Ёшлик, камолот ва спорт байрами
XS.UZ
Президент фармони: “Ҳунарманд” уюшмаси раиси Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосарига тенглаштирилди Ўзбекистон — жонажон Ватанимиз «Профилактика куни» умумхалқ ҳаракатига айланмоғи шарт Табиий экотизимларни муҳофаза қилиш — давр талаби Тадбиркорлар учун Бизнес маркази Ҳаётимизнинг гўзал саҳифаси Асл мусиқа беғубор қалб оламида яралади Ўзбекистонлик ўқувчилар Халқаро билимлар олимпиадасида 49 медални қўлга киритди Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида Жиззахдан бир олам таассуротлар билан Наманганда харидорларга чек бермаётган сотувчилар аниқланди Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги автомобиль қатнови бўйича баённома кучга кирди Ўзбекистонда 1 декабрдан иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдори ошади Даъвогарлар минг нафар, совринлар эса чекланган Январь — октябрь ойларида 141 минг 682 нафар қишлоқ жойларда яшовчи фуқаро иш билан таъминланди Шўрчида йилига 3 минг тонна ип-калава ишлаб чиқарилади Марказий Осиёдаги энг қадимий ёзув Қорақалпоғистондан топилган Австрия банки ўзбекистонлик ёш тадбиркорларга имтиёзли кредитлар тақдим этади Ўзбекистон чемпионати: олтин, кумуш ва бронза медаллари эгалари маълум Ўзбекистон ва Япония терма жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашувлари ўтказилади “Амалиёт эътирофи — 2017” ёш журналист кадрлар рағбатлантирилди Тошкентга АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзоси Трент Келли бошчилигидаги делегация келади  Тошкентда Марказий Осиё давлатларининг сув бўйича ҳамкорлигига бағишланган халқаро конференция ўтказилади Ўзбекистонда корейс миллатига мансуб юртдошларимиз истиқомат қилаётганининг 80 йиллигига бағишланган тантанали маросим иштирокчиларига Одамларнинг бунёдкорона меҳнатини қадрлаб, уларга муносиб турмуш шароити яратиш — энг муҳим вазифамиздир Ўзбекистон — Корея Республикаси: Икки томонлама муносабатлар тараққиётида янги босқич Асосий Қонунимиз тарихига бағишланган кўргазма Жамоатчилик назоратининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда Истиқлолимиз ва истиқболимиз тимсоли «Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак»
  • 30 Май 2014

Ёшлик, камолот ва спорт байрами

Наманган шаҳрида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими ўқувчиларининг “Баркамол авлод — 2014” спорт мусобақалари республика босқичининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

...Тинчлик — энг бебаҳо неъмат. У қарор топган юртда ўсиш, ривожланиш бўлади, одамлар фаровон ва бахтли ҳаёт кечиради, тўй тўйларга, байрам байрамларга уланади. Тинчлик бўлса, ҳаловат бўлади. Ҳаловатли элнинг эса ҳар бир куни файзли-тароватли ўтади.

Шу боис ҳам кўпни кўрган халқимиз дуога қўл очганда мустақиллигимизга, мусаффо осмонимизга кўз тегмасин, дея ният қилади. Бундай эзгу истакларнинг тагзаминида жуда катта маъно-мазмун мужассам. Бинобарин, юртимизда ҳукм сураётган осойишталик туфайли шаҳару қишлоқларимиз тобора чирой очиб бормоқда, замонавий иншоотлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, спорт мажмуалари, кўприк ҳамда йўллар, боғ ва хиёбонлар, юксак технологиялар билан жиҳозланган қудратли корхоналар барпо этилиб, бугунимиз ва эртамиз учун муносиб шароитлар яратилмоқда.

Дунёда тинчликни неча кунлаб, ойлаб, борингки, йиллаб кутаётган давлатлар ҳам йўқ эмас. Фарзандлари келажагини, уларнинг беғубор кулгисини кўриш аксарият халқлар учун армон бўлиб қолаётгани ҳам айни ҳақиқат. Бундан тўғри хулоса чиқариш, огоҳ ва сезгир бўлиб яшаш, истиқлол инъом этган ёруғ кунларнинг қадрига етиш ҳар биримизнинг бурчимиз, вазифамиздир.

Гап фарзанд тарбияси ҳақида борар экан, шуни алоҳида фахр билан айтамизки, бу ўта нозик масалага бизда истиқлолнинг илк йиллариданоқ давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Мустақил юртимизнинг биринчи ордени “Соғлом авлод учун” деб аталгани, 1991 йилнинг 20 ноябридаёқ “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилингани фикримиз тасдиғидир. Мамлакатимиз Конституцияси ва қатор қонунларда, Президентимизнинг кўплаб Фармон ва қарорларида ёшлар масаласи ўз ифодасини топган. Айтайлик, “Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, Мактаб таълимини ривожлантириш Давлат умуммиллий дастурининг ҳаётга изчил татбиқ этилиши натижасида умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг қиёфаси кўркамлашиб, уларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланди. 9+3 схемаси бўйича 12 йиллик умумий мажбурий бепул таълим тизимининг жорий этилгани ёшларнинг чуқур билим олиши, қизиқиши, имконияти ва салоҳиятидан тўлиқ фойдаланган ҳолда муносиб касб танлаши, шу орқали жамиятда ўз ўрнини топишида муҳим омил бўлмоқда.

Президентимиз яқинда Самарқанд шаҳрида “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуида ўтказилган халқаро конференциянинг очилиш маросимидаги нутқида алоҳида таъкидлаб ўтганларидек, бугунги кунда, БМТ маълумотларига кўра, мамлакатимизда таълимга йўналтирилаётган харажатлар давлат бюджетининг 35 фоиздан ортиғини ташкил этмоқда. Бошқача айтганда, Ўзбекистон давлат бюджетидан ҳар йили 35 фоиз маблағ айнан таълим-тарбия соҳасига йўналтирилмоқда. Ушбу рақамнинг ўзиёқ жуда кўп нарсани англатади.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқиши билан алоҳида аҳамият касб этади.

Ўғил-қизларимизни она-юртга садоқат руҳида тарбиялаш, улар орасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришда Президентимиз ташаббуси билан йўлга қўйилган уч босқичли — “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада спорт ўйинларининг ҳам ўзига хос ўрни бор. Дунёда ўхшаши йўқ бу ноёб тизим фарзандларимизни фойдали ҳаракатга йўналтириш, курашда чиниқтириш, ғалабага интилиш фазилатларини тарбиялашга хизмат қилмоқда.

Бундан ўн тўрт йил муқаддам Наманганда талабаларнинг Универсиада спорт мусобақалари зўр муваффақият билан ташкил этилган эди. Энди мазкур вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими ўқувчиларининг “Баркамол авлод” спорт ўйинларига мезбонлик қилаяпти.

Бугун Наманган шаҳри ҳар қачонгидан ҳам фусункор қиёфа касб этган. Айниқса, оқшом манзараси ўзгача — атрофни ёритиб турган ранг-баранг чироқлар, оҳиста ҳилпираётган байроқлар, файзли кўчалару гулга бурканган хиёбонлар орзиқиб кутилган ёшлик, шижоат ва баркамоллик байрами шукуҳини акс эттириб турибди.

29 май. “Баркамол авлод — 2014” спорт ўйинлари муносабати билан замонавий кўринишга, шарт-шароитга эга бўлган “Навбаҳор” марказий стадиони меҳмонлар ҳамда спорт мухлислари билан гавжум. Уларнинг юз-кўзида хурсандчилик, ҳаяжон шундоққина сезилиб турибди.

Чорлов мусиқаси янграйди. Майдонга Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларнинг терма жамоалари кириб келади. Тантанавор саф тортган спортчилар олдидан Ўзбекистон Республикаси ва “Баркамол авлод” спорт ўйинлари байроқлари олиб ўтилади.

Наманган вилояти ҳокими Б. Юсупов академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг “Баркамол авлод — 2014” спорт мусобақаларини очиқ, деб эълон қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Баркамол авлод” спорт ўйинлари қатнашчиларига табригини Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Х. Султонов ўқиб эшиттирди.

Йиғилганлар Юртбошимиз табригини гулдурос қарсаклар билан кутиб олдилар. Спортчи ёшлар, маросим иштирокчиси бўлган мезбон ва меҳмонлар юртимизда навқирон авлоднинг ҳар томонлама баркамол вояга етиши йўлида беқиёс ишлар қилинаётганини яна бир бор юракдан ҳис этдилар. Кўнгиллар фахру ифтихорга тўлди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янграб, мамлакатимиз байроғи ҳамда “Баркамол авлод” спорт ўйинлари байроғи кўтарилди. Қатнашчилар юртимизда ёш авлоднинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, спорт билан шуғулланиши учун яратиб берилаётган қулайликларга жавобан аъло ўқиш, юксак марраларни забт этиш, бўлажак спорт беллашувларида ҳалол ва муросасиз курашишга тантанали қасамёд қилдилар.

Уч босқичли мусобақаларнинг эътиборли жиҳатларидан бири шундаки, беллашувларга тайёргарлик жараёнида ҳудудлар инфратузилмаси янада ривожлантирилади. Ҳозиргача ана шундай мусобақалар ўтказилган вилоятларда ажойиб спорт объектлари барпо этилган бўлиб, уларнинг барчаси ўша жойларнинг кўркига кўрк қўшиш билан бирга, яна минглаб ёшлар қалбида спортга муҳаббат туйғуларини уйғотишга хизмат қилмоқда. Наманганда ҳам “Баркамол авлод — 2014” спорт ўйинлари республика босқичи бўлиб ўтиши муносабати билан жуда катта ҳажмдаги қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бажарилди. Хусусан, мусобақалар ўтказиладиган “Баркамол авлод” спорт мажмуи, “Дўстлик” теннис корти, Наманган олимпия захиралари коллежи, Олий спорт маҳорати мактаби, Наманган муҳандислик-педагогика институтининг стадион ва спорт заллари таъмирдан чиқарилиб, замон талаблари даражасига келтирилди. “Навбаҳор” марказий стадионида реконструкция ишлари амалга оширилди. Эндиликда бу иншоот бир йўла 22 минг томошабинни бағрига сиғдира олади. Бундан ташқари, бешта таълим муассасасининг талабалар тураржойлари ҳамда учта овқатланиш мажмуасида ҳам барча шарт-шароит яратилди.

Вилоят ҳокимлиги ҳамда мусобақа ташкилотчилари томонидан спорт байрами қатнашчиларининг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида тадбирлар режаси тайёрланган. Унга кўра, меҳмонлар Наманганнинг диққатга сазовор жойлари билан яқиндан танишадилар. Улар учун концертлар, фильмлар намойиш қилиниб, ижодий учрашувлар, мушоиралар ташкил этилади. Тарихий масканлар, ишлаб чиқариш корхоналари, музей, театр ҳамда маданият ва истироҳат боғларига ёшларнинг ташрифларини уюштириш белгиланган. Алишер Навоий номидаги вилоят мусиқали драма ва комедия театрида ёшлар ҳаётидан ҳикоя қилувчи саҳна асарлари намойиш этилади. “Баркамол авлод” шукуҳи нафақат вилоят марказида, балки чекка ҳудудларда ҳам намоён бўлади. Масалан, Тўрақўрғон, Косонсой, Янгиқўрғон, Чортоқ, Уйчи, Учқўрғон, Норин, Чуст, Поп, Мингбулоқ ва Наманган туманларидаги амфитеатрлар, стадионлар, маданият ва истироҳат боғларида концерт дастурлари қўйилади. Қисқача айтганда, ёшларга унутилмас таассуротларни туҳфа этиш учун барча имконият ишга солинади.

Мусобақаларни оммавий ахборот воситаларининг 140 нафар ходими ёритиб боради. Наманган шаҳридаги “Ёшлар маркази”да “Баркамол авлод — 2014”нинг Матбуот маркази фаолият кўрсатмоқда. Интернетда www.barkamolavlod-2014.uz веб-сайти ишлаяпти.

...“Навбаҳор” стадионини тўлдириб турган минглаб томошабинлар нигоҳи майдонга тантанали тарзда олиб кирилаётган “Баркамол авлод — 2014” спорт ўйинлари машъаласига қаратилади. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, машъала, анъанага кўра, Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги Ўзбекистон Фанлар академияси “Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси Материалшунослик институтининг қуёш ўчоғидан аланга олдирилди. У Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти томонидан ташкил этилган махсус автомобиллар кортежи ҳамроҳлигида Наманганга етказиб келинди. Машъала олиб ўтилган ҳар бир ҳудуд аҳолиси бу ҳаяжонли ва унутилмас онларнинг гувоҳи бўлиш мақсадида пешвоз чиқиб, қўлларида байрам руҳини акс эттирувчи шиорлар, байроқлар билан олқишлаб туришди.

“Баркамол авлод — 2014” спорт ўйинлари оловини бадиий гимнастика бўйича Ўзбекистон чемпиони, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Шоҳиста Рашидова ва белбоғли кураш бўйича уч карра жаҳон чемпиони Рустам Умаров ёқади.

Машъала ҳарорати, тафти барчанинг қалбига ажиб бир илиқлик, қувонч улашди. Майдон узра олқишлар янгради. Аланга мусобақалар давомида ёлқинланиб туради.

Қайд этиш жоизки, 2011 йилда Термизда ўтказилган “Баркамол авлод” мусобақаларида ўсмирлар спортнинг 12 тури бўйича ғолиблик учун кураш олиб борган эди. Бу гал эса финал босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритган  йигит-қизлар ўн олти спорт тури — футбол, волейбол, баскетбол, қўл тўпи, дзюдо, юнон-рум кураши, эркин кураш, бокс, таэквондо ВТФ, енгил атлетика, оғир атлетика, бадиий гимнастика, теннис, стол тенниси, сузиш ва шахмат бўйича ўз имкониятини синовдан ўтказади. Низомга мувофиқ, беллашувлар халқаро Олимпиада талабларига қатъий амал қилган ҳолда ўтказилади. Холислик, ҳалоллик, адолат, ўзаро дўстлик, тотувлик каби Олимпиада қадриятлари мазкур тизимдаги спорт ўйинларининг доимо бош мезони бўлиб келган. 

Санъат усталари ҳамда ижрочи ёшлар томонидан катта концерт намойиш этилди. Спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари йиғилганларда ўзгача таассурот қолдирди.

“Баркамол авлод — 2014” спорт ўйинларининг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. Мирзиёев иштирок этди.

Шавкат ОРТИҚОВ,

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

Ҳасан ПАЙДОЕВ (суратлар),

 «Халқ сўзи» мухбирлари.

 

 

 

 

Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Машъала Наманганга йўл олди Таассурот »

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР