Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Кенгашининг ўттизинчи мажлиси тўғрисида
  • 31 Март 2017

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Кенгашининг ўттизинчи мажлиси тўғрисида

Тошкент шаҳрида 2017 йил 30 март куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (ШҲТ МАТТ) Кенгашининг навбатдаги, ўттизинчи мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Қозоғистон Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси ва ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси вакиллари иштирок этди.

ШҲТ МАТТ Кенгашининг мажлиси Хитой Халқ Республикаси раислигида ўтди. 

Мажлис якунларига кўра, ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашига тақдим этиладиган ШҲТ МАТТ Кенгашининг мазкур халқаро тузилманинг 2016 йилдаги фаолияти тўғрисидаги маърузаси маъқулланди, 2016 йилда ШҲТга аъзо давлатларнинг терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича 2016 — 2018 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури ва ШҲТ МАТТ Кенгашининг аввал қабул қилинган қарорлари ижроси муҳокама қилинди. ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органларининг Тожикистон Республикаси ҳудудида ўтказилган терроризмга қарши “Ҳамкорлик — 2016” биргаликдаги ўқув машқлари якунларига юқори баҳо берилди.

ШҲТнинг экстремизмга қарши курашиш тўғрисидаги конвенцияси лойиҳаси маъқулланди.

2017 йилда ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органларининг терроризмга қарши биргаликдаги ўқув машқлари ва чегара операциялари, ШҲТга аъзо ва кузатувчи давлатлар делегациялари иштирокида халқаро терроризм ҳамда экстремизмга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига бағишланган бешинчи илмий-амалий конференцияни ўтказиш бўйича қарорлар қабул қилинди. 

ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органларининг экстремистик йўналишдаги диний оқимларнинг бузғунчи фаолияти оқибатида юзага келадиган таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашиш бўйича ҳамкорликдаги чора-тадбирлар маъқулланди. 

ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитасининг ўтган даврдаги фаолияти ижобий баҳоланди. ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси фаолиятини ташкилий ва кадрлар билан, молиявий таъминлаш, терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашиш соҳасида ШҲТга аъзо давлатлар ҳамкорлигининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга доир масалалар юзасидан қатор қарорлар қабул қилинди.

ШҲТ МАТТ фаолиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун мазкур давлатлар ваколатли органларининг қатор ходимлари ва ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитасининг мансабдор шахслари рағбатлантирилди.

ШҲТ МАТТ Кенгашининг навбатдаги мажлисини 2017 йил сентябрь ойида Хитой Халқ Республикасида ўтказишга келишиб олинди. 

Кенгаш мажлиси ишчанлик ва амалий руҳда ўтди.

ЎзА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn