Пешқадамлар ғалаба қозонди
  • 28 Сентябрь 2017

Пешқадамлар ғалаба қозонди

 

Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати олий лигаси 19-турининг қолдирилган 3 та учрашуви бўлиб ўтди.

Мусобақа пешқадами “Локомотив” сафарда “Олмалиқ” жамоасига қарши майдонга чиқди. Сўнгги икки ўйинни асосий рақибларига бой берган “темир йўлчи”лар мазкур баҳсга жиддий ҳозирлик кўришганини амалда исботлаб, 3:1 ҳисобида ишончли ғалаба қозондилар. Меҳмонларнинг голларига М. Бикмаев, И. Алибоев ва С. Мирзаев муаллифлик қилган бўлса, “Олмалиқ” сафида И. Йелич пенальтидан самарали фойдаланди.

Тошкентда “Пахтакор” клуби Муборак шаҳрининг “Машъал” жамоасини қабул қилди. Таъкидлаш керакки, бу жамоалар иккинчи даврада ҳали мағлубиятга учрашмаган эди. Пойтахт клуби беллашувни рақибларига қараганда фаолроқ ўтказиб, якунда 3:1 ҳисобида устун келди.

Чемпионликка яна бир асосий даъвогар — Қаршининг “Насаф” жамоаси Жиззахда “Сўғдиёна” жамоасига жавобсиз учта гол киритиб, йирик ҳисобдаги ғалабага эришди.

Айни пайтда “Локомотив” клуби 48 очко билан турнир жадвалини бошқариб турган бўлса, иккинчи ҳамда учинчи поғоналарда бораётган “Насаф” ва “Пахтакор” жамоалари 41 тадан очко жамғарган.

С. ИСЛОМОВ тайёрлади.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn