Ёшларимиз — ғолиблар сафида
  • 28 Август 2014

Ёшларимиз — ғолиблар сафида

Ўзбекистонлик боксчилар Бектемир Мелиқўзиев ва Сулаймон Латипов Хитойнинг Нанкин шаҳри мезбонлик қилган ўсмирлар ўртасидаги II Олимпиада ўйинларининг олтин ҳамда кумуш медалларини қўлга киритди.

Мамлакатимизда бундай йирик спорт анжуманларида юрт шаънини улуғлашга қодир спортчиларни тайёрлаш борасида катта тажриба тўпланган. Хусусан, Президентимиз томонидан асос солинган ва мунтазам равишда ўтказиб келинаётган “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада спорт ўйинлари нафақат ёш авлодни жисмонан соғлом, маънан етук инсонлар сифатида тарбиялаш, балки халқаро майдонларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қиладиган истеъдодларни саралаб олишда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўсмирлар ўртасидаги Олимпиада ўйинларида иштирок этиб, юқори натижаларга эришган атлетларимизнинг аксарияти ана шу спорт ўйинларида қатнашиб, ўз иқтидори ва маҳоратини оширган шижоатли ёшлардир.
Мусобақани кўтаринки руҳда ўтказган бокс бўйича ўсмирлар ўртасида Осиё ва жаҳон чемпиони Бектемир Мелиқўзиев (69 кг.) ярим финалда беларуслик Иляс Адзинаевни техник нокаутга учратиб, финал йўлланмасига эга бўлган эди. Ҳал қилувчи баҳсда у Доминикан Республикаси вакили Хуан Соланога ҳеч қандай имконият қолдирмади.
Вазни 49 килограммгача бўлган спортчилар ўртасида эса Сулаймон Латипов ярим финалда япониялик Субару Муратадан устун келди. Олтин медаль учун озарбайжонлик Руфат Ҳусейнов билан баҳслашган ҳамюртимиздан бир оз омад юз ўгирди. Шу тариқа Сулаймон кумуш медаль билан тақдирланди. Ўн олти ёшли боксчимиз ўсмирлар ўртасидаги Осиё ва жаҳон чемпионатларида ҳам худди шундай натижага эришган эди.
Умуман олганда, Нанкин Олимпиадасида Ўзбекистон вакиллари юксак истеъдод ва маҳорат соҳиби эканликларини намойиш этишди. Буни мазкур нуфузли мусобақада Илҳом Баҳромов (юнон-рум кураши), Суҳроб Турсунов (дзюдо, жамоавий), Владимир Свечников (ўқ отиш, микст) олтин, Умида Абдуллаева (таэквондо ВТФ), Фарҳодбек Собиров (оғир атлетика) кумуш, Суҳроб Турсунов (дзюдо, яккалик), Адҳамжон Эргашев (оғир атлетика), Тимур Қодиров (спорт гимнастикаси) бронза медалига сазовор бўлгани ҳам тасдиқлаб турибди.

Фазлиддин АБИЛОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn