Баҳслар қизғин давом этаяпти
  • 06 Апрель 2015

Баҳслар қизғин давом этаяпти

Пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” спорт мажмуаси ҳамда Бадиий гимнастика бўйича болалар-ўсмирлар республика ихтисослаштирилган олимпия захиралари спорт мактабида қиличбозлик бўйича ўсмирлар ва кадетлар ўртасида жаҳон чемпионати қизғин давом этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси томонидан Халқаро қиличбозлик федерацияси (FIE) билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур нуфузли мусобақада 100 га яқин давлатдан спортчилар ўз маҳоратини намойиш қилаяпти.
Чемпионатнинг дастлабки кунида шпага бўйича ўсмир йигит-қизлар баҳслари ўтказилди. Қизлар ўртасидаги ҳал қилувчи финал беллашувида венгриялик Кинга Нагини мағлуб этган Александра Предеску (Руминия) олтин медални қўлга киритди. Мазкур йўналишда бронза медаллар Элеонора Де Марчи (Италия) ва Алла Гришчук (Украина)га насиб қилди.
Ўсмирлар мусобақасида эса Мёнгки Ким (Корея Республикаси) биринчи ўринни эгаллади. Чехия вакили Якуб Юрка кумуш, Венгрия спортчиси Бенс Бенде ҳамда Канада терма жамоаси аъзоси Лоик Бюлиуа бронза медаль совриндори бўлди.
Шунингдек, чемпионатнинг навбатдаги кунида қизлар (14-17 ёш) ўртасидаги сабля чиқишларида россиялик Ольга Никитина ғалаба қозонди. Кумуш медаль италиялик Лучия -Лукаринига насиб қилган бўлса, бронза медаллар билан Мисаки Эмура (Япония) ва Александра Климова (Россия) тақдирланди.
Ўсмирлар ўртасида бўлиб ўтган рапира баҳсларида АҚШлик Самуэль Моэлис олтин, россиялик Григорий Семенюк кумуш, АҚШнинг яна бир вакили Жеффри Туретте ҳамда венгриялик Тамаш Межарос бронза медалларни қўлга киритди.
Мазкур жаҳон чемпионати юртимиз ёш қиличбозлари учун маҳорат мактаби вазифасини ўтаб бериши билан аҳамиятлидир.

 


Суннатилла ИСЛОМОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn