Депутат сўрови — парламент назоратининг таъсирчан шакли
  • 18 Апрель 2017

Депутат сўрови — парламент назоратининг таъсирчан шакли

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Конституциямиз қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида парламентга шаҳар ва туманлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганиш, таҳлил этиш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида тегишли раҳбарлар ҳисоботларини эшитиш тизимини жорий қилиш таклиф этилган эди.

Айни пайтда парламент назоратининг ушбу таъсирчан механизми кенг жорий қилиниб, депутатлар жойларда ҳар ойнинг биринчи ўн кунлигида халқ билан самарали мулоқотга киришмоқда, учрашувлар чоғида аниқланган камчилик ва муаммоларга мутасаддилар эътибори жалб этилаяпти. Ушбу жараёнда парламент назоратининг депутат сўрови шаклидан фойдаланилаётгани ҳудудлардаги ижро ҳокимияти масъулиятини янада кучайтириш баробарида, қабул қилинадиган ҳар бир қонуннинг халқчиллигини таъминлаш, энг муҳими, уларнинг ижроси самарадорлигини оширишда айни муддао бўлаётир. Биргина жорий йилнинг февраль ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига 117 та депутат сўрови киритилган.  

Парламент қуйи палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан “Депутат сўровини амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари: назария ва амалиёт” мавзуида ташкил этилган семинарда ана шулар хусусида сўз юритилди. 

Депутатлар, Бош прокуратура, Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти вакиллари ҳамда журналистлар қатнашган тадбирда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида парламентнинг масъулиятини юксалтириш, қонун чиқарувчи органнинг қонун ижодкорлиги, сайловчилар билан мулоқоти ва назорат-таҳлил фаолиятини янада такомиллаштириш муҳимлиги қайд этилди. Айни чоғда унинг давлат органлари фаолияти устидан назоратни олиб бориш билан боғлиқ функциясини ҳам бугунги кун талабидан келиб чиққан ҳолда жонлантириш кераклиги айтиб ўтилди.  

Тадбирда парламент назоратининг шаклларидан бири сифатида депутат сўрови белгиланганлигига алоҳида эътибор қаратилди. 

Олий Мажлиснинг парламент назоратини олиб бориш бўйича фаолиятини такомиллаштиришда ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг парламент олдидаги масъулиятини кучайтириш учун қўшимча механизмларни яратишда “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонун муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур ҳужжатга мувофиқ,  Қонунчилик палатаси депутати давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига тегишли сайлов округи сайловчиларининг ёки Ўзбекистон экологик ҳаракатининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билан сўров юборишга ҳақли. 

— Ҳозирги пайтга қадар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан юбориладиган сўров ҳам, депутат томонидан юбориладиган сўров ҳам бир хилда “парламент сўрови” деб аталарди, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жаҳонгир Ширинов. — Депутат сўровини юбориш тартиб-таомили парламент сўровини юбориш тартиби билан бир хил бўлиб, депутат учун қатор ноқулайликлар келтириб чиқарарди. “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонун қабул қилингандан сўнг “депутат сўрови” ва “парламент сўрови” тушунчалари бир-биридан ажратилди. Эндиликда парламент назоратининг 13 шаклидан энг тезкор амалга ошириладигани, бу — “депутат сўрови”дир.

Семинарда депутат сўровидан кенг ва самарали фойдаланиш масалалари, унинг назарий асослари муҳокама қилинди.

Шунингдек, депутат сўровини тайёрлаш тартиби, депутат сўровини кўриб чиқиш муддати ва тартибини бузганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги масаласига оид қатор таклифлар билдирилди.

Якунда парламент назоратининг бошқа шаклларини, жумладан, “парламент сўрови” ва “парламент эшитуви”ларини янада самарали қўллаш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. 

Зиёда АШУРОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn