XS.UZ
Халқ ичига кириб бориб, одамлар билан мулоқот қилиш — инсон манфаатларини таъминлашнинг муҳим омили Аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этиш Жамият маънавий ҳаётининг асосий мезони Танқидий таҳлил ва шахсий жавобгарлик — ёрқин келажак пойдевори Бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик — тараққиёт гарови Замонавий савдо мажмуаси «The Seoul Times»: «Ўзбекистоннинг давлат сиёсатида инсон манфаатлари устувордир» Кичик бизнес истиқболи ишбилармонларга берилган имтиёзларга бевосита боғлиқдир Қўшимча имконият Германияда Ўзбекистон тўқимачилик саноатининг тақдимоти Германияда Ўзбекистон тўқимачилик саноатининг тақдимоти Ёшлар камоли учун масъулмиз Солиқ маъмурчилиги хусусий сектор ривожига хизмат қилади Зарар миқдори ҳисоблаб чиқилди Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Жаҳон банки вице-президентини қабул қилди Фракцияларда ҳаётий масалалар, долзарб вазифалар кўриб чиқилди «Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг қамровли иқтисодий ислоҳотлар юқори баҳога лойиқдир» Оналар кўнглидаги розилик — бу бутун халқимиз қалбидаги розилик ифодаси Замонавий саноат марказлари Имтиёз ташаббусга ундади Мақсад — тараққиётга кўмаклашиш Истомин Жоковични мағлуб этди Қўшимча даромад манбаи Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Cоғлом авлод — келажак пойдевори Азизлари қадр топган юрт Смартфонлар бозори ривожланмоқда Юксак ишонч ва масъулият Дўстлик кечаси Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш — доимий эътиборда
  • 11 Октябрь 2016

Ўзбекистон дзюдочилари Гран-при ғолиби

Пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” спорт мажмуасида дзюдо бўйича ўтказилган Гран-при туркумига кирувчи халқаро турнирда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 6 олтин, 3 кумуш ҳамда 11 бронза медаль жамғариб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, мамлакатимиз дзюдо федерацияси, Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) томонидан ташкил этилган мусобақада 15 давлатнинг 135 спортчиси совринли ўринлар учун кураш олиб борди. Қоидага кўра, ўз вазн тоифасида олтин медалга эгалик қилган дзюдочи 300, кумуш медаль соҳиби 180, бронза медални қўлга киритган атлет эса 120 рейтинг очкосига эга бўлди.

Биз турнирнинг дастлабки кунларидаги натижалар ҳақида газетамизнинг аввалги сонида маълумот берган эдик. Мусобақанинг сўнгги кунида ҳам вакилларимиз ажойиб ғалабаларни қўлга киритиб, мухлисларга олам-олам қувонч улашишди. Жумладан, 90 килограммгача бўлган вазн тоифасидаги иштирокчиларнинг финал баҳси икки нафар тажрибали спортчимиз — Яҳё Имомов ҳамда Давронбек Сатторов ўртасида кечди. Аслида шунинг ўзи ҳам дзюдочиларимиз салоҳиятини яққол ифодалайди. Чунки бундай мусобақаларда ҳал қилувчи босқичга етиб бориш осон эмас. Яҳё учун мазкур турнирнинг яна бир аҳамиятли жиҳати бор эди. Яъни у шу пайтгача беллашувларда 81 килограммгача вазн тоифасида қатнашиб келаётганди. Энди бир оз юқорироқ вазнга ўтгани боис мутахассислар ҳам натижа қандай бўлишини қизиқиш билан кузатишди. Кескин ва муросасиз ўтган баҳсда Яҳё ғолиб чиқди. Даврон кумуш, яна бир вакилимиз Муҳаммадкарим Хуррамов бронза медални қўлга киритди. 

100 килограммгача оғирликдаги полвонлар мусобақасида ҳамюртимиз Сойиб Қурбонов барча рақибини мағлуб этиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. Ўтган йили Мўғулистон пойтахти Улан-Баторда ўтказилган Гран-при туркумига кирувчи халқаро турнирда бронза медалга сазовор бўлган иқтидорли спортчимиз Эркин Дониёров Тошкентда ҳам учинчи ўринни эгаллади. Яна бир бронза медални 100 килограммдан ортиқ бўлган вазн тоифасида қатнашган Болтабой Болтаев қўлга киритди.

Хотин-қизлар ўртасида Кумуш Йўлдошева терма жамоамизга навбатдаги бронза медални тақдим этди.  

Айтиб ўтганимиздек, Гран-при туркумига кирувчи турнир Халқаро дзюдо федерацияси тақвимидан жой олган йирик мусобақа ҳисобланади. Шу боис ушбу баҳсларни бутун дунёда доимо катта қизиқиш билан кузатишади. Тошкентда кечган беллашувларнинг ҳам ҳар бир куни жаҳонга машҳур телеканаллар, спорт нашрлари, интернет сайтларида кенг ёритилди. Масалан, янгиликларни 14 тилда 150 дан ортиқ мамлакат (Европа, Африка, Осиё, Шимолий ва Жанубий Америка, Яқин Шарқ давлатлари ҳамда Австралия)га узатадиган “Евроньюс” телеканали спортчиларимизнинг маҳоратига алоҳида урғу бериб, “Ўзбек атлетларининг медаллар фестивали”, “Ўзбекистонлик курашчилар учун самарали кун”, “Мезбонларнинг сўзсиз устунлиги” каби қатор сарлавҳалар остида эфирда ҳамда расмий сайтида хабарлар тақдим этди. Улардан бирида шундай дейилади: “6 та олтин, жами 20 медаль — ўзбекистонлик дзюдочилар шундай юқори натижа билан мухлисларини хурсанд қилди. Эришилган ғалабага, айниқса, ёш полвонлар муносиб ҳисса қўшди. Бу мамлакатда тажрибали атлетлар ортидан яна бир янги авлод дзюдочилари етишиб чиқаётганидан далолат беради. Шубҳасиз, Ўзбекистоннинг спорт соҳасидаги ютуқлари мустақиллик қўлга киритилган 1991 йилдан буён худди геометрик прогрессия тарзида мунтазам юксалиб бораяпти”. Ўз навбатида, телеканал мухбири “Ўзбекистон” спорт мажмуасидаги ажойиб муҳит, яъни дзюдо ихлосмандларининг иштирокчиларни астойдил, зўр иштиёқ билан қўллаб-қувватлаганига ҳам эътибор қаратган.

Дзюдо янгиликларини ёритиб борадиган www.judoinside.com сайти вакилларимиз иқтидори алоҳида эътироф этилган бир неча материаллар жойлаштирди. Хусусан, “Ўзбекистонлик Муҳриддин Тиловов ушбу турнирда илк бор қатнашганига қарамай, уни тўхтатиб бўлмади”, “Яҳё Имомовнинг янги вазн тоифасидаги муваффақиятли старти”, “Сойиб Қурбонов ҳамон энг кучли” сингари сарлавҳалар билан эълон қилинган хабарларни ўқиб, чексиз ғурур ҳамда ифтихор ҳиссини туясиз. Бундай илиқ муносабатларни кўплаб келтириш мумкин.

Тошкент Гран-присида 3 олтин, 2 кумуш, 5 бронза медаль билан Қозоғистон терма жамоаси иккинчи, улардан фақатгина битта бронза медаль кам жамғарган Россия дзюдочилари эса учинчи ўринни эгаллади.

Шу тариқа пойтахтимиз мезбонлик қилган яна бир нуфузли спорт анжумани якунланди. Осиё дзюдо уюшмаси раиси Обейд Ал-Анзий таъкидлаганидек, Ўзбекистон йирик халқаро мусобақаларни ташкиллаштириш борасида бой тажрибага эга экани айни мана шу Гран-прининг юксак савияда ўтказилгани мисолида ҳам яна бир карра ўз тасдиғини топди.

 

Шавкат ОРТИҚОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+

Кўп ўқилган