Парламентнинг назорат функцияси сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда
  • 20 Апрель 2016

Парламентнинг назорат функцияси сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда

Республикамизда сўнгги йилларда амалга оширилган конституциявий ислоҳотлар давлат ҳокимияти тизимида олий вакиллик органи — парламентнинг роли ва аҳамиятини сезиларли даражада кучайтирмоқда.

Бунда давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 23 январдаги парламент палаталари қўшма мажлисидаги маърузасида янги конституциявий шароитда парламент эшитувлари, ҳукумат аъзолари, давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг қонунчилик талаблари ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги ҳисоботларини тизимли равишда эшитиб бориш, депутатларнинг сўровларига атрофлича жавоб қайтаришни таъминлаш парламентнинг кундалик иши бўлмоғи зарурлигига оид билдирган фикрлари улкан аҳамият касб этмоқда.

Яқинда кучга кирган “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонун ҳам парламентнинг назорат функциясини сифат жиҳатидан янги асосда қуриш ва таъминлаш бўйича самарали тизим яратилишига салмоқли пойдевор бўлиши, шубҳасиз.

Дарҳақиқат, ушбу вазифаларни ҳал этиш мақсадида парламент назоратига оид яхлит ҳамда тизимлашган ҳуқуқий база — “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонунни яратиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилганини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Жумладан, парламент назоратига оид пухта ҳуқуқий асосни ишлаб чиқиш жараёнида соҳага оид қатор қонун ҳужжатлари, тўпланган тажриба ва амалиёт таҳлил қилинди. АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Испания, Жанубий Корея, Япония ҳамда бошқа давлатларнинг илғор тажрибалари ўрганилиб, эътиборга олинди.

Қонун лойиҳасини ҳар томонлама муҳокама қилишга қаратилган 30 дан ортиқ конференция, семинар ва давра суҳбатлари ўтказилди. Шунингдек, сиёсий партиялар фракциялари, олимлар, юқори малакали мутахассис ҳамда экспертлар кенг жалб қилинган ҳолда қизғин баҳс ва мунозаралар ташкил этилди. Келиб тушган 200 дан зиёд таклифлар умумлаштирилиб, уни маромига етказишда ҳисобга олинди.

“Парламент назорати тўғрисида”ги Қонунда парламент назорати субъектлари ҳамда объекти, назорат шакллари ва натижалари, қонун ҳужжатлари ижроси ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва қонун ости ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан мониторингни амалга ошириш, очиқлик ҳамда ошкоралик масалалари аниқ қоида ва процессуал механизмлар билан тартибга солинган.

Айтиш жоизки, Юртбошимиз ғояси асосида қабул қилинган “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонун очиқ демократик ҳуқуқий давлат қуриш йўлида қўйилган навбатдаги муҳим қадам бўлиб, ҳокимиятлар бўлиниши конституциявий принципи асосида парламентнинг ролини ошириш, унинг фаолиятини такомиллаштириш, ижро этувчи ҳокимият устидан парламент назорати самарадорлигини кучайтиришга қаратилган демократик ўзгаришларни рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

Узоқни кўзлаб ҳаётга татбиқ этилаётган конституциявий ислоҳотлар шароитида Олий Мажлис палаталари ҳамда энг аввало, фракцияларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан самарали парламент назоратини амалга ошириш, қабул қилинаётган қонунлар, муҳим давлат дастурларининг ижросини сўзсиз таъминлаш борасидаги фаолиятини сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқишга ҳуқуқий шарт--шароитлар яратиб беради.

Шунингдек, янги Қонун пировардида парламент, депутатлар назорати ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини рўёбга чиқариш самарадорлигини юксалтиришга, аҳолининг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини янада тўлиқроқ таъминлашга, жойларда муаммоларни оқилона ҳал этишга ижобий таъсир кўрсатади.

Қолаверса, Қонун асосида парламент ва сиёсий партияларнинг давлат ҳамда жамият қурилишидаги ролини кучайтириш, парламентнинг давлатнинг олий вакиллик органи сифатида, депутатнинг эса халқнинг алоҳида вакили сифатида зиммасига юклатилган вазифани самарали амалга ошириш механизмлари такомиллашди.

Буларнинг барчаси Ўзбекистон миллий давлатчилиги негизида, хусусан, парламент ва давлат ҳокимияти юқори органлари ўртасидаги ўзаро муносабатлар тизимида парламентаризм ғояларининг янада мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради. Бинобарин, ҳар қандай демократик давлат ўз халқи иродасини ифода этади, жамият ҳаёти ҳамда давлатни бошқаришда фуқаролар иштироки кенг таъминланишига интилади.

 

Акмал РАҲМОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси

Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик

масалалари қўмитаси раиси ўринбосари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn