Оғир атлетикачиларимизнинг ишончли ғалабаси
  • 26 Ноябрь 2014

Оғир атлетикачиларимизнинг ишончли ғалабаси

Пойтахтимизда оғир атлетика бўйича I Афро-Осиё чемпионати ҳамда III Осиё кубоги мусобақаси якунланди.

Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда Оғир атлетика федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу нуфузли мусобақаларда Африка ва Осиё қитъасининг 20 давлатидан 300 нафарга яқин спортчи ғолиблик учун кураш олиб борди.
Эътиборли жиҳати, баҳсларда ўзбекистонлик оғир атлетикачилар ҳам муносиб қатнашиб, юксак маҳорат соҳиби эканликларини намойиш қилишди. Жумладан, I Афро-Осиё чемпионатида ҳамюртимиз Сардор Дўстмуродов 105 килограммгача бўлган полвонлар беллашувида даст кўтаришда 160 кг., силтаб кўтаришда 221 кг., иккикураш якунига кўра, 381 килограмм натижа кўрсатиб, иккита олтин ва битта кумуш медалга сазовор бўлди. Яна бир вакилимиз Шодилбек Эргашев (-94 кг.) даст кўтаришда 148 кг., силтаб кўтаришда 176 кг., умумий ҳисобда 324 кг. оғирликни бўйсундириб, битта олтин ва иккита кумуш медални қўлга киритди.
Хотин-қизлар ўртасида эса Марина Сисоева (-58 кг) ва Манзурахон Мамасолиева (69 кг.) учтадан кумуш медаль билан тақдирланди.
III Осиё кубогининг катталар ўртасидаги мусобақасида спортчиларимиздан Авез Ибиев (-105 кг.) учта кумуш, Муҳаммад Бегалиев (-85 кг.) иккита кумуш ва битта бронза медалига сазовор бўлди.
Кубок доирасида 20 ёшгача бўлган спортчилар ўртасида ўтказилган баҳслар ўзбек оғир атлетика мактаби иқтидорларга бой эканини яққол кўрсатди. Вакилларимиздан Достон Ёқубов, Азамат Шарипов, Азимжон ўаниев, қизлар ўртасида эса Фарангиз Шомуродова, Комила Абдуллаева ўз вазн тоифасида ғолибликка эришгани, Шаҳзод Худойберганов, Рўзимурод Аслонов, Суннатилло Шокиржонов, Даврон Кенжаев, Зуфар Қодиров, Гулноза Аҳмедова ва Дина Тожиеванинг совриндорлар сафидан жой олгани бунга ёрқин мисол бўла олади.
Мухтасар айтганда, Ўзбекистон оғир атлетикачиларининг I Афро-Осиё чемпионати ва III Осиё кубогидаги муваффақияти Президентимизнинг 2013 йил 25 февралдаги “Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган ХХХI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида”ги қарори ижроси изчил таъминланаётганининг ҳаётий тасдиғидир. Чунки ана шу ҳужжат асосида полвонларимизнинг халқаро мусобақаларга муносиб ҳозирлик кўриши учун барча шарт-шароит яратиб берилмоқда.

Фазлиддин АБИЛОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn