Халқ билан доимий мулоқот
  • 04 Январь 2017

Халқ билан доимий мулоқот

жамиятда адолатни қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этади

Халқимиз Янги — 2017 йилни катта хурсандчилик билан кутиб олди. “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб ном олган жорий йилнинг аввалида ўз олдига буюк мақсадларни қўйган юртдошларимиз мамлакатимизда ўтган йили амалга оширилган кенг қамровли иқтисодий, сиёсий ҳамда ҳуқуқий ислоҳотлар, энг аввало, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилганини ҳамда бу борадаги -ислоҳотлар ҳаётимизда изчиллик билан давом эттирилаётганини яна бир карра ҳис қилишди.

Бинобарин, Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ушбу йўналишдаги ишлар кўламини кенгайтириши билан бир қаторда, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг муносиб турмуш кечиришлари учун зарур шарт-шароит яратиш, энг муҳими, давлат органларининг одамлар билан доимий мулоқотини ўрнатишни ташкил этишга хизмат қилиши билан долзарб аҳамият касб этди. Айни чоғда у “Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар” деган конституциявий тамойилни амалда қарор топтириш, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги тизими жорий этилишининг ҳуқуқий асоси бўлди, десак, асло муболаға эмас.

Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари мамлакатимизнинг барча маъмурий ҳудудларида тузилиши белгилангани, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ташкил этилгани ҳар бир шахснинг бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилишга оид конституциявий ҳуқуқларининг сўзсиз амалга оширилиши учун янада кенг шароитлар яратиб берилишига хизмат қилади.

Бу билан давлат инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқларини олий қадрият сифатида тан олган ҳолда, фуқаронинг ҳар бир мурожаатини эътиборсиз қолдирилмаслигини таъминлайди. Шу билан бирга, ҳуқуқни қўллаш амалиётида қандай бўшлиқлар мавжудлигини аниқлаш имконини бериб, амалдаги қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишига асос бўлади.

Маълумки, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари қонунларнинг ислоҳотлар самарасига таъсирини кўрсатиб турувчи ўзига хос кўзгу ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан мазкур Фармонда белгиланган чора-тадбирлар тадбиркорлик субъектларининг ривожланишига халақит бераётган тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш, қонунчиликка зид бўлган идоравий қарорларни бекор қилиш, ишга жойлашиш, соғлиқни сақлаш, банк кредитларидан эркин фойдаланиш, уй-жой-коммунал ва йўл-транспорт хизматлари сифатини яхшилаш масалалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларининг фаолиятини такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

Умуман айтганда, давлатимиз раҳбарининг ушбу Фармони ижросини таъминлаш парламент аъзоларидан ҳам катта масъулият талаб этади. Жойларда унинг мазмун-моҳияти, аҳамиятини аҳоли ўртасида кенг тушунтириш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга оид учрашувларни мунтазам ташкил этиш, қонунлар ижросини назорат-таҳлил тартибида ўрганишда мавжуд муаммо ва камчиликларга масъулият билан эътибор қаратишда, биз, депутатлар фаоллик кўрсатишимиз мақсадга мувофиқдир. Зеро, одамларда ўз ҳуқуқини билишга интилишни кучайтириш уларнинг қонунларни мукаммал билишларига, пировардида эса фаровон яшашларига имкон беради.

Мухтабар ҲУСАНОВА,

Ўзбекистон Республикаси 

Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn