Олтин медални “иппон” орқали олди
  • 10 Октябрь 2017

Олтин медални “иппон” орқали олди

 

Пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” спорт мажмуасида дзюдо бўйича Гран-при туркумига кирувчи халқаро турнир бўлиб ўтди.

Халқаро дзюдо федерацияси, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Миллий олимпия қўмитаси, мамлакатимиз дзюдо федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур нуфузли мусобақада 27 давлатдан 183 нафар спортчи совринли ўринлар учун кураш олиб борди.

Кескин ҳамда муросасиз кечган баҳслар якунида ҳамюртларимиз битта олтин, 2 та кумуш ва 9 та бронза, жами 12 та медални қўлга киритди. Жумладан, терма жамоамизга ягона олтин медални 70 килограммгача вазн тоифасида татамига чиққан Гулноза Матниёзова тақдим этди. У финалда даниялик Эмили Соокни соф ғалаба — “иппон” баҳоси билан енгди.

Дилшод Чориев ва Fиёсжон Бобоев эса ҳал қилувчи беллашувда имкониятни бой берди.

Болтабой Болтаев, Шарофиддин Болтабоев, Яҳё Имомов, Шерали Жўраев, Шарофиддин Лутфуллаев, Сардор Нуруллаев, Давронбек Сатторов, Ҳикматиллоҳ Тўраев ҳамда Бекмурод Олтибоев бронза медаль билан тақдирланди. 

Шундай қилиб, Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади. 3 олтин, биттадан кумуш ҳамда бронза медалларини қўлга киритган Исроил терма жамоаси биринчи поғонани банд этди. Кучли ўнталикка, шунингдек, Мўғулистон, Польша, Қозоғистон, Словения, Озарбайжон, Беларусь, Австрия ва Тожикистон терма жамоалари кирди.

Айтиш жоизки, дзюдо бўйича Гран-при туркумидаги мусобақаларга дунё миқёсида қизиқиш катта. Шу боис бундай турнирларга хорижий оммавий ахборот воситалари алоҳида эътибор қаратади. Хусусан, пойтахтимиз мезбонлик қилган Гран-прини “Euronews”, “Eurosport”, “NHK” каби машҳур телеканаллар, www.ippon.tv, www.ippon.org сайтлари кенг ёритди. Ўзбекистон спортчиларининг маҳорати бот-бот эътироф этилди.

Шавкат ОРТИҚОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn