• 04 Октябрь 2017

Ҳалоллик ва мардлик тимсоли

“Кураш”, “ҳалол”, “таъзим”, “тўхта”, “ёнбош”... Ўзбек халқининг тарихий мероси — кураш миллий спорт турида кенг қўлланиладиган бу атамалар халқаро спорт луғати таркибидан ҳам жой олган. Албатта, бу юртимизда мазкур спорт турини кенг ривожлантириш, жаҳон миқёсида оммалаштириш учун қилинган саъй-ҳаракатлар натижаси, десак, айни ҳақиқат.

Кураш тарихи узоқ асрларга бориб тақалади. Авесто китобидаги далиллар, соҳибқирон Амир Темур ёки Жалолиддин Мангуберди билан боғлиқ кўп тарихий воқеликлар мардлик ва ҳалоллик тимсоли саналган кураш билан боғлиқлигини кўриш мумкин. Ота-боболаримиз ёшларнинг руҳан ва жисмонан чиниқиши, рақибга ҳурмат билан муносабатда бўлишини таъминлаш мақсадида уларни турли миллий ўйинлар ҳамда кураш мусобақалари орқали тарбиялашга алоҳида эътибор берганликлари ҳам маълум. Зеро, курашнинг ҳар бир инсонда олижаноблик, бағрикенглик фазилатларини шакллантиришдаги аҳамияти беқиёс.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, бошқа миллий спорт турлари каби кураш ҳам изчил оммалашиб, унга бўлган қизиқиш ортмоқда. Ҳозирги кунда республикамизда 50 мингга яқин йигит-қизлар спортнинг ушбу тури билан мунтазам шуғулланиб келаётгани бунинг тасдиғидир.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 2 октябрдаги “Кураш” миллий спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишдаги ишлар кўламини янада кенгайтиришга қаратилган. 

Бинобарин, унга мувофиқ, “Кураш” миллий спорт турини аҳоли, айниқса, вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида янада оммалаштириш, ўсиб келаётган авлодда миллий ифтихор ҳамда ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлаш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ва жаҳон спорт ареналарида юқори натижаларга эришишни таъминлаш билан боғлиқ бир қатор вазифалар назарда тутилди.

Хусусан, 6 сентябрь — “Кураш” миллий спорт тури куни сифатида белгиланди. Албатта, бу спортнинг мазкур турини янада оммалаштириш ва ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эгадир. 

Шунингдек, қарорда “Кураш” миллий спорт турини янада ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиши, ушбу йўналиш бўйича олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига қабул квоталари оширилиши, жаҳон стандартларига жавоб берадиган “яктак” спорт кийимлари ҳамда “кураш гилам”ларини ишлаб чиқаришнинг ташкил этилиши ва мазкур миллий спорт турини “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада спорт ўйинлари дастурига киритилиши кўзда тутилган.

Шу ўринда айтиш жоизки, “Миллий тикланиш” демократик партияси сайловолди дастурида ўлмас қадриятларимиз, матонат, жасорат, ватанпарварлик ва инсонпарварлик асослари чуқур ифодаланган бўлиб, бу биздан мазкур масалада янада фаол бўлишни тақозо этади. Бугун дунёнинг 130 га яқин давлатларида кураш федерациялари ташкил этилганини ҳисобга олганда, курашимизни Олимпия ўйинлари таркибига киритиш мақсадида халқаро Кураш федерацияси, халқаро ва миллий Олимпия қўмитаси билан алоқани янада мустаҳкамлаш муҳим вазифаларимиздан ҳисобланади. Зеро, ёш авлодни баркамол этиб вояга етказиш, уларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун зарур қулайликларни яратиш жамият ҳаётида соғлом муҳит қарор топишига хизмат қилади.

Акмалжон ЖУМАБОЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 

Қонунчилик палатаси депутати,

«Миллий тикланиш» демократик 

партияси фракцияси аъзоси.