Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг сессияси
  • 16 Декабрь 2016

Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг сессияси

2016 йил 15 декабрь куни халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари каби Сирдарё вилояти ҳам изчил ривожланиб бормоқда. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2015 йил 9 мартдаги фармойишига мувофиқ ишлаб чиқилган 2015 — 2019 йилларда Гулистон шаҳрида дренаж тизимини янада такомиллаштириш, мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва ер ости сув сатҳини камайтириш, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш дастури улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларига асос бўлмоқда. Шаҳар ва қишлоқларда янги уй-жойлар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилмоқда.

Сирдарё иссиқлик электр станцияси, “Жиззах” эркин иқтисодий зонасининг Сирдарё филиали мамлакатимиз иқтисодиётида алоҳида ўрин тутмоқда. “Река мед фарм” ва “Гулистон медтехника” қўшма корхоналари, “Бек” бирлашмасида ишлаб чиқариш ҳажми ортмоқда. Янги кичик бизнес субъектлари ташкил этилмоқда.

Сессияда асосий эътибор Сирдарё вилоятида амалга оширилиши лозим бўлган масалаларга қаратилди. 

Халқимиз билдирган ишончни оқлаш учун эскича услубда ишлашга ҳаққимиз йўқ. Одамлар янада яхши яшаши учун биздан катта ўзгаришлар, натижалар кутмоқда, деди давлатимиз раҳбари.

Вилоят иқтисодиётини ривожлантириш, экспорт салоҳиятини ошириш, туманларни субвенциядан чиқариш, янги корхоналар ташкил этиш, аҳолини иш билан таъминлаш, қишлоқ хўжалигини таркибий ўзгартириш бўйича белгиланган истиқболли лойиҳалар ижроси кўриб чиқилди. Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида келгуси тўрт йилда вилоятга Давлат бюджетидан 391 миллиард сўм маблағ ажратилгани таъкидланди.

Президентимиз вилоятда эришилган ютуқларни қайд этиш билан бирга, йўл қўйилган камчилик ва нуқсонлар, мавжуд муаммолар ҳақида ҳам батафсил тўхталиб ўтди. 

Бугун Сирдарё вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш суръатлари бизни қониқтирмайди, деди давлатимиз раҳбари. Фикримизнинг тасдиғини биргина Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонасига ўтган 2 ойда вилоят фуқароларидан 2 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушгани ва шундан атиги 793 таси ижобий ҳал қилингани мисолида ҳам кўриш мумкин. Мана шунинг ўзи Сирдарё вилояти раҳбарларига берилган баҳодир. Бу нафақат вилоят раҳбарияти, шаҳар ва туманлар ҳокимларининг ҳам айби, десак, адолатдан бўлади. Вилоятда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга етарлича эътибор қаратилмаётгани оқибатида уларнинг 930 таси фаолият кўрсатмаётгани танқид қилинди. 

Маҳсулот ва хизматлар экспорти масаласи ҳам талаб даражасида эмас. Ўтган 11 ой давомида бу борадаги прогноз режаси 77,9 фоизга бажарилган.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Бошқа ишга ўтгани муносабати билан Ойбек Ашурматов Сирдарё вилояти ҳокими лавозимидан озод қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев тавсиясига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти девони масъул ходими вазифасида ишлаб келаётган ўофуржон Мирзаев Сирдарё вилояти ҳокими этиб сайланди. 

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Сирдарё вилояти ҳудудий бўлинмаси директори Солижон Қудратов, Сирдарё тумани ҳокими Собиржон Назаров, Оқолтин тумани ҳокими Ҳамробой Раззоқов, Сайхунобод тумани ҳокими Носир Эгамбердиев ва бошқалар Президентимиз нутқида Сирдарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ўз ечимини кутаётган муаммоларни ҳал этиш, бошқарув тизимидаги раҳбарларнинг масъулияти ва жавобгарлигини оширишга қаратилган долзарб вазифалар белгилаб берилганини, вилоят аҳолиси билдирилган танқидий фикрлардан тўғри хулоса чиқариб, барча соҳа ва тармоқлар бўйича қабул қилинган дастурларни изчил амалга ошириш учун астойдил меҳнат қилади, деб таъкидлади.

А. САМАДОВ, 

ЎзА махсус мухбири.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn