Йигирма йил кутилган ғалаба
  • 05 Декабрь 2017

Йигирма йил кутилган ғалаба

Гонгконгда 20 ёшгача бўлган чавандозлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида ҳамюртимиз Саидамирхон Турғунбоев от спортининг конкур (тўсиқлардан от сакратиш) тури бўйича кумуш медални қўлга киритди. 

Бу мамлакатимиз чавандозларининг сўнгги йигирма йил давомида қўлга киритган илк соврини ҳисобланади.

Юртдошимизнинг бундай нуфузли мусобақада иштирок этиб, қитъанинг йигирма нафар тажрибали чавандозлари орасида шоҳсупанинг иккинчи ўрнига кўтарилишида Президентимизнинг жорий йил 15 июндаги “Ўзбекистон Республикасида йилқичилик ва от спортини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлди.

Беллашувларда “QuickMoney” лақабли отида қатнашган Саидамирхон Турғунбоев финал босқичида саккиз нафар рақобатчисини ишончли ортда қолдираётган эди. Аммо сўнгги лаҳзалардаги кичик хатоси сабабли биринчиликни бой бериб қўйди. 

Ушбу ҳолатга изоҳ берган спортчимизнинг мураббийи Азиз Содиқовнинг айтишича, Саидамирхонга охирги босқичда бир оз дадиллик етишмаган.

Мусобақа совриндорларини Осиё от спорти федерацияси президенти Ҳамад бин Абдулраҳмон ал-Аттия муборакбод этиб, қитъамизда от спорти ривожланиб бораётганини таъкидлади.

Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, Ҳамад бин Абдулраҳмон ал-Аттия сентябрь ойида юртимизга ташриф буюриб, от спорти клублари билан яқиндан танишган ва ёш чавандозларимиз билан мулоқот ўтказган эди.

Фазлиддин АБИЛОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn