Қишлоқ хўжалигида уруғчиликни ривожлантириш унинг ҳуқуқий асосини янада такомиллаштиришни талаб этади
  • 04 Май 2016

Қишлоқ хўжалигида уруғчиликни ривожлантириш унинг ҳуқуқий асосини янада такомиллаштиришни талаб этади

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда мутахассислар, экспертлар ҳамда олимлар иштирокида уруғчилик ва унга оид қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш истиқболларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда юртимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида туб ислоҳотлар амалга оширилаётгани, бунда селекция ишларини яхшилаш, ғўза ҳамда бошоқли дон экинларининг районлаштирилган навларини жорий қилиш, замонавий агротехнологияларни ўзлаштириш кабилар муҳим омил бўлаётгани эътироф этилди. Айни чоғда мамлакатимиз олимлари томонидан уруғчилик соҳасида ижобий натижаларга эришилаётгани таъкидланди. 1996 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Уруғчилик тўғрисида”ги Қонуни, унга мувофиқ ишлаб чиқилган 50 дан ортиқ ҳуқуқий ҳужжатлар бунга имкон яратди.
— Қишлоқ хўжалиги хом ашёсини етиштиришда уруғчилик соҳасини ривожлантириш, мева-сабзавотларнинг республикамиз турли минтақаларига мос тезпишар, серҳосил, интенсив навларини яратиш ҳамда кўпайтириш, шу орқали аҳолини асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш муҳим аҳамиятга эга, — дейди Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти директори Рафиқжон Ҳакимов. — Шу боис уруғчиликка жаҳон тажрибаси ютуқларини янада кенгроқ жорий этиш, уларнинг сифат кўрсаткичларини сертификатлаш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа ўсимлик маҳсулотларини етиштириш, тайёрлаш, ташиш, сақлаш, қайта ишлаш, реализация қилишнинг ҳуқуқий механизмларини ривожлантириш соҳадаги қонунчилик ҳужжатларини янада такомиллаштиришни талаб этмоқда. Мулоқот чоғида муҳокама қилинган ана шу масалалар юзасидан билдирилган фикр-мулоҳазалар бунда долзарб аҳамиятга эгадир.
Давра суҳбатида Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг соҳага тегишли қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштиришга қаратилган ишлари юзасидан маърузалар тингланди.
Якунда уруғликларнинг сифат кўрсаткичларини сертификатлашни такомиллаштириш, уларни етиштириш ҳамда реализация қилиш билан боғлиқ масалаларнинг ҳуқуқий механизмларини ривожлантиришга доир таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.


Зиёда АШУРОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn