди Мевлут Чавушўғлу: ҳамкорликнинг янги саҳифалари Очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат Фаластин делегациясининг учрашувлари Оила юртдошларимиз учун олий қадрият ҳисобланади Имтиёз ва енгилликлар истиқболли лойиҳаларга йўл очмоқда Фракцияларда долзарб масалалар кўриб чиқилди Инсон хотираси боқий, қадр-қиммати улуғ Дастлабки чорак таҳлили Унутилмас кун қувончи Инновацион ва ижодий ғоялар намойиши Янги маслаҳатчилар ўз фаолиятларини бошлади «Ёш чегарачилар» беллашдилар «Энг намунали оила» республика танлови Қўшиқларга кўчган қалб туғёни 2017 — 2021 йилларда кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари Миллат ифтихори, фахр ва ғурури Ҳудудий саноат ярмаркалари
  • 16 Декабрь 2016

Миллионларни мафтун этган футбол

Футбол дунёдаги энг оммавий спорт турларидан биридир. Бу шундай жозибали ўйинки, ҳар қандай ёшдаги кишини ўзига оҳанрабодек мафтун этади. Ҳатто эндигина атак-чечак қила бошлаган болага тўпни кўрсатиб, “теп” десангиз, бор кучини тўплаб, қойиллатиб зарба йўллашга уринади. Мабодо, жўрттага гол ўтказсангиз борми, ичига сиғмай қувонади. Бунинг сиру синоати нимада эканини билиш қийин. Лекин ана ўша илк зарба, дастлабки гол севинчи мурғак қалбда футболга нисбатан муҳаббат ҳисси уйғонишига туртки бўлади. Ёш улғайгани сайин ушбу туйғу ҳам мустаҳкамланиб бораверади. Маҳалла-кўйда, мактаб стадионида дўстлар билан биргаликда тўп тепиш, футболкага энг яхши кўрган ўйинчисининг рақамини ёзиб, майдонда худди унга ўхшаб ҳаракат қилиш, гол урганда ҳам худди у каби нишонлашга уриниш...

Бундай унутилмас дамларни деярли кўпчилик бошдан кечирган. Ушбу спорт турининг мана шундай завқли, сеҳрли оламига тушиб қолган болаларнинг аксарияти футболчи бўлишни, катта-катта майдонларда тўп тепиб, улкан натижаларга эришишни орзу қилишади. Қайси бири бу ниятига етади, қайси бири эса ҳаётини бошқа касб билан боғлайди. Аммо футболчи бўлишни танламаган бола ҳам мазкур спорт туридан бутунлай юз ўгириб кетмайди. Аксинча, унинг ашаддий ишқибози бўлиб қолади. Футболга “миллионлар ўйини” деган таърифнинг қўлланилиши сабабларидан бири ҳам аслида шунда.

Дунёда футбол билан боғлиқ жараёнларни бошқариш ва назорат қилиш учун ягона бир ташкилот тузиш ғояси ўтган асрнинг бошларида пайдо бўлган. Уни рўёбга чиқариш мақсадида 1904 йилнинг 21 майида Парижда Бельгия, Дания, Франция, Нидерландия, Испания, Швеция, Швейцария миллий ассоциациялари томонидан Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси — ФИФАга асос солинган. Худди шу куни Германия ҳам унга қўшилишини маълум қилган. Бош қароргоҳи Швейцариянинг Цюрих шаҳрида жойлашган ФИФА ҳозирга келиб жаҳондаги энг йирик спорт ташкилотига айланди. Хусусан, бугунги кунда унга 211 миллий ассоциация ва федерация аъзо. Улар минтақалар бўйича тузилган олтита конфедерация таркибига киритилган.

ФИФА футбол мусобақаларини ўтказиш, ушбу спорт турига оид қоидаларни жорий этиш, зарур бўлганда, уларга ўзгартиришлар киритиш каби муҳим вазифаларни амалга ошириб келмоқда. Унинг ташкилотчилигида футбол бўйича жаҳон чемпионати, конфедерациялар кубоги, клублар, 17 ва 20 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида, шунингдек, футзал, пляж футболи бўйича жаҳон чемпионатлари, Олимпиада дастуридаги футбол баҳслари ҳамда бошқа қатор нуфузли турнирлар уюштирилади. Бундан ташқари, ФИФА хотин-қизлар футболини ривожлантириш мақсадида 1991 йилдан бошлаб аёллар, 17 ҳамда 20 ёшгача бўлган қизлар ўртасида ҳам жаҳон чемпионатларини ўтказмоқда.

Ташкилот ҳар йили энг яхши футболчи, клуб, терма жамоа ва энг чиройли гол муаллифи, ҳалол ўйин номинацияси бўйича ғолиб номини аниқлайди ҳамда уларни махсус соврин билан тақдирлайди. 2010 йилдан эътиборан ФИФА Франциянинг “Франс футбол” нашри билан ҳамкорликда йилнинг энг яхши ўйинчиси учун “FIFA Ballon d’Or” совринини жорий этганди. Эндиликда бу ҳамкорлик тўхтатилди ва ФИФА ҳам, “Франс футбол” ҳам яна аввалгидек ўз талқини бўйича ғолибни аниқлаб, рағбатлантириш тизимига қайтди.

ФИФАни дастлаб франциялик Робер Герен бошқарган. Ташкилотнинг амалдаги, яъни тўққизинчи президенти эса швейцариялик Жанни Инфантинодир.

Мамлакатимизда ҳам футболни севиб ўйнайдиган ва томоша қиладиганлар кўпчиликни ташкил этади. Айниқса, истиқлол йилларида ушбу спорт турини ривожлантиришга бўлган эътибор янада кучайиб, бунинг учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Ўзбекистон 1994 йилда ОФК ва ФИФАнинг тўлақонли аъзосига айланди ҳамда жаҳонда бўладиган барча нуфузли мусобақада қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Ўтган вақт мобайнида футбол клубларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, стадионларни ФИФА талабларига мувофиқлаштириш, жаҳон ва қитъа чемпионатлари, халқаро мусобақаларда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир бўлган маҳоратли футболчиларни тайёрлаш, шунингдек, юртимиз футболининг оммавийлик даражасини ошириш мақсадида қатор ҳужжатлар қабул қилинди. Жумладан, -Биринчи Президентимизнинг 2006 йил 1 майдаги “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, 2011 йил 19 январдаги “2011 — 2013 йилларда республикада футболнинг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш ва уни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу асосда футбол бўйича мактаб-интернатлар, болалар ва ўсмирлар мактаблари, профессионал футбол клублари ҳамда терма жамоаларда ўқув-машқ жараёнини яхшилаш, футболчилар, мураббийлар ва ҳакамларнинг маҳорат ҳамда малакасини юксалтириш, стадионлар қуриш, мавжудларини талаб даражасида таъмирлаш бўйича улкан ишлар амалга оширилаётир.

Мавжуд имкониятлар туфайли мамлакатимиз футбол жамоалари, ҳакамлари халқаро мусобақаларда фаол қатнашиб, фахрланишга арзийдиган натижаларга эришишаяпти. Уларнинг барчасини бирма-бир айтиб ўтишнинг имкони йўқ. Келинг, узоққа бормай, яқин йиллардаги ва жорий йилдаги айрим муҳим воқеаларни эсга олсак. Баҳрайнда ўн тўққиз ёшгача бўлган футболчилар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси чорак финалгача етиб борди. Гарчи, улар мундиал йўлланмасини қўлга кирита олмаган бўлишса-да, ажойиб ўйинлари билан барчада катта таассурот қолдиришди. Пойтахтимизда қизлар ўртасида ташкил этилган Марказий Осиё футбол ассоциацияси кубоги мусобақасида вакилларимиз ғолибликка эришди. Ўзбекистон қизлар терма жамоаси, шунингдек, 2017 йили Хитойда қизлар ўртасида (U-19) ўтказиладиган қитъа чемпионатининг финал босқичида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлди. Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2018 йилги жаҳон чемпионати Осиё саралаш мусобақаси икки босқичидан муваффақиятли ўтиб, учинчи босқичда баҳсларни давом эттираяпти. Умид қиламизки, улар барчамиз орзу қилган маррага эришишади. Энг аҳамиятли ютуқларимиздан бири минифутболга оид. Тошкентда ушбу спорт тури бўйича уюштирилган қитъа биринчилигида терма жамоамиз кумуш медални қўлга киритиб, Колумбияда ўтказилган жаҳон чемпионатида иштирок этиш имконига эга бўлди. Мундиалдаги дебют эса футзалчиларимиз учун тажриба мактаби вазифасини ўтади. 

Ўзбекистон футбол федерацияси ФИФАнинг “Fair Play” (ҳалол ўйин) соврини билан тақдирлангани мустақиллигимиз солномасидаги, спортимиз тарихидаги муҳим воқеалар сирасига киради. Қанча вақт ўтса-да, биз ана шу эътирофни доимо ғурур билан тилга оламиз. Қолаверса, ўзбек ҳакамлик мактабининг бугунги мавқеи ҳам халқаро миқёсда ҳаммага яхши маълум. Зеро, ФИФА рефериси Равшан Ирматовнинг 2008, 2009, 2010, 2011 ва 2014 йилларда, яъни беш маротаба “Осиёнинг энг яхши ҳаками”, деб топилгани, ФИФА томонидан 2011 йилда “Жаҳоннинг энг яхши ҳаками” сифатида эътироф этилгани, футбол оламининг нуфузли мукофотларидан бири — “Globe Soccer Awards — 2015” совринини қўлга киритгани бежиз эмас. Бундай муваффақиятлар ҳақида яна узоқ сўз юритиш мумкин.

Ўзбекистонимизнинг йирик футбол мусобақаларини юксак савияда ўтказиш борасидаги тажрибаси, салоҳияти ҳам тан олинган. Минифутбол, шунингдек, футбол бўйича ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатларига бир неча бор айнан -мамлакатимиз мезбонлик қилгани  бунинг тасдиғидир.

Хулоса қилиб айтганда, юртимизда миллионлар ўйинини янада оммалаштириш борасидаги ишлар бундан кейин ҳам изчил давом эттирилади. Биз, мухлислар эса футболчиларимиздан қувонарли натижаларни кутиб қолаверамиз.

 

Шавкат ОРТИҚОВ.

 

 

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+