• 26 Сентябрь 2017

Полвоннинг орзуси шогирдлари тимсолида рўёбга чиқмоқда

Хатирчи — кураги ер кўрмаган полвонлар манзили. Оқтов этакларидаги юзлаб қишлоқларнинг тўй-томошалари кураш мусобақалари билан файзли ўтган. Гарчи ориятни устун қўйган мардимайдонлар ҳақидаги ҳикоялар лофдек туюлса-да, бироқ аслида улар ҳақиқатдан кўп ҳам йироқ эмас.

— Олтинсойда Нажмиддин полвон ўтган, — дейди фахрий спортчи Жумақул Қурбонов. — Бир тортганида, кўпкарига чопиладиган асов отни тўхтатиб қўяркан. Бу гапда эҳтимол муболаға бордир, лекин унинг енгилганини биров кўрган эмас. Афсуски, шундай полвонлар ўша замонларда на бир мусобақага чақирилди, на бир шароитдан баҳраманд бўлди. Шу сабаб уларнинг довруғи қўшни тумандан нарига ўтгани йўқ.

Оққан дарё оқаверади. Хатирчи бугун ҳам номдор полвонларига эга. Аббос Раҳмонов — улардан бири. У ўн етти ёшида Осиё чемпиони бўлди. Ўтган йили Бразилия мезбонлик қилган Олимпиада ўйинларида эркин кураш бўйича ўз маҳоратини намойиш этди.

Албатта, бу мамлакатимизда болалар спортига давлат миқёсида қаратилаётган эътибор самарасидир. Бинобарин, шу ғамхўрлик туфайли Хатирчида ҳам бир қатор спорт иншоотлари бунёд қилиниб, жисмоний етуклик машқлари билан шуғулланадиган болалар сафи кенгаймоқда.

— Бугун туманимиздаги 622 та спорт секциясида 11475 нафар бола спортнинг 16 тури бўйича машғулотларда мунтазам иштирок этаяпти, — дейди вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармасининг Хатирчи туманидаги бош мутахассиси Мадамин Абдуллаев. — Мазкур кўрсаткич ўтган йилдагига нисбатан 1,5 минг нафар кўпдир. Биргина жорий йилда халқаро мусобақаларда 7 нафар, мамлакат чемпионати ҳамда кубоги баҳсларида 41 нафар спортчимиз қатнашиб, 5 та олтин ва 2 та кумуш медалга сазовор бўлди. Айниқса, эркин кураш бўйича қўлга киритган ютуқларимиз эътиборга молик.

Дарҳақиқат, ҳудудда спортнинг ушбу тури тобора оммалашиб бормоқда. Бунда мураббий Зафар Сатторовнинг алоҳида ҳиссаси бор. У меҳнат қилаётган туман болалар ва ўсмирлар спорт мактабида эркин кураш секцияси фаолият юритаяпти. Бу ерга 80 нафар бола аъзо. Уларни тарбиялаб, вояга етказиш тизими шундай йўлга қўйилганки, бунда бир авлод иккинчисининг изидан ютуқларни қўлга киритиб келаверади.

— Мисол учун, Аббоснинг ортидан ундан икки ёш кичик Ислом Илҳомов Осиё чемпиони бўлди, — дейди мураббий. — Айни кунларда у Республика олимпия захиралари коллежида ўқиш баробарида, Токиода бўлиб ўтадиган навбатдаги Олимпиадага пухта тайёргарлик кўраяпти. Муҳими, умидли ёшларимиз кўп. Уларнинг нафақат жисмоний, балки руҳий тайёргарлигига ҳам алоҳида эътибор қаратамиз.

Зафар Сатторов катта спорт билан хайрлашганида, эндигина йигирма икки ёшга тўлган эди. Бунга мусобақалардан бирида олган жароҳати сабаб бўлганди. Фаолиятини мураббийликда давом эттирди. Ўзи эриша олмаган марраларни шогирдлари тимсолида кўра бошлади.

— Ҳеч эсимдан чиқмайди, 1998 йили шогирдим мамлакатимиз чемпиони бўлди, — дейди у. — Бу бизнинг илк йирик муваффақиятимиз эди. Шундан кейин минтақавий мусобақалар, Осиё биринчиликларида қатнаша бошладик. Бу орада болалар спортига эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Имкониятлар кенгайди. Ҳар бир ютуғимизга рағбат кучайди.

Зафар Сатторовнинг меҳнати ҳам муносиб тақдирланди. Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, миллий ғояни ривожлантириш, маънавиятимизни тиклаш, ўзлигимизни англаш йўлида катта ҳисса қўшганлиги, ҳалол хизмати, ёшларни она-юртга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ҳамда жамоат ишларидаги фаоллиги учун у Президентимиз Фармонига кўра, мустақиллигимизнинг йигирма олти йиллиги арафасида “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” унвони билан тақдирланди. Албатта, бу эътибор ва эътироф мураббий ҳамда унинг шогирд-лари учун янги-янги марралар сари қанот бўлмоқда.

Темур ЭШБОЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Азамат ЗАРИПОВ олган сурат.