XXIII қишки Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди
  • 09 Февраль 2018

XXIII қишки Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди

 

9 февраль куни Жанубий Кореянинг Пхёнчхан шаҳрида тўрт йилликнинг энг нуфузли спорт анжумани — XXIII қишки Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Бу галги мусобақа Осиё қитъаси учун алоҳида аҳамиятга эга. Гап шундаки, XXI асрда қишки Олимпиада ўйинлари илк бор минтақамизда ўтказилаётир. Бундан аввал, яъни ўтган асрда фақатгина Япониянинг Саппоро ҳамда Нагано шаҳарлари (1972 ва 1998 йиллар) мезбонлик қилган эди. Шунинг учун ҳам “Мусаффо тонг ўлкаси” мамлакатида мазкур йирик турнирга ўзгача ҳозирлик кўрилди. Жумладан, Пхёнчханда махсус Олимпия шаҳарчаси бунёд этилди. Волонтёрлар, томошабинлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари учун барча шарт-шароит яратилди.

Қишки Олимпиада ўйинлари худди ёзги Олимпия ўйинлари каби Халқаро Олимпия қўмитаси шафелигида ташкил этилади. Мазкур спорт байрамининг  дастлабкиси 1924 йилда уюштирилган. Аввалига қишки ва ёзги Олимпия ўйинлари бир йилда ўтказилган. 1994 йилдан бошлаб эса, ҳар икки мусобақа икки йил фарқи билан ташкил қилинмоқда.

Бугунги кунга келиб қишки Олимпия ўйинлари дастури сезиларли равишда кенгайиши билан бирга, иштирокчилари сони ҳам тобора ошаяпти. Биринчи қишки Олимпиада ўйинларида асосан скандинавияликлар совриндор бўлган бўлса, йиллар ўтиб бошқа давлатларда ҳам қишки спорт турлари ривожланиши натижасида ғолиб мамлакатлар сони ортмоқда.

Пхёнчхандаги спорт байрамида 7 спорт тури (15 та йўналиш) бўйича 98 та медаль жамланмаси учун баҳслар бўлиб ўтади. Нуфузли мусобақада мамлакатимиз шарафини Миша Ге (фигурали учиш) ва Комил Тўхтаев (тоғ чанғиси) ҳимоя қилади. 8 февраль куни Олимпия шаҳарчасида терма жамоамиз шарафига Ўзбекистон Давлат байроғи тантанали равишда кўтарилди.

Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, XXIII қишки Олимпиада ўйинлари мустақил Ўзбекистон терма жамоаси қатнашаётган еттинчи шундай анжумандир. Мамлакатимиз спортчилари қишки Олимпиада ўйинларида илк бор мустақил жамоа сифатида 1994 йилда иштирок этган. Ўшанда Норвегиянинг Лиллехаммер шаҳри мезбонлик қилган XVII қишки Олимпия ўйинларида фристайл бўйича олтин медаль қўлга киритилган. 

Спорт делегациямиз кейинги қишки Олимпиада ўйинларининг бирортасини ўтказиб юбормаган бўлса-да, афсуски, бошқа совринли ўринларга эришилмади. Шулардан келиб чиқиб, бугунги кунда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида қишки спорт турларини ривожлантириш ва оммавийлигини оширишга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Масалан, хоккей, фигурали учиш ва шорт-трек, кёрлинг, чанғи учиш спорт турлари бўйича федерациялар ташкил этиш, замонавий инфратузилмани шакллантириш бўйича улкан саъй-ҳаракатлар олиб борилаяпти. Пойтахтимизда бунёд этилаётган “Ҳумо” кўп тармоқли муз саройи бунинг яққол тасдиғидир. Ушбу спорт иншооти фойдаланишга топширилгач, бу ерда бир неча қишки спорт турлари бўйича нуфузли мусобақалар, ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш имконияти пайдо бўлади. Энг асосийси, бундай шароитлар орқали Ўзбекистон спортчиларининг келгусидаги қишки Олимпиада ўйинларида муносиб қатнашиши, совриндор бўлиши учун пухта замин яратилмоқда.  

Пхёнчхан шаҳрида ўтаётган XXIII қишки Олимпия ўйинларида 92  та мамлакатдан 6 минг 500 дан зиёд спортчи ғолиблик учун баҳс олиб бораяпти. Байрамона безатилган “Олимпия” стадионда мезбон давлатнинг ўзига хос тарихи, миллий анъаналари, театрлаштирилган саҳна кўринишлари ҳамда санъат усталарининг чиқишлари намойиш этилди.

Анъанага мувофиқ, майдонга тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида қатнашаётган давлатлар терма жамоалари бирма-бир чиқиб кела бошлади... Ниҳоят Ўзбекистон спорт делегацияси аъзолари ташриф буюрди. Ўзбекистон Республикаси Давлат ¬байроғини спортчимиз — Комил Тўхтаев стадионга олиб кирди. Мухлислар ҳамюрт¬ларимизни олқишлар билан кутиб олди... Бу ҳаяжонли онларни жуда кўпчилик бевосита телевидение ва Интернет орқали кузатди.

Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Миша Ге 16 февраль куни “Gangneung Ice Аrena” муз саройида фигурали учишнинг қисқа дастурида чиқиш қилса, 17 февралда эркин дастурда ўз омадини синаб кўради. Комил Тўхтаев эса 18 февралда тоғ чанғисининг гигант слалом баҳсларида иштирок этади. 22 февралда слалом мусобақасида қатнашади. Тоғ чанғиси бўйича беллашувлар “Yongpyong Alpine Centre” мажмуасида бўлиб ўтади.

“Олимпия” стадионида мусобақа машъаласининг ёқилиши қишнинг совуқ ҳароратида қалбларга ўзгача илиқлик олиб кирди...

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

“Халқ сўзи” мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn