XS.UZ
Халқимиз фаровонлигини юксалтириш, турмуш шароитини янада яхшилаш — асосий вазифамиздир Фракцияларда мамлакатимиз бош молиявий ҳужжати ижроси муҳокама этилди Хорижий инвестициялар ва замонавий технологиялар — тараққиёт гарови Ҳаракатлар стратегияси – халқаро нашрларда Орзулар рўёбга чиққан кун Қадимий ёзма манбалар — бебаҳо бойлик Йигирма уч миллиард сўмлик шартномалар Қонуний талаб ва амалий ечим Фарзанд — оила қувончи Битирувчилар учун муносиб таклиф Боқий меросимиз намойиши Дунёнинг энг кучли полвонлари Президент соврини учун беллашади Чинакам чиниқиш ва маҳорат мактаби, парвоз майдончаси Ўзбекистон Президенти Туркия Бош вазири ўринбосарини қабул қилди «Баркамол авлод» спорт ўйинлари қатнашчиларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ўнинчи ялпи мажлисининг очилиши тўғрисида «Йирик саноат корхоналари билан касаначиликни ривожлантириш асосидаги ишлаб чиқариш ва хизматлар ўртасида кооперацияни кенгайтиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2006 йил Ҳукуматлараро комиссия мажлиси Касаначиликни янада ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида Йилдирим Туғрул Туркеш: мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланишидан манфаатдормиз Ёшлик ва нафосат байрами, маҳорат ва камолот кўриги Конституциявий суд фаолияти янада такомиллаштирилади Давлат бюджети ижроси депутатлар томонидан кўриб чиқилмоқда Улкан орзулар остонасида «Ўзбекистон фуқароси бўлиш — улкан шараф» Ўзбек миллий матолари дунё мода саноатидан мустаҳкам ўрин эгалламоқда Адабиётга эътибор —  маънавиятга, келажакка эътибор Ўзбекистон Президенти Бирлашган Араб Амирликлари ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазирини қабул қилди Ташқи ишлар вазирлигида учрашув Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ўнинчи ялпи мажлисининг очилиши тўғрисида
  • 24 Октябрь 2014

Истиқлолнинг бахтиёр фарзандлари

Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ фарзандларимизнинг ҳар томонлама соғлом бўлиб вояга етиши, ўз қобилияти ва истеъдодини тўла намоён этиши учун барча шарт-шароит яратиб берилмоқда.

Хусусан, таълим тизимини ривожлантириш жараёнида унинг узвий қисми сифатида спортнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, умумтаълим мактаблари қошида, шунингдек, аҳоли яшаш жойларида замонавий спорт мажмуаларини бунёд этиш, уларни бугунги кун талабига мос ускуна ва инвентарлар билан жиҳозлаш, ушбу иншоотлардан самарали фойдаланишни ташкил қилиш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир. Президентимизнинг 2002 йил 24 октябрдаги “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасини тузиш тўғрисида”ги ва 2004 йил 29 августдаги “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Давлатимиз раҳбари мазкур Жамғармани тузишда соғлом ва баркамол авлодни шакллантириш, соғлом ҳаёт тарзини кенг қарор топтириш, ёшларимизни турли салбий таъсирлардан асраш, болалар спортини том маънода оммавий, умумхалқ ҳаракатига айлантиришдек олижаноб мақсадларни ўз олдимизга қўйганимизни таъкидлаб, жумладан, шундай деган эдилар: “Чунки, ҳеч кимга сир эмас, ҳар қайси ота-онанинг орзуси бўлган, яъни ўз фарзандларининг жисмоний, интеллектуал ва маънавий жиҳатдан етук  бўлиб,  ҳаётда муносиб ўрин эгаллашини энг устувор, энг олий мақсад, деб билган мамлакат ва халқгина юксак тараққиётга эриша олади. Мухтасар айтганда, биз болалар спортини таълим-тарбия жараёни билан мутаносиб равишда изчил ривожлантиришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйдик ва бу йўлда кенг кўламли ишларни амалга ошириб келмоқдамиз”.
Мана шундай оқилона ёндашув, ёшларни жисмоний ва маънавий жиҳатдан комил инсонлар қилиб тарбиялашга қаратилган ноёб тизимнинг йўлга қўйилгани ҳар томонлама тўғри бўлганини ўтган йиллар давомида бажарилган ишлар ва уларнинг самаралари яққол тасдиқлайди. Хусусан, шаҳару қишлоқларимизда бир-биридан кўркам, муҳташам спорт мажмуалари — стадионлар, заллар, теннис кортлари, сузиш ҳавзалари, гимнастика марказлари қад ростлади. Уларда ташкил этилган машғулотларда келажак авлод вакиллари спорт билан астойдил шуғулланиб, саломатлигини мустаҳкамлаш баробарида, маънан етук бўлиб улғаймоқда.
— Мамлакатимизда навқирон авлодга кўрсатилаётган ғамхўрлик, уларнинг камолоти йўлида амалга оширилаётган ишлар кўлами, ҳақиқатан ҳам, жуда салмоқли, — дейди Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ижрочи директори Эркин Искандаров. — Мана бу рақамларга бир эътибор беринг-а: жамғарма ташкил этилганидан буён ўтган 12 йил мобайнида барча вилоят ва туманларимизда 1586 та болалар спорти объекти, жумладан, 271 янги спорт комплекси,
934 та спорт зали барпо этилди, фаолият кўрсатаётган 285 та спорт иншооти, 96 та сузиш ҳавзаси реконструкция қилинди ва капитал таъмирланди. 230 та болалар мусиқа ва санъат мактаби фойдаланишга топширилди. Ушбу объектларнинг 81 фоизи қишлоқ жойларида ишга туширилгани диққатга сазовордир.
Янгидан барпо этилаётган спорт мажмуаларини, асосан, ўзимизда ишлаб чиқарилаётган спорт жиҳозлари билан таъминлашга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Жамғарма ташкил этилган дастлабки йилда маҳаллий корхоналаримиз томонидан болалар спорти объектлари учун зарур бўлган 120 турдаги инвентардан 73 тури тайёрланган бўлса, бугунги кунда 116 турдаги спорт анжомлари ва ускуналари ишлаб чиқарилмоқда.
Албатта, барча тегишли мажмуалар замонавий инвентарлар ва малакали мураббийлар билан таъминланаётганлиги туфайли спорт билан шуғулланаётган ёшлар сафи тобора кенгайиб бораяпти. Айтайлик, мамлакатимизда 2003 йилда жами ўқувчи-ёшларнинг 20,4 фоизи спорт билан шуғулланган бўлса, айни пайтда бу рақам 43,7 фоизга етди.
Шу ўринда қизларни спортга жалб этиш масаласига ҳам алоҳида эътибор берилаётганини таъкидлаш жоиз. Улар учун миллийлигимизга хос кийимлар ишлаб чиқарилмоқда, аёл мураббий ва ўқитувчиларни тайёрлашга кенг ўрин берилаётир. Айниқса, ҳар йили ўқувчи-қизларга Президентимиз совғаси сифатида махсус кийимлар ва либослар топширилаётгани улар ўртасида спортнинг янада оммалашишида муҳим омил бўлмоқда.
Фарзандларимизнинг соғлом бўлиб улғайишида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган турли беллашувларнинг ҳам алоҳида ўрни бор. “Умид ниҳоллари” спорт мусобақалари, “Қувноқ стартлар”, “Олимпия умидлари”, “Камолот велотур”, “Камолот шахмат тахтаси”, “Сув париси”, “Кичкинтой-ширинтой”, “Отам, онам ва мен — спортчилар оиласи”, “Футболимиз келажаги”, “Ёзги таътил” каби қатор спорт ўйинлари шулар жумласидандир.
— Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан 2005 йилдан бошлаб истеъдодли ёшларга, айниқса, қишлоқ жойларида спорт билан мунтазам шуғулланаётган ўсмир ва қизларга дунёнинг ривожланган давлатларида ўтказилаётган халқаро мусобақалар, ўқув-йиғин машғулотлари ҳамда спорт фестивалларида иштирок этиш имконияти яратиб берилмоқда, — дея сўзида давом этди Э. Искандаров. — Жумладан, ҳозирги кунга қадар Англия, Франция, Германия, Италия, Австрия, Польша, АҚШ, Бразилия, Хитой, Жанубий Корея, Сингапур, Таиланд ва бошқа қатор давлатларда ташкил этилган 394 та ана шундай халқаро тадбирда 4513 нафар бола (1694 нафари қизлар) иштирок этди. Шулардан 2554 нафари (903 нафари қизлар) қишлоқларда истиқомат қилувчи ўқувчилардир. Улар ўттизга яқин спорт тури бўйича ўз маҳоратларини намойиш этиб, 476 та олтин, 409 та кумуш ва 474 та бронза медалига сазовор бўлишди.
Ёшларимиз ушбу муваффақиятлар қандай омиллар билан боғлиқ эканлигини жуда яхши билишади. Бинобарин, давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, спорт майдонларида эришиладиган ютуқлар — аввало, шу йўлда тинимсиз интилиб, курашиб яшайдиган инсоннинг ютуғи, айни вақтда шу инсонни тарбиялаб вояга етказган жамиятнинг ютуғидир.
— Биз, Ўзбекистон ёшларига бугун дунёнинг жуда кўп давлатларидаги тенгқурларимиз ҳавас билан қарашади. Бунга қатор халқаро мусобақалардаги иштироким давомида улар билан яқиндан суҳбатлашиб, кўп бора гувоҳ бўлганман, — дейди тажрибали дзюдочимиз Ришод Собиров. — Сабаби, юртимизда баркамол авлод таълим-тарбияси учун барча шарт-шароит яратиб берилмоқда. Биргина спорт соҳасини оладиган бўлсак, ҳар йили мамлакатимиз бўйлаб янгидан-янги мажмуалар фойдаланишга топширилаяпти. Уларда минглаб ёшлар ўзлари севган спорт турлари билан шуғулланишмоқда. Кўрсатилаётган бундай беқиёс ғамхўрликка муносиб бўлиш бизнинг чин фарзандлик бурчимиздир.
Спортда қандай натижаларга эришаётган бўлсак, буларнинг барчаси, шубҳасиз, болалар спортини ривожлантиришга қаратилган эътибор мевасидир. Ўзим мисолимда айтсам, халқаро мусобақаларда кўп марта ғолиб чиқдим, икки бор жаҳон чемпионлигига эришдим, Пекин ва Лондон Олимпиадаларида совриндор бўлдим. Яқиндагина пойтахтимизда ташкил этилган Гран-при туркумига кирувчи халқаро турнирда олтин медални қўлга киритдим. Бу натижаларим билан тўхтаб қолмоқчи эмасман. Келгусида яна кўпдан-кўп муваффақиятларга эришиб, Ўзбекистон номини улуғлашга ўз ҳиссамни қўшаман...
Бундай беғубор ниятларни шу азиз Ватанимизда камолга етаётган ёшларимизнинг ҳар биридан эшитиш мумкин. Уларнинг буюк аждодларига муносиб бўлиб, ўз салоҳиятларини намоён этишларига ишончимиз комил. Зеро, Президентимиз таъкидлаганларидек, биз таянчимиз ва суянчимиз, ғуруримиз ва ифтихоримиз бўлмиш болаларимизга, фарзандларимизга ишонч билан, ҳурмат-эътибор билан қарашни келажагимизга бўлган ишонч, миллатимизга, халқимизга бўлган ҳурмат-эҳтиром ифодаси деб биламиз.
Шундай экан, ўғил-қизларимизни комил инсонлар сифатида вояга етказиш борасидаги саъй-ҳаракатлар бундан кейин ҳам изчил давом эттирилаверади.

Шавкат ОРТИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+

Кўп ўқилган