• 15 Сентябрь 2017

Спорт — тинчлик ва ҳамкорлик таянчи

Маълумки, спорт инсон саломатлиги ва руҳиятини мустаҳкамлаши билан бирга, қудратли бирлаштириш омили ҳамдир. У турли халқлар ўртасида дўстона муносабатлар ва бир-бирини тўғри тушунишни ривожлантиришга, элларни яқинлаштириш, тенглик, ўзаро ҳурмат ҳамда адолатпарварлик сингари қадриятларни барқарор тараққий топтиришга кўмаклашади.

Кейинги пайтларда Марказий Осиё минтақаси халқаро миқёсдаги спорт му-собақаларига бойиб бормоқда. Масалан, жорий йилнинг 17 — 27 сентябрь кунлари Ашхобод Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинлари мусобақасига мезбонлик қилади. Унинг очилиш маросимида Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этади. Давлатимиз раҳбарининг мазкур спорт тадбири муносабати билан Туркманистонга буюражак амалий ташрифи икки қардош халқлар бир-бирининг қувончига шерик бўлишга тайёр эканлигининг яна бир тасдиғидир.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, Туркманистон V Осиё ўйинлари мусобақаларини юксак даражада ўтказишга пухта тайёргарлик кўрди. Мамлакатда бундай қамровдаги тадбирнинг ўтказилиши 2006 йили Осиё Олимпиада кенгаши Ижроия қўмитаси йиғилиши якунлари бўйича қабул қилинган қарорлар ижроси инъикосидир. Энди Ашхобод жаҳоннинг спорт пойтахтларидан бири мақомига эга бўлади.

Туркманистон пойтахтининг Олимпия шаҳарчаси — 157 гектар майдонда жойлашган замонавий кўп функционалли спорт мажмуи 30 та объектни, шу жумладан, Паралимпия мажмуаси ҳамда реабилитация тиббиёт маркази ва унинг мажмуа ҳудудида ҳаракатланиши учун қурилган кўп рельсли йўлни ўз ичига олган.

Бу ерда спортнинг 21 тури, жумладан, шахмат, футзал, теннис, муай-тай, самбо, кураш, жиу-житсу, боулинг, велопойга (трек), сузиш (50 метрли бассейнда), енгил атлетика, оғир атлетика (пауэрлифтинг), баскетбол, таэквондо (WTF), спорт рақслари, кикбоксинг, белбоғли кураш, спорт курашлари (эркин ва юнон-рум), бильярд, конкур ҳамда Туркман миллий кураши — гореш спорт турлари бўйича мусобақалар бўлиб ўтади.

Айтиш жоизки, ушбу беллашувларга Ўзбекистонда ҳам қизғин ҳозирлик кўрилди. Турнирда спортнинг шахмат, муай-тай, самбо, кураш, кикбоксинг ва бошқа турлари бўйича 300 нафарга яқин атлетларимиз иштирок этади. 

2016 йили Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларида ўғлонларининг мисли кўрилмаган ғалабаларидан илҳомланган ўзбек халқи ўз спорт усталаридан Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинлари мусобақаларида ҳам муносиб натижаларни кутмоқда.

Шавкат Мирзиёевнинг Ашхободга амалий ташрифи икки мамлакат етакчилари ўртасида юзага келган самарали ҳамда ишончли мулоқотни давом эттириш, дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарини янада мустаҳкамлашга имконият яратади.

Бундан олдин бўлиб ўтган олий даражадаги самарали учрашув ҳамда музокараларнинг муҳим натижаси ўлароқ, икки томонлама муносабатлар стратегик шерикликнинг сифат жиҳатидан янги даражасига кўтарилди. Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил май ойида Туркманистонга буюрган амалий ташрифи спорт соҳасидаги муносабатлар ривожига қўшимча туртки берди. Давлат раҳбарларининг Туркманбоши шаҳридаги учрашуви доирасида мазкур йўналишдаги ҳамкорликни ривожлантириш ва ўзаро алоқаларни янги марраларга олиб чиқиш, тажриба алмашиш борасида муҳим келишувларга эришилди.

Икки мамлакат Президентларининг жорий йил 29 июнь куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқоти чоғида барча даражадаги алоқалар жадаллашаётгани, шунингдек, савдо-иқтисодий, транспорт, энергетика, маданий-гуманитар ҳамда бошқа соҳаларда қўшма лойиҳалар ҳаётга фаол татбиқ қилинаётгани қониқиш билан қайд этилди.

Мамлакатларимиз маданий-гуманитар жабҳадаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга ҳам жуда катта аҳамият бермоқда. Шу мақсадда икки давлат ҳукуматлари ўртасида 2017 — 2019 йиллардаги Ҳамкорлик дастури имзоланган. Уни амалиётга татбиқ қилиш доирасида Ўзбекистон ва Туркманистон вакиллари икки мамлакат ҳудудларида ўтказиладиган турли тадбирларда, концерт, фестиваль ҳамда танловларда фаол қатнашаяпти.

Мухтасар айтганда, Ўзбекистон — Туркманистон ўртасидаги ҳамкорликнинг аниқ йўналишлари ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлашга асосланган. Давлатларимиз етакчиларининг ҳар бир учрашувида бу ўз тасдиғини топмоқда. Шу боис Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ашхободга буюражак ташрифи икки томонлама муносабатларга қўшимча туртки беришига ва қардош халқларнинг бугунги ҳамда келгуси авлодлар фаровонлиги йўлида ўзаро ҳамкорлик муносабатларининг янги қирраларини белгилаб олишга имкон яратиши шубҳасиз. Қўшнилар ўртасида мустаҳкам дўстликнинг мавжудлиги минтақамизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини, шу жумладан, спортдаги аҳамиятини изчил оширишга ҳам имкон беради.

Ашхободда ўтадиган Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинлари мусобақасида иштирок этадиган ўзбек спорт усталарига эса улкан зафарлар ёр бўлишини тилаймиз.

Д. АТАХАНОВА.

«Жаҳон» АА.