• 29 Сентябрь 2017

Ўзбекистон спортчиларининг ёрқин ғалабалари

Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинлари якунланди. Ўзбекистонлик спортчилар ушбу нуфузли мусобақада 24 олтин, 33 кумуш ва 74 бронза, жами 131 медални қўлга киритди. Вакилларимиз беллашувлар якунида умумжамоа ҳисобида бешинчи ўринни эгаллаган бўлишса-да, энг кўп медаль жамғариш борасида мезбонлардан кейин иккинчи поғонани банд этишди.

Осиё ўйинларида 64 мамлакат спортчилари қатнашди. Шундан 

45 таси Осиё, 19 таси Океания минтақаси давлатидир. Улар орасида Олимпия ўйинлари, жаҳон ҳамда қитъа чемпионатларининг ғолиб ва совриндорлари кўпчилик экани мусобақаларнинг кескин ҳамда муросасиз кечишини таъминлади. Беллашувларда 36 юрт вакилларига медалларни қўлга киритиш насиб қилди. Олтин медалларни эса 28 давлат спортчилари ютиб олишга муваффақ бўлди. Медаллар сони бўйича вакилларимиз Япония, Жанубий Корея, Ҳиндистон каби мамлакатлар атлетларидан анча ўзиб кетишди. Нуфузли мусобақада ғолиб спортчиларимиз шарафига 24 бор мадҳиямиз янграб, байроғимиз 131 маротаба баланд кўтарилди. Бу ҳар қанча фахрланса, ғурурланса арзийдиган муваффақиятдир.

28 сентябрь куни Ватанимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини янада оширишга муносиб ҳисса қўшган спортчиларимиз Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида катта тантана билан кутиб олинди.

Тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, спортчиларнинг ота-оналари, яқинлари, журналистлар иштирок этди.

Истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ ўғил-қизларимизнинг жаҳон андозаларига мос шароитларда билим олиши, жисмоний ва маънавий жиҳатдан етук инсонлар бўлиб улғайишини таъминлаш, қобилияту иқтидорини юзага чиқариш, қалбида она юртга садоқат ҳамда фидойилик туйғуларини шакллантириш мақсадида кенг кўламли чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ қилинмоқда.

Хусусан, янги таҳрирдаги “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Президентимизнинг жорий йил 15 февралдаги “Маданият ва спорт соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда 3 июндаги “Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳани замон талаблари асосида тараққий топтириш, жамиятимизда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг жисмоний тарбия ҳамда оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, спорт мусобақалари орқали ёшларда ўз иродаси, кучи ва имкониятларига бўлган ишончни мустаҳкамлаш, мардлик ҳамда ватанпарварлик туйғуларини уларнинг қалбига сингдиришга хизмат қилмоқда.

Спортчиларимизнинг Ашхободдаги баҳсларга муносиб тайёргарлик кўришида давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 9 мартдаги Ўзбекистон спортчиларини 2020 йил Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёрлашга оид қарори муҳим асос бўлди. 

V Осиё ўйинларининг ўзбек миллий кураши ва оғир атлетика беллашувларида юртимизнинг мазкур спорт тури бўйича терма жамоалари медаллар жамғариш борасида биринчи ўринни қўлга киритишди. Ўзбек кураши бўйича олтин медалларга сазовор бўлган -Кумуш ҳамда Раҳима Йўлдашовалар опа-сингиллардир. Айтиш керакки, бундай нуфузли мусобақаларда бу каби юксак натижалар камдан-кам кузатилади. Маҳоратли полвонимиз Обидали Мавлонов иккита олтин, битта бронза медалга сазовор бўлди. Яна бир вакилимиз -Илҳом Машрабов биттадан олтин ва кумуш медални қўлга киритди. Энг эътиборли жиҳати, спортчиларимиз ўзлари иштирок этган деярли барча мусобақада юқори натижаларга эришишди.

— Осиё ўйинларига пухта тайёргарлик кўрдик, — дейди Обидали Мавлонов. — ўалаба қозониш осон кечмади. Мамлакатимизда спортчилар учун яратилган қулай шароит, давлатимиз раҳбари томонидан биз, ёшларга қаратилаётган улкан ғамхўрлик ютуқларимизнинг асосий омили бўлди.

Дарҳақиқат, спортчиларимизнинг V Осиё ўйинларидаги ғалабалари юртимизда Президентимиз раҳнамолигида спортни ривожлантиришга нечоғли улкан эътибор қаратилаётганини яна бир карра намойиш этиши билан бирга, 2020 йили Токио шаҳрида ўтказиладиган XXXII ёзги Олимпия ўйинларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир кучли спортчилар камолга етаётганини кўрсатди.

Фазлиддин АБИЛОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.