Вакилларимизнинг Европадаги ғалабаси
  • 12 Октябрь 2017

Вакилларимизнинг Европадаги ғалабаси

 

Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида қўл жанги бўйича катталар ўртасида Европа очиқ чемпионати бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон терма жамоаси 20 га яқин давлатлар орасида умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.

Ўз вазн тоифаларида барча рақибларини енгган Олим Нормуродов, Муҳиддин Мамажонов, Жаҳонгир Жумаев, Ҳасан Бозоров, Жамшид Раҳмоналиев шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилиб, олтин медаль билан тақдирландилар.

Ботир Хўжабеков эса кумуш медаль соҳибига айланди.

 

Истомин чорак финалда

Тошкентда теннис бўйича давом этаётган “Челленжер” мусобақасининг иккинчи даврасида ҳамюртимиз Денис Истомин Босния ва Герцеговина спортчиси Алдин Сеткичга қарши кортга чиқди.

Денис рақибини икки сет якунига кўра, 6:4, 6:1 ҳисобида мағлубиятга учратиб, чорак финал масаласини ҳал қилди.

Энди у мазкур босқичда беларуслик Владимир Игнатик билан баҳс олиб боради.

 

22 та йўлланма эгаси маълум бўлди

Россияда 2018 йилда футбол бўйича ўтказиладиган навбатдаги жаҳон чемпионати саралаш баҳсларининг гуруҳ учрашувлари якунланди.

Мусобақа мезбони Россиядан ташқари, ҳозирги кунгача 22 та мамлакат мундиаль йўлланмасини нақд қилди. Улар билан -танишинг:

Европа: Франция, Португалия, Германия, Сербия, Польша, Англия, Испания, Бельгия, Исландия.

Жанубий Америка: Бразилия, Уругвай, Аргентина, Колумбия.

Шимолий Америка: Мексика, Коста-Рика, Панама.

Африка: Нигерия, Миср.

Осиё: Эрон, Жанубий Корея, Япония, Саудия Арабистони.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, Исландия ҳамда Панама терма жамоалари ўз тарихида биринчи марта жаҳон чемпионатига борадиган бўлди.

Плей-оффнинг дастлабки босқичида Австралия терма жамоаси ўз майдонида Сурияни қўшимча таймларда киритилган гол эвазига (ҳисоб 2:1) мағлуб этди ва энди навбатдаги учрашувда Гондурас футболчилари билан куч синашади. Янги Зеландия ва Перу ҳам мундиаль йўлланмаси учун ўзаро беллашади.

Суннатилла ИСЛОМОВ 

тайёрлади.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn