Водий вилоятларида болалар футболини ривожлантириш учун европалик мутахассислар жалб қилинмоқда
  • 01 Декабрь 2017

Водий вилоятларида болалар футболини ривожлантириш учун европалик мутахассислар жалб қилинмоқда

Мамлакатимизда болалар футболини ривожлантириш, ҳудудлардаги болалар ва ўсмирлар ўртасида футболни янада оммалаштириш борасида Ўзбекистон футбол федерацияси бир қатор чора-тадбирларни амалга оширмоқда. 

Бу борада, биринчи галда, болалар мураббийларининг малакасини, билим савиясини ошириш масаласига алоҳида аҳамият қаратилаяпти. Футбол мактабларида Европанинг футболи ривожланган мамлакатлари ўқув-методикаси асосида иш олиб бориш, болалар билан машғулотларни янги услубда, Европа андозаларига мос равишда ўтказиш ва шу йўл орқали юқори савияли футболчиларни тайёрлашга катта аҳамият қаратилмоқда. 

Мана шу мақсадда, вилоятлар тўртта ҳудудга бўлинган ҳолда, ҳар бир ҳудуд учун бир нафардан хорижлик мутахассис жалб қилинади. 

1-ҳудуд: Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро вилоятлари. Марказ – Нукус шаҳри.

2-ҳудуд: Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари. Марказ – Қарши шаҳри.

3-ҳудуд: Андижон, Фарғона, Наманган вилоятлари. Марказ – Фарғона шаҳри.

4-ҳудуд: Сирдарё, Жиззах, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳри. Марказ – Тошкент шаҳри. 

Ўзбекистон футбол федерацияси айни пайтда сербиялик бир қатор мутахассислар билан музокаралар олиб бораяпти. Тез орада музокаралар якунига етиб, тегишли шартномалар имзоланади. 

Хориждан ташриф буюрадиган мутахассис, дастлаб, 3-ҳудуд ҳисобланган водийда иш бошлайди. Қолган ҳудудлар учун Европанинг бошқа давлатларидан ҳам мутахассисларни жалб қилиш режалаштирилган.

Юртимизга ташриф буюрадиган мутахассислар ҳудудларда болалар футболи мураббийлари ва селекционерлари билан иш олиб боришади. Ёшларни футбол мактабларига саралаб олиш, ўқув-машғулотларини ўтказиш, истеъдодли футболчиларнинг маҳоратини сайқал топтириш бўйича керакли маслаҳалар беради ва амалий кўникмаларини бойитишади.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn