• 22 Сентябрь 2017

Ҳарбий спортчилар: «Муваффақиятларимиз — жонажон Ватанимизга чексиз меҳр-муҳаббатимиз ифодаси»

Ришод Собиров, Одилжон Тулендибоев, Бектемир Мелиқўзиев, Дмитрий Шокин, Муроджон Аҳмадалиев, Шуҳрат Бобоев, Феруз Сайидов, Надия Дусанова, Дониёр Солиев... Бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин. Жаҳон спорт ареналарида юртимиз номини улуғлашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган ушбу иқтидор эгалари Марказий ҳарбий спорт клуби аъзоларидир. Қувонарлиси, улар сафи йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан Миллий матбуот марказида ўтказилган анжуман ҳарбий спортчилар эришаётган натижалар таҳлилига бағишланди.

Билимли, жисмонан соғлом ва маънан етук. Бугун миллий армиямиз сафларини тўлдиришда ана шу жиҳатларга алоҳида аҳамият қаратилаяпти. Чунки бундай фазилатларга эга инсон ўзи туғилиб ўсган жонажон Ватанининг қадрини, меҳрини чуқур ҳис этиб, унинг тинчлигига, равнақига муносиб ҳисса қўшишни фарзандлик бурчи, деб билади.

Мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш йўлидаги ислоҳотлар жараёнида эса ҳарбий хизматчиларнинг тайёргарлигини янада ошириш, хусусан, уларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг учун зарур шарт-шароитлар яратилаётир. Ана шу саъй-ҳаракатлар самараси эса ҳарбий хизматчиларимизнинг спортда эришаётган ютуқларида яққол ифодасини топаяпти. Жумладан, яқинда давлатлараро “Армия — 2017” ҳарбий ўйинлари ўтказилди. Унда округ ҳарбий қисмларида хизмат қилаётган ҳарбийлар ўзининг назарий билим ҳамда амалий кўникмасини муносиб намойиш этиб, фахрли ўринни эгалладилар.

Жорий йилнинг ўтган даврида эса Марказий ҳарбий спорт клуби вакиллари томонидан халқаро миқёсдаги мусобақаларда 69 та, республика турнирларида эса 420 та медаль қўлга киритилди.

— Клубимиз мамлакатимизда ҳарбий спортни юксалтиришга ҳисса қўшиб келмоқда, — дейди Марказий ҳарбий спорт клуби бошлиғи Константин Юркевский. — Айни пайтда бизда спортнинг 17 тури бўйича машғулотлар ўтказилмоқда. Уларнинг аксарияти ёзги Олимпиада ўйинлари дастуридан ўрин олган. Спортчиларни тайёрлашга малакали мураббийлар жалб қилинган. Ўтган йили Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган XXXI ёзги Олимпиада ўйинларида клубимиз аъзоларидан Бектемир Мелиқўзиев кумуш, Ришод Собиров ва Муроджон Аҳмадалиев бронза медални қўлга киритди. XV Паралимпия ўйинларида Одилжон Тулендибоев биринчи, Шуҳрат Бобоев ҳамда Феруз Сайидов учинчи ўринни эгаллади. Ҳозир яна жуда кўплаб ёш иқтидорларимиз вояга етаяпти. Ишончимиз комилки, келгусида музаффар спортчиларимиз сафи бундан-да кенгаяди.

— Муваффақиятларимиз — жонажон Ватанимизга чексиз меҳр-муҳаббатимиз ифодаси, — дейди боксчи Бектемир -Мелиқўзиев. — Эришаётган ғалабаларимиз биз, спортчиларга яратиб берилган шароитлар натижасидир. Айни пайтда ўзим машғулот ўтказадиган Марказий ҳарбий спорт клубида беллашувларга пухта тайёргарлик кўриш учун ҳамма имкониятлар мавжуд. Бундан кейин ҳам юртимиз шаънини улуғлаш йўлида бор куч ва маҳоратимизни ишга соламиз.

Азизбек РАМАЗОНОВ.