Кураш бўйича XI жаҳон чемпионати бошланди
  • 30 Ноябрь 2017

Кураш бўйича XI жаҳон чемпионати бошланди

Туркиянинг Истанбул шаҳрида катталар ўртасидаги кураш бўйича XI жаҳон чемпионати бошланди.

Мазкур нуфузли мусобақа Халқаро кураш ассоциацияси ташаббуси билан Туркия кураш федерацияси ва Истанбулнинг Бахчелеэвлер муниципалитети томонидан ташкил этилди.  

Бугун “Pullman Convention Center Istanbul” меҳмонхонасида Туркия ҳамда хориж давлатларининг оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.  Унда Халқаро кураш ассоциацияси президенти Ҳайдар Фармон (Кувайт), Бахчелеэвлер муниципалитети мэри ва жаҳон чемпионати ташкилий қўмитаси раиси ҳамда Туркия кураш федерацияси президенти Юсуф Йилдирим қатнашди. 

Анжуманда жаҳон биринчилигини юқори савияда ўтказиш учун барча зарур ишлар амалга оширилганлиги маълум қилинди.

Жаҳон чемпионатида Осиё, Африка, Европа ва Америка қитъаларининг элликка яқин давлатларидан келган полвонлар бош соврин учун кураш олиб боради.

Мусобақада 15 та вазн (эркаклар 7, аёллар 8) тоифасида ғолиблар аниқланади. Регламентга кўра, қатнашчи мамлакатлар ҳар бир вазн тоифасида икки нафардан курашчини рўйхатдан ўтказиши мумкин. Мусобақанинг барча ғолиб ва совриндорлари 4 декабрь куни маълум бўлади.

Биринчи декабрь куни жаҳон чемпионати доирасида миллий Кураш федерацияларининг XVII Халқаро кураш ассоциацияси Конгресси ўтказилади. Унда 2018 йилга мўлжалланган турнирлар тақвими ва Халқаро кураш ассоциацияси фаолияти билан боғлиқ бошқа масалалар кўриб чиқилади.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn