Футбол бўйича жаҳон чемпионатига бормоқчимисиз? Унда қуйидагиларга амал қилишингиз керак
  • 14 Февраль 2018

Футбол бўйича жаҳон чемпионатига бормоқчимисиз? Унда қуйидагиларга амал қилишингиз керак

 

Шу йил Россияда бўлиб ўтадиган футбол бўйича навбатдаги жаҳон чемпионати муносабати билан хорижлик фуқароларнинг ушбу давлатга келиб-кетиш тартиби вақтинча ўзгартирилади. Бу муддат 25 майдан 25 июлга қадар этиб белгиланди. Мазкур қоида ўйинлар бўлиб ўтадиган Москва, Санкт-Петербург, Екатеринбург, Нижний Новгород, Калининград, Казань, Самара, Саранск, Волгоград, Сочи ва Ростов-на-Дону шаҳарларида амал қилади. Бу ҳақда “Интерфакс” хабар берди.

Россия мигрантлар федерацияси маълумотига кўра, мусобақа ва тадбирларнинг чет эллик иштирокчиларининг виза бўйича мурожаатларини кўриб чиқиш муддати 3 кунгача қисқартирилади. Бу тоифадаги шахсларга бир йилгача муддатда ва келгусида узайтириш ҳуқуқи билан кўп марталик виза берилади.

Ишқибозлар мундиал бошланишига 10 кун қолганда томошабиннинг персоналлаштирилан картаси, шахсни тасдиқловчи ҳужжати ва ўйин чиптаси(ёки брони) мавжуд бўлган тақдирда Россияга визани расмийлаштирмасдан келишлари мумкин. Биринчи баҳс 14 июнга белгиланган бўлса, демак мезбон мамлакатга 4 июнда бориш мумкин. Худди шу каби финалдан 10 кун ўтиб ўз юртига қайтиб кетиш мумкинлиги тартиби ҳам жорий этилади.

Қуйидаги хорижлик меҳмонлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар вақтинчалик миграция ҳисобида туриш мажбуриятидан озод этилган. Улар ФИФАнинг махсус рўйхатига киритилган “ЖЧ-2018” доирасидаги спорт тадбирлари иштирокчилари, терма жамоа делегациялари, ФИФА тузилмалари ва миллий футбол ассоциациялари вакилларидир. 

Қолган барча тоифадаги чет эллик фуқаролар, жумладан, меҳнат муҳожирлари беллашувлар ўтказиладиган шаҳарларда 25 майдан 25 июлга қадар муддатда келган кунидан бошлаб бир сутка ичида миграция ҳисобига қўйилади.

Россия фуқароларига ҳам бу борада маълум талаблар қўйилди. Улар юқорида номи айтиб ўтилган шаҳарга ташриф буюрган кундан бошлаб 3 кун ичида ички ишлар вазирлиги органларидан вақтинчалик ёки доимий яшаш учун рўйхатдан ўтишлари керак. Шу бўйича ариза уни ёзган шахс томонидан шахсан тақдим этилиши шарт. Ҳужжатлар эса топширилган пайтнинг ўзида кўриб чиқилади.          

Айни чоғда ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қатъий хавфсизлик чораларини  кўриш бўйича ишлар олиб борилаяпти. Жумладан, 11 та ҳудуддаги потенциал хавфли корхоналар фаолияти вақтинча тўхтатилади, стадионларга жамоатчилик тартибини бузган ишқибозлар учун вақтинчалик изоляторлар ўрнатилади. Россиянинг миграциявий донорлари ҳисобланган бир қатор давлатлар ўз фуқароларига “ЖЧ-2018” пайтида футбол ўйинлари бўлиб ўтадиган шаҳарларга иложи борича бормасликни тавия этаяпти.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn