Аҳоли бандлигини таъминлаш депутатлар эътиборида
  • 16 Апрель 2016

Аҳоли бандлигини таъминлаш депутатлар эътиборида

Давлатимиз раҳбари мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида ижтимоий соҳани тараққий топтириш, аҳоли ҳаёт даражаси ва сифатини янада юксалтириш билан боғлиқ масалалар бундан буён ҳам диққат-эътиборда бўлишини алоҳида таъкидлаган эди.

Дарҳақиқат, мустақиллик йилларида ижтимоий соҳага устувор йўналишлардан бири сифатида аҳамият қаратиб келинмоқда. Бу борадаги амалий ишлар юртимизда ижтимоий адолат таъминланишига, фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришлари учун барча зарур шарт-шароит яратилишига имкон бераяпти.

Аҳоли бандлигини таъминлаш масаласи ҳам доимий эътибордаги масалалардан бири бўлиб, ҳар йили ҳукуматимиз томонидан Бандлик дастури ишлаб чиқилиши, унинг парламентда муҳокамадан ўтказилиши ҳамда тасдиқланиши бунинг амалий исботидир.

Бинобарин, 2016 йилда мамлакатимизда Дастур асосида 990 мингга яқин янги иш ўринларини яратиш мўлжалланмоқда. Жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, -хизмат кўрсатиш соҳаларини изчил ривожлантириш ҳисобидан 660 мингдан зиёд иш ўринлари очилади. Олий ўқув юртлари, лицей ҳамда коллежларнинг 510 мингдан зиёд битирувчилари бандлигини таъминлаш кўзда тутилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан Дастурда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида тўлиқ ҳамда самарали бажарилишига катта аҳамият берилмоқда. Чунончи, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг яқинда бўлиб ўтган йиғилишида ана шулар хусусида атрофлича сўз юритилиб, Бандлик дастури ижроси устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Унда фракция аъзолари парламент қуйи палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан режалаштирилган Бандлик дастури кўрсаткичларининг Сурхондарё вилоятидаги ижросини ўрганиш мақсадида ушбу вилоятда назорат-таҳлил тадбирини ташкил этиш масаласини атрофлича кўриб чиқдилар.

Депутатлар сайловчилар билан ўтказилган учрашувларда кўтарилган масалалар таҳлили асосида, жойларда мазкур соҳада ҳали ечимини кутаётган муаммолар борлигини таъкидладилар. Вилоятда Бандлик дастури параметрлари ижросини таъминлашда кичик бизнес, шу жумладан, хизмат кўрсатиш соҳасини янада ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишларга алоҳида аҳамият қаратилиши лозимлиги айтиб ўтилди.

Муҳокама жараёнида билдирилган таклиф ҳамда тавсиялар асосида депутатлар томонидан Сурхондарё вилоятида Дастур ижроси самарадорлигини ўрганиш давомида амалга оширилиши лозим бўлган аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Дастурнинг изчил ижро этилишида маҳаллий Кенгаш депутатларини кенг жалб қилиш, улардаги депутатлик гуруҳларининг ҳам эътиборини қаратиш лозимлигига урғу берилди.

Йиғилиш якунида билдирилган фикр ва мулоҳазалар асосида фракциянинг тегишли таклифлари ишлаб чиқилди ва масъул қўмитага тақдим этилди.

 

Зиёда АШУРОВА. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn