Виталий ДЕНИСОВ: Ўзбекистон паспорти, паловнинг таъми ва жаҳон футболидаги глобал муаммо ҳақида гапирди
  • 01 Декабрь 2017

Виталий ДЕНИСОВ: Ўзбекистон паспорти, паловнинг таъми ва жаҳон футболидаги глобал муаммо ҳақида гапирди

 

Sports.ru сайтининг «Узбекская кухня» блоги бу сафар Ўзбекистон миллий терма жамоасининг етакчи ҳимоячиси Виталий ДЕНИСОВдан интервью олди.

Қуйида ана шу суҳбатдан бир шингилини эътиборингизга ҳавола этамиз.

— “Локомотив” (Россия) чемпионатда пешқадамлик қилмоқда. Сизнингча, бунинг асосий сабаби нима?

— Биринчи навбатда, машғулотлар ва ўйинлар давомидаги тинимсиз, десам, янглишмайман.

— Матбуотда “Зенит” чемпионатнинг асосий фаворити сифатида тилга олинмоқда, барибир...

— Умуман, барчаси матбуотда эмас, майдонда ҳал бўлади. Агар “Зенит” чиндан ҳам кучли бўлса, унда чемпионликни тантана қилади.

— Сиз кўрган аввалги мураббийлар билан солиштирганда, Сёминнинг ўзгачалиги айнан нималарда сезилади?

— Тўғриси, ҳеч қачон мураббийларни ўзаро таққосламайман. Ҳар бирининг ўзига хос устунлиги, яхши томонлари бўлади.

— Сайтдаги форумлардан бирида шундай ёзилди: “Тур, ўзингга кел. Доимгидек ўйна”. Айни пайтда асосий таркибдан тушиб қолганингизни қандай изоҳлайсиз?

— Аслида, ўрнимни йўқотиб қўйганим йўқ. Шунчаки жароҳат сабаб даволандим, жамоа бу вақтда менсиз ўйнади. Қувонарлиси эса, кетма-кет ғалабаларга эришди. Бош мураббий бор, барчасини унинг ўзи ҳал қилади.

— “Пахтакор” мактабида сиз билан бирга таҳсил олган йигитлардан кимлар терма жамоа даражасига чиқди?

— Бундайлар кўп. Дейлик, Санжар Турсунов. У билан 6-7 ёшдан танишмиз. Александр Лобанов, Марат Бикмаев, Анзур Исмоилов, Акмал Шораҳмедов, Александр Клецков билан ҳам болаликдан бирга тўп сурганмиз. Яна Фарҳод Тожиев ва Садриддин Абдуллаев ҳам бор.

— Ўзбек футболидаги муаммолардан бири, бу — ёшни камайтириб кўрсатиш. Ҳозиргача буни бир футболчи тан олган — Илёс Зейтуллаев. Асл ёшини яширган ўзбекистонлик футболчиларни биласизми? Фамилияларни айтишингиз шарт эмас.

— Тўғриси, ҳеч кимни “кавламаганман”. Менимча, бу муаммо битта мамлакатга дахлдор эмас. Айтайлик, Россия футболида ҳам шундай иллат бор. Мана, Африкада бунинг ортидан қандай можаролар чиқди. Хуллас, ёшни кичрайтириш бугунги кунда жаҳон футболининг глобал муаммосидир.

— Миш-мишларга қараганда, Ольга Смородская вақтида сизга Россия фуқаролигини таклиф қилган экан...

— Менга Украина паспортини ҳам бермоқчи бўлишган. Агар Россия паспортини олганимда, нима ўзгарарди? Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида ўйнаганим учун бу ерда барибир легионер ҳисобланардим-ку.

— Норасмий маълумотларга қараганда, Вадим Афонин ҳамда Марат Бикмаевда Россия паспорти бор.

— Бу борада нимадир дейишим ноўрин. Борди-ю, мен ҳам Россия фуқаролигини олсам, ушбу мамлакатда яшашим осонлашадими?

— Дейлик, хорижга чиқишда муаммо сезмасдингиз.

— Билмадим-у, аммо Ўзбекистон паспорти билан ҳам бутун дунёга чиқдим. Ҳеч қандай муаммо йўқ. Эҳтимол, қаердадир кўпроқ турарман, баъзан виза олиш узоқроққа чўзилар. Лекин умуман муаммога учрамадим. Жамоа билан бутун Европани кезиб келдим, Америкада бўлдим, Англияда ҳам. Қайтараман, бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ.

— Юрий Сёминга ўзбекистонлик қайси футболчини тавсия эта оласиз?

— Очиғи, кўплаб ҳамюртларим билан битта клубда ўйнашни истардим. Лекин қандай ўйинчи кераклигини Юрий Паличнинг ўзи билади. Қолаверса, селекционерлар турли терма жамоаларда ўйнайдиган кўплаб футболчиларни кузатиб боришади.

— Ўзбекистон миллий терма жамоасига бу сафар жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиши учун нима етишмади?

— Мағлуб бўлдик, ғалаба қозонолмадик. Бошқа гап йўқ. Лекин буни эслаш жуда аламли. Хитой термасига қарши учрашувда ажойиб ҳаракат қилдик. Афсуски, юзага келган вазиятлардан фойдаланолмадик. Натижада 0:1 ҳисобида имкониятни бой бердик.

— Самвел Бабаян ўз ихтиёрида Ўзбекистон термаси тарихидаги энг кучли таркиб борлигини айтганди. Унинг фикрига қўшиласизми?

— Йиғилган таркиб энг кучлиларидан бири эди, менимча. Демак, мураббий қайсидир маънода тўғри гапирганди.

— Ўзбекистон миллий терма жамоаси сизсиз Осиё чемпионатининг ярим финалига чиққанида, ўзингиздан ранжимаганмисиз?

— Нимага ранжишим керак? Бу менга хос эмас. Ахир жароҳат туфайли ўйнолмагандим.

— Москвада тайёрланадиган палов Ўзбекистондагига ўхшайдими?

— Йўқ, ўхшамайди. Тўғри, айрим жойларда паловни анча яхши тайёрлашади. Лекин ўзбек палови Ўзбекистонда барибир бошқача. Қисқаси, Ўзбекистон ва Москвада тайёрланган палов ўртасида ер ва осмонча фарқ бор...

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn